Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. Мусаевнинг «2024 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастурининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. Мусаевнинг «2024 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастурининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, жорий йилда мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш ва иқтисодиёт тармоқларида расмий банд бўлган фуқароларни рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 9 январдаги «2024 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастури тўғрисида»ги ПҚ-7-сонли қарори қабул қилинган. Мазкур қарорда жорий йил давомида республика бўйича жами 5 млн. нафар, шу жумладан инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига 246,8 минг, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш эвазига 2 500 минг, қишлоқ хўжалиги соҳасида 2 110,8 минг, қурилиш соҳасида 142,3 минг нафар фуқарони даромадли меҳнат билан таъминлаш вазифаси белгиланган.
Ўтган даврда қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида жами 2 939 минг нафар фуқаро иш билан таъминланган. Уларнинг 1 483 минг нафари доимий, 1 417 минг нафари мавсумий ва 39 минг нафари вақтинчалик ишга жойлаштирилган.
Бандлик органлари томонидан иш ўринларнинг ҳисобини юритиш бўйича «yangiish.mehnat.uz» электрон платформаси ишга туширилган бўлиб, тегишли вазирлик ва идоралар электрон маълумотлар базасига интеграция қилинган.
Меҳнат бозорида рақобатбардош касб-ҳунарларга ўқитиш орқали ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида қўшимча равишда янги 12 та касбга ўқитиш амалиёти йўлга қўйилган.
Шу билан бирга бу борадаги таҳлиллар ҳали ўз ечимини кутаётган қатор масалалар ҳам мавжудлигини кўрсатмоқда. Жумладан, жорий йилда республика бўйича ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун 59 мингта иш ўрни захирага қўйилган бўлса-да, 2024 йилнинг январь — июнь ойларида 19 минг нафар ёки захирадаги иш ўринларига нисбатан 32 фоиз фуқаро ишга жойлаштирилган, холос.
Жорий йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастурларининг республика туманлари (шаҳарлари) кесимидаги ижроси барча ҳудудларда ҳам бирдек самарали таъминланмаяпти. Масалан, 2024 йилнинг январь — июнь ойларида Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида 15,7 минг нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш белгиланган бўлса-да, мазкур вазифа амалда 51 фоизга бажарилган, ушбу кўрсаткич Учтепа туманида 61 фоизни, Сергели туманида 68 фоизни, Арнасой туманида 64 фоизни, Нурафшон шаҳрида 67 фоизни ташкил этмоқда.
Ҳудудий меҳнат органларининг фуқаролар бандлигини таъминлаш борасидаги фаолиятини ҳам қониқарли, деб бўлмайди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан жойларда ўтказилаётган назорат-таҳлил тадбирлари давомида хорижий давлатларда меҳнат қилиб қайтган ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлашда меҳнат органларининг ўрни етарли даражада сезилмаяпти. Айрим ҳолларда, фақат мониторинг ишларини олиб бориш билан чекланиб қолинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан меҳнат ресурслари балансини шакллантириш ҳамда аҳоли бандлиги ва ишсизлик ҳисобини юритиш услубияти лойиҳа сифатида ишлаб чиқилган бўлса-да, ушбу услубиятини амалиётга татбиқ этиш борасидаги ишлар кечикмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 9 январдаги ПҚ-7-сонли қарори билан тасдиқланган «Йўл харитаси»да белгиланган жойларда юқори даромадли иш ўринларини ташкил этиш ва уларга мос мутахассисларни тайёрлаш тизимини жорий этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни республика ва халқаро конференцияларда муҳокама қилиш борасидаги вазифалар ижроси бугунги кунга қадар таъминланмасдан келмоқда.
Муҳокамалар давомида депутатлар аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш, фуқароларнинг даромадларини ошириш орқали камбағалликни қисқартириш борасида таъсирчан чора-тадбирлар кўриш зарурлигини алоҳида қайд этиб ўтдилар.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. Мусаевнинг «2024 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастурининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги (Б. Мусаев):
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 9 январдаги «2024 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастури тўғрисида»ги ПҚ-7-сонли қарорида белгиланган вазифаларнинг ижросини ўз муддатида ва сифатли таъминлаш;
ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш борасидаги ишларни янада самарали йўлга қўйиш;
2024 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашишда паст кўрсаткич қайд этилган туманлар (шаҳарлар) бўйича танқидий муҳокамалар ўтказиш ҳамда бу борадаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш;
ҳудудларда хорижий давлатлардан қайтиб келган фуқароларни ишга жойлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар устидан доимий мониторинг олиб бориш;
маҳаллий ва хорижлик экспертлар иштирокида юқори даромадли иш ўринларини ташкил этиш ҳамда уларга мос мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган республика ва халқаро конференцияларни ўтказиш;
амалга оширилган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳар чорак якуни бўйича маълумотлар киритиб бориш чораларини кўрсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига 2024 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастурининг ижроси доирасида ҳудудларда амалга оширилаётган ишларни тизимли равишда муҳокама қилиб бориш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларнинг ижроси устидан таъсирчан парламент назоратини олиб борсин.
5. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. Иноятов зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 6 август,
4699-IV-сон