Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
қарори
Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза ҳақидаги ахборотини эшитиб, мамлакатда коррупцияга қарши курашиш соҳасида 2023 йилда муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Хусусан, ҳисобот даврида коррупцияга қарши курашиш соҳасини янада такомиллаштиришга қаратилган 10 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, улардан 4 таси қабул қилинган.
Бунинг натижасида 114 та давлат органи ва ташкилоти, шунингдек, банкларда 1477 та штат бирлигидан иборат коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг фаолияти йўлга қўйилган.
Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати 5 тага (35 тадан 40 тага) кенгайтирилган.
Аҳолига хизмат кўрсатишда коррупция ҳолатларининг олдини олишга қаратилган «Онлайн маҳалла», «Аҳоли томорқаси», «Онлайн-бозор», давлат хизматчиларини онлайн режимда ўқитишга мўлжалланган «Опен Дата» платформалари ишга туширилган.
Давлат буюртмачилари томонидан давлат харидларини рақобатли тарзда амалга оширилиши натижасида 8,2 трлн сўм иқтисод қилинган.
Республиканинг 9,4 мингдан ортиқ маҳаллаларида 280 минг ёшлар иштирокида 6371 та тренинг машғулоти ўтказилган, «Аксилкоррупция ойлиги» доирасида 20 та семинар, 100 дан ортиқ ташкилотларда «Очиқ эшиклар куни» тадбири ташкил этилган.
Шунингдек, хорижий ҳамкорлар билан коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида 4 та ҳамкорлик меморандуми имзоланган ва 5 та халқаро тадбир ўтказилган.
«Transparency International» халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан 2023 йил якунлари бўйича Коррупцияни қабул қилиш индексида мамлакатимиз ўрни 5 поғонага, «World Justice Project» ташкилотининг Ҳуқуқ устуворлиги индексида 2 поғонага, Бошқарув сифати индикаторларида 15 поғонага, Ҳукумат очиқлиги бўйича «Open Data Inventory» рейтингида 15 поғонага кўтарилган.
Амалга оширилган ишларга қарамасдан, соҳада ечимини кутаётган айрим муаммо ва камчиликлар ҳам сақланиб қолмоқда.
Жумладан, 2023 йилда республика бўйича судлар томонидан 6 535 нафар шахс коррупцияга оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига 1,4 трлн сўм миқдорида зарар етказилган. Ушбу зарарнинг фақат 745 млрд сўми ёки 51 фоизи қопланган.
Давлат манфаатларига етказилган зарарнинг юқори улуши Андижон (243 млрд сўм), Наманган (194 млрд сўм), Қашқадарё (143 млрд сўм) ва Тошкент вилоятларига (132 млрд сўм) тўғри келган.
Коррупцияга оид жиноятлар сони Сурхондарё (9,9 фоиз) ва Андижон (6,4 фоиз) вилоятларида ортган. Коррупцияга оид жиноят ишлари бўйича судланган шахсларнинг аксарияти мактабгача ва мактаб таълими муассасалари, тижорат банклари, соғлиқни сақлаш ташкилотлари ҳамда ҳокимликлар ходимлари ҳисобланади.
2023 йилда 1 146 нафар муқаддам судланган шахс томонидан коррупцияга оид жиноятлар содир этилган бўлиб, уларнинг 566 нафари муқаддам айнан коррупциявий жиноятлари учун судланган.
Коррупция ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш тизими самарали йўлга қўйилмаганлиги оқибатида 2023 йилда прокуратура органларидан ташқари бирорта ваколатли орган томонидан бундай турдаги рағбатлантириш қўлланилмаган.
Давлат органларида ходимларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига қай даражада риоя қилинаётганлигини назорат қилиб бориш белгиланган бўлса-да, 31 та республика бошқарув органининг марказий аппарати, 14 та тизим ташкилоти, 462 та ҳудудий бўлими, 4 та вилоят ҳокимлиги, 134 та туман (шаҳар) ҳокимлигининг Одоб-ахлоқ комиссиялари томонидан бирор маротаба комиссия йиғилиши ўтказилмаган.
Одоб-ахлоқ қоидалари талабларининг бузилиши интизомий ва бошқа турдаги жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланиши қайд этилган бўлса-да, Одоб-ахлоқ комиссиялари томонидан 202 та ҳолатда (кўрилган ишларнинг 52 фоизи) одоб-ахлоқ қоидалари бузилганлиги бўйича чора қўлланилмаган.
Хусусан, Тоғ-кон саноати ва геология, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик ҳамда Спорт вазирликлари, Ўрмон хўжалиги агентлиги, Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг Одоб-ахлоқ комиссиялари томонидан муҳокама қилинган масалалар бўйича бирор-бир профилактик чоралар кўрилмаган.
Шунингдек, коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларини ташкил этишда айрим идоралар томонидан камчиликларга йўл қўйилган.
Жумладан, ички назорат тизими жорий этилган давлат идораларининг 37 тасида ташкил этилган 996 та штат бирлигидан 172 таси вакант бўлса, 6 та ташкилотнинг 35 нафар ходимига қўшимча вазифалар юклатилган.
Бундан ташқари, 52 та давлат ташкилотининг ички назорат тузилмалари томонидан назорат тадбири ўтказилмаган, шу жумладан уларнинг 21 тасида профилактика ишлари, 36 тасида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш чоралари кўрилмаган.
Хусусан, Сув хўжалиги, Олий таълим, фан ва инновациялар, Транспорт, Энергетика вазирликлари, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясида назорат тадбирлари ўтказилмаган.
Шу билан бирга, 20 та давлат ташкилотида ички назорат тизимини жорий этишга оид идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқилмаган, 13 тасида ички назорат тизими самарали ташкил этилмаган.
Хусусан, Андижон ва Сурхондарё вилояти ҳокимликлари, Ташқи ишлар вазирлиги, Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясида ички назорат тизимини жорий этишга оид идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқилмаган бўлса, 600 мингдан ортиқ ходимлар фаолият юритувчи Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида атиги 5 та штат бирлигидан иборат (вазирлик марказий аппаратида) ички назорат тузилмаси ташкил этилган.
Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш натижаларига кўра, баҳолашдан ўтказилган 95 та давлат ташкилотидан 15 тасининг фаолияти «қониқарсиз» (55 баллдан паст) баҳоланган.
Жумладан, Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (5 балл), Кинематография агентлиги (5 балл), Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (9 балл), Ёшлар ишлари агентлигининг (10 балл) фаолияти паст баҳоланган бўлса, Сурхондарё (32 балл) ва Андижон (48 балл) вилояти ҳокимликлари фаолияти кетма-кет икки йил давомида «қониқарсиз» баҳоланган.
Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини баҳолаш тизими, яъни Очиқлик индекси натижасига кўра, 2023-йил якуни бўйича баҳолашдан ўтказилган 103 та давлат органи ва ташкилотларидан 29 тасининг фаолияти «қизил» (55 баллдан паст) паст самарадорлик кўрсаткични қайд этган.
Хусусан, Кинематография агентлиги 26 балл, Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси 27 балл, Андижон 12 балл, Сурхондарё 50 балл ва Наманган вилояти ҳокимликлари 53 баллга баҳоланиб, «қизил» тоифага киритилган.
Ушбу ҳолатлар коррупцияга қарши курашишга қаратилган фаолиятни янада кучайтириш борасида тегишли чора-тадбирлар кўриш зарурлигини кўрсатади.
Юқоридагиларга асосан «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуннинг 82-моддаси ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Қонуннинг 252-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза ҳақидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги:
коррупцияга оид жиноятларни таҳлил қилган ҳолда жиноятлар кўрсаткичи ошган давлат органлари ва ташкилотларига кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар белгилаш учун тақдимномалар киритиб борсин ҳамда коррупциявий омилларни аниқлаш ва профилактик чораларни белгилашда вазирлик ва идораларга кўмаклашсин.
коррупция ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш тизими бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини жадаллаштирсин, бунда белгиланган талабларни фуқароларга тушунарли ва содда кўринишда етказиш учун махсус видеороликлар тайёрласин ҳамда аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини мунтазам равишда олиб борсин;
ички назорат тузилмалари ходимларига қўшимча вазифалар юклатилишини мониторинг қилиб борсин ҳамда натижаси бўйича камчиликларни бартараф этиш ва ички назорат тузилмаларини мустақил тузилма сифатида ташкил этиш юзасидан таклифлар киритиш билан биргаликда мазкур йўналишда вазирлик ва идораларга кўмаклашсин.
Очиқлик индекси натижаларига кўра «қизил» тоифага киритилган давлат органлари ва ташкилотларига йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича ўз вақтида тақдимномалар киритиб борсин;
коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш натижаларига кўра, фаолият самарадорлиги «қониқарсиз» деб топилган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан коррупцияга қарши курашишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилишига кўмаклашсин;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун айбдор шахсларнинг жавобгарлигини таъминлаш чораларини кўрсин;
амалга оширилган ишлар юзасидан жорий йилнинг 10 декабрига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот киритсин.
3. Тоғ-кон саноати ва геология, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Спорт вазирликлари, Ўрмон хўжалиги агентлиги, Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси:
бир ой муддатда Одоб-ахлоқ комиссиясининг таркибини қайта кўриб чиқсин ва комиссия фаолиятини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирларни белгиласин;
доимий равишда Одоб-ахлоқ комиссиясида муҳокама қилинган масалалар бўйича айбдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилишини таъминлаб борсин.
4. Сув хўжалиги, Олий таълим, фан ва инновациялар, Транспорт, Энергетика, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси:
бир ой муддатда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятини танқидий кўриб чиқсин ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрсин;
доимий равишда ички назорат тузилмалари томонидан назорат тадбирларини ўтказиш бўйича режалар тузилиши ва шунга мувофиқ назорат тадбирларини ўз вақтида ўтказиб борилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги доимий равишда коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига етказилган зарарни айбдор шахслардан тўлақонли ундириш чораларини кўрсин.
6. Масъул вазирлик ва идоралар ҳамда вилоят ҳокимликлари ушбу Қарорнинг ижро этилиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига белгиланган муддатларда ахборот тақдим этсин.
7. Мазкур Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг раиси Н. Умаров зиммасига юклансин.
8. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2024 йил 21 сентябрь,
СҚ-997-IV-сон