Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қўшма қарори
Қурилиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. Мирзиёев раислигида 2024 йил 23 сентябрь куни қурилиш индустрияси ва қурилиш материаллари тармоғини ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида қурилиш соҳасидаги долзарб масалалар, шу жумладан, соҳага доир стандарт ва ёндашувларни бугунги кун талаблари асосида такомиллаштириш ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини мунтазам янгилаб бориш бўйича устувор вазифалар ва йўналишлар белгилаб берилди.
Мазкур вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилишида вакиллик органларининг фаол иштирокини таъминлаш, хусусан, қурилиш соҳасига оид амалдаги қонунчиликни ҳар томонлама кўриб чиқиш ҳамда илғор хорижий давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда такомиллаштириш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш муҳим аҳамият касб этади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қиладилар:
1. Қурилиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ (бундан буён матнда Ишчи гуруҳ деб юритилади) иловага мувофиқ таркибда тузилсин.
2. Ишчи гуруҳ Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан биргаликда:
шаҳарсозлик ва қурилиш соҳасига оид қонун ҳужжатларини тўлиқ хатловдан ўтказсин;
илғор хорижий давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрласин;
таклифларни бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашига ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашига тақдим этсин.
3. Ушбу Қўшма қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Хаитов ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
4. Мазкур Қўшма қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 25 сентябрь,
4887-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2024 йил 25 сентябрь,
КҚ-823-IV-сон