Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармасини тугатиш чоралари тўғрисида
Ободонлаштириш соҳасида бошқарув фаолиятини самарали йўлга қўйиш ва мақбуллаштириш, ортиқча ва бир-бирини такрорловчи функцияларни тугатиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлигининг Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармасини (кейинги ўринларда — Бош бошқарма) тугатиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Тошкент вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда Бош бошқармага тегишли бино ва иншоотлар, автотранспорт воситалари ҳамда товар-моддий активларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, Тошкент вилояти ҳокимлигига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида ўтказилишини таъминласин.
3. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги Бош бошқарманинг тугатилиши натижасида ишдан бўшатиладиган ходимларни иш билан таъминлаш ва ижтимоий муҳофаза қилиш чораларини кўрсин.
4. Тошкент вилояти ҳокимлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда Ободонлаштириш бош бошқармасини тугатилиши муносабати билан мақбуллаштирилаётган штат бирликлари ҳисобидан 20 та штат бирликлари ва иш ҳақи харажатлари учун талаб этиладиган маблағларни Чирчиқ шаҳар ободонлаштириш бошқармасига ўтказилишини таъминласин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент вилоятида ободонлаштириш ишларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 21 ноябрдаги 931-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ва Тошкент вилояти ҳокими З.Т. Мирзаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 9 сентябрь,
556-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.09.2024 й., 09/24/556/0697-сон)