Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Спорт соҳасида коррупциянинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 20 мартда қабул қилинган
Сенат томонидан 2024 йил 18 майда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда спортни оммалаштириш, спорт турларини янада ривожлантириш ва спорт инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга ҳозирги вақтда мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларига спортдаги коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган янги нормаларни киритиш зарурияти юзага келмоқда.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олганлиги ёки мулкий манфаатдор бўлганлиги, шунингдек спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларини пора эвазига оғдириб олганлик учун жавобгарликни белгиловчи қўшимчалар киритилмоқда.
Ушбу Қонун миллий қонунчилигимизни замонавий халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда такомиллаштиришга, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга, спорт соҳасидаги жиноятларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга, шунингдек республикамизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2012-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 1, 3-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, № 9, 144-модда; 1997 йил, № 2, 56-модда, № 9, 241-модда; 1998 йил, № 5-6, 102-модда, № 9, 181-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда, № 5, 124-модда, № 9, 229-модда; 2000 йил, № 5-6, 153-модда; 2001 йил, № 1-2, 23-модда, № 9-10, 165-модда; 2002 йил, № 9, 165-модда; 2003 йил, № 1, 8-модда, № 9-10, 149-модда; 2004 йил, № 1-2, 18-модда, № 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 9, 314-модда, № 12, 417, 418-моддалар; 2006 йил, № 6, 261-модда, № 12, 656-модда; 2007 йил, № 4, 158, 166-моддалар, № 6, 248-модда, № 9, 416, 422-моддалар, № 12, 607-модда; 2008 йил, № 4, 187, 188, 189-моддалар, № 7, 352-модда, № 9, 485, 487, 488-моддалар, № 12, 640, 641-моддалар; 2009 йил, № 1, 1-модда, № 4, 128-модда, № 9, 329, 334, 335, 337-моддалар, № 12, 470-модда; 2010 йил, № 5, 176, 179-моддалар, № 9, 341-модда, № 12, 471, 477-моддалар; 2011 йил, № 1, 1-модда; 2012 йил, № 4, 108-модда, № 9/1, 242-модда, № 12, 336-модда; 2013 йил, № 4, 98-модда, № 10, 263-модда; 2014 йил, № 1, 2-модда, № 5, 130-модда, № 9, 244-модда, № 12, 343-модда; 2015 йил, № 6, 228-модда, № 8, 310, 312-моддалар, № 12, 452-модда; 2016 йил, № 4, 125-модда, № 9, 276-модда, № 12, 383, 385-моддалар; 2017 йил, № 3, 47-модда, № 6, 300-модда, № 9, 506, 510-моддалар; 2018 йил, № 1, 4-модда, № 4, 218, 224-моддалар, № 7, 430-модда, № 10, 679-модда; 2019 йил, № 1, 3, 5-моддалар, № 3, 161-модда, № 5, 259, 267, 268-моддалар, № 7, 386-модда, № 8, 471-модда, № 9, 592-модда, № 11, 787-модда, № 12, 880-модда; 2020 йил, № 1, 4-модда, № 3, 204-модда, № 7, 449-модда, № 10, 593-модда, № 11, 651-модда, № 12, 691-модда; 2021 йил, № 1, 5, 14-моддалар, № 2, 142, 144-моддалар, № 3, 217-модда, 4-сонга илова, № 8, 800, 803-моддалар, № 10, 966, 968, 973-моддалар, № 12, 1193-модда; 2022 йил, № 2, 81-модда, № 3, 215, 216-моддалар, № 4, 337-модда, № 5, 464, 466-моддалар, № 6, 575-модда, № 10, 981-модда; 2023 йил, № 3, 184, 185, 187, 188-моддалар, № 4, 265-модда, № 5, 319-модда, № 10, 798-модда, № 11, 921-модда; 2024 йил, № 1, 8-модда, № 2, 111-модда) қуйидаги мазмундаги 2141 ва 2142-моддалар билан тўлдирилсин:
«2141-модда. Спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши
Спорт мусобақалари натижаларини ёки уларнинг боришини қасддан ўзгартириш мақсадида спортчининг, тренернинг, спорт ҳакамининг ёхуд спорт мусобақалари бошқа иштирокчиларининг ва ташкилотчиларининг улар бажариши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора эвазига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёхуд бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши, ушбу Кодекснинг 210 ва 214-моддаларида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжуд бўлмаганда, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) такроран;
б) кўп миқдорда;
в) тамагирлик йўли билан;
г) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) жуда кўп миқдорда;
б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
2142-модда. Спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларини пора эвазига оғдириб олиш
Спорт мусобақалари натижаларини ёки уларнинг боришини қасддан ўзгартириш мақсадида спортчига, тренерга, спорт ҳакамига ёхуд спорт мусобақаларининг бошқа иштирокчилари ва ташкилотчиларига улар бажариши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора эвазига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёхуд бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар бериш ёки уларни мулкий манфаатдор этиш, ушбу Кодекснинг 211 ва 213-моддаларида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжуд бўлмаганда, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) такроран;
б) кўп миқдорда;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) жуда кўп миқдорда;
б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Агар моддий қимматликлар берган ёки мулкий манфаатдор этган шахсга нисбатан моддий қимматликлар ёки мулкий манфаат сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка ичида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлса ва жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади».
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 4 ноябрь,
ЎРҚ-988-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.11.2024 й., 03/24/988/0885-сон)