Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг
буйруғи
Ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторларининг ҳисоботини фуқаролар йиғинларида эшитиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил 15 октябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2930-1]
Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 6 майдаги ЎРҚ-838-сон «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ва 2023 йил 4 октябрдаги ЎРҚ-870-сон «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига соғлиқни сақлаш органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликнинг хабардорлигини оширишга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 13 июндаги 334-сон «Маҳаллалар фаолиятини тартибга солишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2017 йил 6 сентябрдаги 193-сон буйруғи (рўйхат рақами 2930, 2017 йил 13 сентябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 37-сон, 1021-модда) билан тасдиқланган Ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторларининг ҳисоботини фуқаролар йиғинларида эшитиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир П. БОБОЖОНОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 17 сентябрь,
460-сон
Келишилди:
Раиснинг биринчи ўринбосари Ж. ИНАГАМОВ
2024 йил 12 сентябрь
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2024 йил 17 сентябрдаги 460-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторларининг ҳисоботини фуқаролар йиғинларида эшитиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар
1. 3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. Профилактика инспекторининг ҳисоботини эшитиш фуқаролар йиғини раиси, унинг маслаҳатчилари, таълим муассасалари, оилавий поликлиникалар, оилавий шифокор пунктлари вакиллари, фуқаролар йиғинидаги хонадонларда, кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли, ички ишлар органининг ушбу ҳудудга масъул этиб бириктирилган раҳбари иштирокида амалга оширилади.».
2. 5-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«5. Профилактика инспекторининг ҳисоботини эшитиш бўйича ўтказиладиган йиғин фуқаролар йиғини раиси томонидан олиб борилади. Йиғин баённомаси фуқаролар йиғини раиси, фуқаролар йиғини масъул котиби, ички ишлар органининг ушбу ҳудудга масъул этиб бириктирилган раҳбари томонидан имзоланади.».
3. 7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«7. Профилактика инспекторлари қуйидаги асосий йўналишлар бўйича ҳисобот беради:
маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсиз муҳитни таъминлаш;
маҳалла ҳудудидаги криминоген вазиятни мунтазам равишда ўрганиб бориш, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш бўйича қонунчиликда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш;
аҳоли, айниқса, ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш;
тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган фуқароларга ҳимоя ордерини бериш ва назоратни ўрнатиш;
вояга етмаганлар ва ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, терроризм, экстремизм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоялашга йўналтирилган ишларни амалга ошириш;
бириктирилган ҳудудида паспорт режими қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш;
пробация ҳисобида турган шахсларни хулқ-атворини назорат қилиш, ўрнатилган чекловларга риоя этишини текшириш, шунингдек, янги жиноят содир этишининг олдини олишда пробация инспекторларига кўмаклашиш;
узоқ муддатга кетган шахслар ҳисобини юритиш, уларнинг қариндошлари билан ишлаш, узоқ муддат мобайнида чет элда бўлиб қайтган шахслар билан профилактик ишларни амалга ошириш.».
4. 10-банддан «(оқсоқол)» деган сўз чиқариб ташлансин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.10.2024 й., 10/24/2930-1/0823-сон)