Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Тошкент тиббий-генетик илмий маркази — «Академик Н.П. Бочков номидаги тиббий-генетик илмий маркази» Федерал давлат бюджет илмий муассасаси бўлинмасини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 7 сентябрдаги ПҚ-4440-сон қарорига мувофиқ халқаро талаб ва стандартлар асосида юқори малакали тиббий-генетик кадрларни тайёрлаш ҳамда соҳада илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Фанлар академиясининг Иммунология ва инсон геномикаси институти ҳамда Россия Федерациясининг «Академик Н.П. Бочков номидаги тиббий-генетик илмий маркази» Федерал давлат бюджети илмий муассасаси (кейинги ўринларда — бош муассаса) ўртасида Тошкент тиббий-генетик илмий маркази — «Академик Н.П. Бочков номидаги тиббий-генетик илмий маркази» Федерал давлат бюджети илмий муассасасининг бўлинмасини (кейинги ўринларда — Бўлинма) ташкил этиш тўғрисида битим имзоланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Тошкент шаҳрида Россия Федерациясининг «Академик Н.П. Бочков номидаги тиббий-генетик илмий маркази» Федерал давлат бюджети илмий муассасасининг юридик шахс бўлган Тошкент тиббий-генетик илмий маркази — «Академик Н.П. Бочков номидаги тиббий-генетик илмий маркази» Федерал давлат бюджети илмий муассасасининг бўлинмаси ташкил этилсин.
3. Қуйидагилар Бўлинманинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
тиббий генетика соҳасида янги билимларни ўзлаштиришга қаратилган фундаментал, қидирув ва амалий (шу жумладан, клиник) илмий тадқиқотларни амалга ошириш;
халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ юқори малакали илмий ва тиббий кадрлар тайёрлаш тизимида иштирок этиш;
фан ва таълимнинг халқаро илмий-тадқиқот ва таълим йўналишига интеграциялашувга кўмаклашиш.
4. Белгилансинки:
Бўлинма «Академик Н.П. Бочков номидаги тиббий-генетик илмий маркази» Федерал давлат бюджети илмий муассасасининг алоҳида бўлинмаси бўлиб, халқаро талаб ва стандартлар асосида тиббиёт соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказувчи ташкилот ҳисобланади;
Бўлинмага бош муассаса томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ижрочи директор раҳбарлик қилади;
Бўлинмага жалб этиладиган профессор-ўқитувчи ходимларнинг хизмат сафарларига Россия Федерациясида, шунингдек бош муассаса ва Бўлинма ўртасида белгиланган тартиб бўйича ҳақ тўланади.
5. Қуйидагилар Бўлинма фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
«Академик Н.П. Бочков номидаги тиббий-генетик илмий маркази» Федерал давлат бюджет илмий муассасасининг маблағлари;
илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловлар натижаларига кўра ажратиладиган грантлар;
халқаро молия институтлари ва ташкилотларининг грантлари;
шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
6. Фанлар академияси бош муассаса билан биргаликда бир ой муддатда Бўлинма уставини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш чораларини кўрсин.
7. Белгилаб қўйилсинки:
Бўлинмага Тошкент шаҳрининг Миробод тумани Яҳё Ғуломов кўчасидаги 74-уй манзилида жойлашган Фанлар академиясининг Иммунология ва инсон геномикаси институтига тегишли бино ва хоналарнинг бир қисми текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади;
фойдаланишга берилган бино ва иншоотлар ҳамда уларга тегишли ҳудудни сақлаш билан боғлиқ барча харажатлар, шу жумладан коммунал хизматлар бўйича тўловлар Бўлинма маблағлари ҳисобидан қопланади.
Бунда Бўлинма жойлаштириладиган Фанлар академиясининг Иммунология ва инсон геномикаси институти бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, таъмирлаш, шунингдек, Бўлинмани зарур мебель, инвентарь, асбоб-ускуналар, компьютер, техника ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлашга доир молиялаштириш лойиҳалари бош муассаса маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши инобатга олинсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Б.С. Юлдашев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 16 август,
513-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.08.2024 й., 09/24/513/0631-сон)