Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Баҳолаш фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 27 февралда қабул қилинган
Сенат томонидан 2024 йил 18 майда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда суд-экспертлик ва баҳолаш фаолиятини янада ривожлантиришга, қонун устуворлигини таъминлашга ҳамда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга, шунингдек мамлакатимизнинг халқаро рейтинглар ва индекслардаги кўрсаткичларини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга бугунги кунда амалдаги қонунчилик ҳужжатларида баҳолаш фаолиятини тартибга солувчи айрим бўшлиқларнинг мавжудлиги уларнинг қайта кўриб чиқилишини талаб этмоқда.
Хусусан, суд экспертлари ва баҳоловчи ташкилотлар учун баҳолашнинг умумий қоидалари ҳамда тартиб-таомиллари белгиланмаган бўлиб, бу тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш заруратини юзага келтирмоқда.
Ушбу Қонун билан «Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига баҳоловчи назорат қилувчи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширишларда ва бошқа тадбирларда фақат баҳоловчи ташкилот ҳамда ушбу органлар ўртасида тузилган шартнома асосида эксперт сифатида ҳам иштирок этиши мумкинлигини назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда.
Бундан ташқари «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча киритилиб, унга мувофиқ камида уч йил иш стажига эга бўлган суд экспертлари баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларда қўлланилган усулларнинг илмий жиҳатдан асосланганлиги нуқтаи назаридан суд экспертизасини ўтказиши мумкин. Шунингдек суд экспертининг текширишларни ўтказишда унинг хулосасига нисбатан белгиланган талабларга, шунингдек тегишли соҳадаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этиш бўйича мажбурияти назарда тутилмоқда.
Ушбу Қонун баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ишончлилигини текшириш чоғида муаммоларни бартараф этишга, фуқароларнинг ортиқча харажатларини камайтиришга, шунингдек республикамизда мол-мулкнинг ҳақиқий қийматини аниқлашга доир ягона ёндашувни жорий этишга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 19 августда қабул қилинган «Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги 811-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, № 9, 208-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 4, 154-модда; 2009 йил, № 4, 135-модда; 2014 йил, № 5, 130-модда; 2015 йил, № 8, 312-модда; 2017 йил, № 6, 300-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 10, 968-модда; 2022 йил, № 6, 577-модда) 42-моддасининг тўртинчи қисми «мутахассис» деган сўздан кейин «ёки эксперт» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 1 июнда қабул қилинган «Суд экспертизаси тўғрисида»ги ЎРҚ-249-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 йил, № 6, 230-модда; 2016 йил, № 9, 276-модда; 2017 йил, № 9, 510-модда; 2019 йил, № 5, 261, 267-моддалар; 2021 йил, 4-сонга илова) қуйидаги қўшимчалар ва ўзгартириш киритилсин:
1) 11-модда қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларда қўлланилган усулларнинг илмий жиҳатдан асосланганлиги нуқтаи назаридан суд экспертизаси камида уч йил иш стажига эга бўлган суд экспертлари томонидан ўтказилишига йўл қўйилади»;
2) 16-модданинг биринчи қисми:
қуйидаги мазмундаги саккизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«текширишларни ўтказишда суд экспертининг хулосасига нисбатан белгиланган талабларга, шунингдек тегишли соҳадаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этиши»;
саккизинчи хатбошиси тўққизинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
4-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
5-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 26 август,
ЎРҚ-945-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.08.2024 й., 03/24/945/0653-сон; 12.06.2026 й., 03/26/1152/0597-сон)