Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Маҳаллий метиз ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Ички ва ташқи бозорда барқарор талабга эга бўлган метиз ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ишлаб чиқарувчиларни навли прокат хомашёси билан мунтазам таъминлаш ва янги иш ўринларини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Белгилансинки, 2030 йил 1 январга қадар метиз ишлаб чиқарувчиларга «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖ ва «Тошкент товар хомашё биржаси» АЖ савдолари орқали «Ўзметкомбинат» АЖ томонидан ишлаб чиқарилган пўлат сим харид қилиш учун тўловларни 90 кун ичида кечиктириб тўлаш шарти билан сотиш тартиби жорий этилади.
(1-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 9 июндаги ПФ-108-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.06.2026 й., 06/26/108/0579-сон)
Бунда:
а) харид қилинадиган пўлат сим учун тўловларни маҳсулот нархининг 25 фоизини бўнак тарзида, қолган 75 фоизини маҳсулот олинганидан сўнг 90 кун ичида кечиктириб тўлаш шарти билан уни сотишга рухсат этилади;
б) кечиктириб тўлаш шарти билан харид қилинган пўлат сим учун тўловни таъминлаш мақсадида истеъмолчилар томонидан банк кафолати ёки кафиллиги берилади;
в) биржа савдоларига чиқариладиган пўлат сим маркалари ва савдоларда иштирок этувчи метиз ишлаб чиқарувчилар рўйхати Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси томонидан биргаликда тасдиқланади;
г) кечиктириб тўлаш имконияти берилган ҳар бир кун учун тўланиши лозим бўлган тўловлар суммаси қуйидагича белгиланади:
30 кун ичида тўланган тўловлар қисмига — фоиз ҳисобланмайди;
31 кундан 60 кунгача тўланган тўловлар қисмига — Марказий банк асосий ставкасининг 50 фоизи миқдорида фоиз ҳисобланади;
61 кундан 90 кунгача тўланган тўловлар қисмига — Марказий банк асосий ставкаси миқдорида фоиз ҳисобланади.
2. Белгилаб қўйилсинки, «Савдони ривожлантириш компанияси» АЖ томонидан метиз ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириш мақсадида уларга тижорат банклар орқали 18 ой муддатгача йиллик 4 фоизли ставкадан (шундан 2 фоизи тижорат банки маржаси) ошмаган миқдорда имтиёзли кредитлар ажратиш учун молиявий ресурслар йўналтирилади.
Бунда метиз ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг охирги 12 ой давомида қилган экспорт ҳажми:
5 миллион АҚШ долларигача бўлганда — 1 миллион АҚШ долларигача;
5 миллион АҚШ долларидан 10 миллион АҚШ долларигача бўлганда — 2 миллион АҚШ долларигача;
10 миллион АҚШ долларидан 15 миллион АҚШ долларигача бўлганда — 3 миллион АҚШ долларигача;
15 миллион АҚШ долларидан 20 миллион АҚШ долларигача бўлганда — 4 миллион АҚШ долларигача;
20 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлганда — 5 миллион АҚШ долларигача тижорат банклари орқали кредитлар ажратилади.
3. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳар чорак якуни бўйича мазкур қарорда белгиланган топшириқлар ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 30 сентябрь,
615-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.10.2024 й., 09/24/615/0774-сон; 10.06.2026 й., 06/26/108/0579-сон)