Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Халқаро шартномаларга қўшилиш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасига мувофиқ:
1. Қуйидагиларга:
Умумжаҳон почта иттифоқининг умумий регламентига иккинчи қўшимча баённомага (Аддис-Абеба, 2018 йил 7 сентябрь);
Умумжаҳон почта иттифоқининг умумий регламентига учинчи қўшимча баённомага (Абиджан, 2021 йил 26 август);
Умумжаҳон почта конвенциясига (Абиджан, 2021 йил 26 август);
Умумжаҳон почта конвенциясига якуний баённомага (Абиджан, 2021 йил 26 август);
Почта тўлов хизматлари тўғрисидаги битимга (Абиджан, 2021 йил 26 август);
Почта тўлов хизматлари тўғрисидаги битимга якуний баённомага (Абиджан, 2021 йил 26 август) қўшилинсин.
2. Рақамли технологиялар вазирлиги мазкур халқаро шартномаларнинг амалга оширилиши учун масъул бўлган ваколатли орган этиб белгилансин.
3. Ташқи ишлар вазирлиги Умумжаҳон почта иттифоқи Халқаро бюросининг Бош директорига Ўзбекистон Республикасининг мазкур халқаро шартномаларга қўшилганлиги тўғрисида тегишли билдиришнома юборсин.
4. Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартномалар кучга киргандан кейин уларнинг қоидалари бажарилиши устидан белгиланган тартибда назоратни таъминласин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 16 октябрь,
ПҚ-362-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.10.2024 й., 07/24/362/0826-сон)