Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши ва унинг ижроси устидан назоратни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида
Республикада камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя соҳасида қонунчилик ижросини таъминлаш ҳамда унинг амалга оширилиши устидан назорат қилишга масъул вазирлик ва идораларнинг ўзаро мувофиқлаштирилган фаолиятини ташкил этиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобидан:
Камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши ва унинг ижроси устидан назоратга масъул бўлган Бош прокурор ўринбосари лавозими киритилсин;
Бош прокуратуранинг ташкилий-штат тузилмасида 7 та штат бирлигидан иборат Камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси ташкил этилсин;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураларида жами 28 та штат бирлигидан иборат Камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бўлинмалари ташкил этилсин.
2. Янги киритилаётган Бош прокурор ўринбосари зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилсин:
Агентлик ҳузуридаги Ижтимоий инспекция билан биргаликда ҳар ҳафтада камида битта туман (шаҳар)га бориб, камбағал оилаларни реестрга киритиш ва чиқаришнинг ҳаққонийлигини ўрганиш;
камбағал оилаларга берилаётган маблағлар эгасига манзилли етиб боришини назорат қилиш;
камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида зиммасига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармаган масъулларга нисбатан қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини таъминлаш;
ижтимоий ҳимоя ва камбағалликни қисқартириш соҳасида қабул қилинаётган қонунлар талаблари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва қарорларида белгиланган топшириқлар ижросини назорат қилиш.
3. Агентлик Бош прокуратура билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
4. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Т. Йўлдошев ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси М.П. Оллоёров белгилансин.
Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари М.П. Оллоёров ва Д.Б. Кадиров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 11 сентябрь,
ПФ-136-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.09.2024 й., 06/24/136/0703-сон)