16.08.2024 йилдаги 514-сон
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Табиат уйғунлиги ҳимоячиси» ва «Энг тоза маҳалла» танловларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 4 январдаги ПФ-5-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, чиқинди ва тозалаш ишлари соҳалари ходимларини рағбатлантириш ҳамда маҳаллаларни тоза ва чиқиндилардан холи ҳудудга айлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 4 январдаги ПФ-5-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг:
а) санитар тозалаш корхоналарининг чиқиндиларни юклаш, ташиш, жойлаштириш ва саралаш ишларини бажарадиган ишчилари ҳамда ободонлаштириш бошқармаларининг тозалаш ишлари билан шуғулланувчи, узоқ вақт (камида 10 йил) ва садоқатли меҳнат қилган ишчилари учун ҳар йили «Табиат уйғунлиги ҳимоячиси» танловини ўтказиш;
б) ҳар йили «Энг тоза маҳалла» танловини ўтказиш ва танловда ғолиб бўлган 14 та маҳаллага Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан:
маҳалланинг тегишли жамғармасига чиқинди йиғиш майдончаларини қуриш, маҳалладаги ижтимоий объектларга чиқинди контейнерларини ўрнатиш ва дарахтларни экиш учун жами 500 млн сўмдан ўтказиб бериш;
хизматда фойдаланиш учун 1 тадан электромобиль харид қилиш ва топшириш чораларини кўриш;
в) санитар тозалаш корхоналарининг чиқиндиларни юклаш, ташиш, жойлаштириш ва саралаш ишларини бажарадиган ишчилари ҳамда ободонлаштириш бошқармаларининг тозалаш ишлари билан шуғулланувчи ишчиларига, экофаолларга ҳамда жамоатчилик экология назоратчиларига Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар ой 100 тадан велосипед ва бошқа мукофотларни бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
«Табиат уйғунлиги ҳимоячиси» танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
«Энг тоза маҳалла» танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги:
2024 йил 1 сентябрдан бошлаб санитар тозалаш корхоналарининг чиқиндиларни юклаш, ташиш, жойлаштириш ва саралаш ишларини бажарадиган ишчилари ҳамда ободонлаштириш бошқармаларининг тозалаш ишлари билан шуғулланувчи ишчилари, шунингдек, экофаоллар ва жамоатчилик экология назоратчиларининг 100 нафарини ҳар ойда бир марта велосипед ва бошқа мукофотлар билан тақдирлаш амалиётини йўлга қўйсин;
икки ой муддатда санитар тозалаш корхоналари ва ободонлаштириш бошқармалари ишчилари, экофаоллар ва жамоатчилик экология назоратчиларини ҳар ойда тақдирлаш тартиби ҳамда баҳолаш мезонларини тасдиқласин ва вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинишини таъминласин.
4. Белгилансинки, мазкур қарорда назарда тутилган тадбирлар доирасида:
харажатлар Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;
давлат харидлари қонунчиликда белгиланган харид қилиш тартиб-таомиллари натижаларига кўра амалга оширилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги 2025 йил 31 декабрга қадар манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар билан биргаликда 2024 йил тажрибасидан келиб чиқиб, мазкур қарор билан белгиланган рағбатлантириш чораларига оид маълумотларни ва ушбу рағбатлантириш тадбирларини кейинги йилларда давом эттириш мақсадга мувофиқлиги юзасидан таклифларни белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Бунда Экология жамғармаси даромадлари ва харажатларининг баланслашганлиги ҳамда долзарб харажатлар устувор равишда молиялаштирилиши инобатга олинсин.
6. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига ушбу қарор ижроси билан боғлиқ тадбирларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш тавсия этилсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ҳамда Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 16 август,
514-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 августдаги 514-сон қарорига
1-ИЛОВА
«Табиат уйғунлиги ҳимоячиси» танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом санитар тозалаш корхоналарининг чиқиндиларни юклаш, ташиш, жойлаштириш ва саралаш ишларини бажарадиган ҳамда ободонлаштириш бошқармаларининг тозалаш ишлари билан шуғулланувчи узоқ вақт (камида 10 йил) ва садоқатли меҳнат қилган ходимлари ўртасида «Табиат уйғунлиги ҳимоячиси» танловини (кейинги ўринларда — танлов) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) танлов ташкилотчиси ҳисобланади.
3. Қуйидагилар танловни ўтказишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
аҳоли орасида экологик билим ва маданиятни тарғиб қилиш;
аҳолининг табиатни асраш борасидаги билим ва кўникмаларини ошириш;
чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишнинг экологик хавфсиз тизимини такомиллаштириш;
чиқиндиларнинг аҳоли саломатлигига ва атроф-муҳитга салбий таъсирининг олдини олиш;
соҳада кўп йиллар садоқат билан фаолият юритиб келаётган ходимлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш;
кўп йиллар фаолият юритиб келаётган соҳа ходимларининг фарзандлари ва невараларининг таълим олишини қўллаб-қувватлаш.
4. Танлов ушбу Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ ўтказилади.
2-боб. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби
5. Вазирлик ҳар йили 1 сентябрга қадар танлов ҳақида ўз расмий веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон беради.
6. Танловни ўтказиш учун ҳар йили сентябрь ойида қуйидаги таркибда комиссия ташкил этилади:
Вазирликнинг тегишли соҳавий таркибий бўлинмасига раҳбарлик қилувчи ўринбосари — раис;
Вазирлик марказий аппаратининг тегишли таркибий бўлинмаси бошлиғи — раис ўринбосари;
Вазирлик марказий аппаратининг тегишли таркибий бўлинмаси ходими (1 нафар);
Вазирлик ҳузуридаги Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази ходими (1 нафар);
соҳавий нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари (2 нафар);
Вазирлик марказий аппаратининг тегишли соҳавий таркибий бўлинмаси ходими — котиб.
7. Комиссия регламенти Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири (кейинги ўринларда — вазир) томонидан тасдиқланади.
8. Танловда иштирок этиш учун:
санитар тозалаш корхоналари — чиқиндиларни юклаш, ташиш, жойлаштириш ва саралаш ишларини бажарадиган ходимлар орасидан;
ободонлаштириш бошқармалари — тозалаш ишлари билан шуғулланувчи ходимлар орасидан узоқ вақт (камида 10 йил) фаолият юритган 3 нафардан номзодларни тавсия этган ҳолда, 1 октябрга қадар Вазирликка ариза билан мурожаат қилади.
Бунда умумий рағбатлантириш квотаси тенг тақсимланиши ҳамда йўналишлар бўйича тақсимот эллик фоиздан ошмаслиги устувор сифатида белгиланади.
9. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
номзоднинг биометрик паспорти (идентификацияловчи ID-картаси) нусхаси;
3х4 см ҳажмдаги рангли фотосурати;
маълумотномаси (объективка);
сўнгги уч йил давомидаги фаолияти, шу жумладан, алоҳида ташаббуслари акс эттирилган тавсифнома;
фарзанди ёки неварасининг тўлов-контракт асосида давлат олий таълим муассасасида таълим олаётганлиги ҳақида маълумотнома ва шартнома нусхаси;
давлат олий таълим муассасасида таълим олаётган шахснинг номзодга қариндошлигини тасдиқловчи маълумот;
номзоднинг ушбу Низомга 2-иловада назарда тутилган мезонларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар.
Вазирлик тегишли ташкилотлар орқали мазкур маълумотларнинг ҳақиқийлигини текшириш ҳуқуқига эга.
10. Танловда иштирок этиш учун тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилиги учун жавобгарлик уларни тақдим этилган ташкилот раҳбари зиммасига юкланади.
11. Танлов иштирокчилари ушбу Низомга 2-иловадаги баҳолаш мезонларига мувофиқ баҳоланади.
12. Комиссия тақдим этилган ҳужжатларни 1 ноябрга қадар комиссия йиғилишида кўриб чиқади, белгиланган тартибда холисона баҳолайди ҳамда баллар кетма-кетлигида энг юқори кўрсаткичларга эга бўлган 100 нафар номзодни ғолиб деб топади.
Комиссиянинг қарори унинг йиғилиши баёни билан тасдиқланади.
3-боб. Танлов ғолибларини тақдирлаш тартиби
13. Комиссия йиғилишининг баёни асосида 15 ноябрга қадар вазирнинг танлов ғолибларини тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи қабул қилинади.
14. Танлов ғолиблари 8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун арафасида вазир ёки унинг кўрсатмасига мувофиқ бошқа масъул шахслар томонидан тантанали тарзда тақдирланади.
15. Танлов ғолибларининг давлат олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида ўқишга кирган фарзандлари ёки невараларига бир йиллик контракт суммаси, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваридан ортиқ бўлмаган қисми тўлаб берилади. Бунда талабалар зиммасига келгусида давлат органлари ва ташкилотларида камида уч йил ишлаб бериш мажбурияти юкланади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
16. Вазирлик танловга тақдим этилган ҳужжатларнинг холис кўриб чиқилиши учун масъулдир.
17. Танловда ғолиб бўлган ходимларнинг кейинги танловларда такроран иштирок этишига йўл қўйилмайди.
18. Танлов ғолиблари рўйхати Вазирликнинг расмий веб-сайтида, оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинади.
19. Танлов натижаларидан норози бўлган номзодлар натижалар эълон қилинган кундан бошлаб уч иш куни давомида вазир томонидан ташкил этиладиган апелляция комиссиясига апелляция аризасини бериш ҳуқуқига эга.
20. Апелляция комиссияси таркибига танлов комиссияси фаолиятида иштирок этган шахслар киритилишига йўл қўйилмайди.
21. Апелляция аризаси уни тақдим этган номзод иштирокида беш иш куни ичида кўриб чиқилади ҳамда натижаси бўйича аризани қаноатлантириш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
22. Танловни ўтказиш ва ғолибларни тақдирлаш билан боғлиқ харажатлар Вазирликнинг Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
23. Вазирлик танловнинг якуний натижалари бўйича ҳар йили декабрь ойининг охирги ўн кунлигида Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб боради.
24. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
25. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

«Табиат уйғунлиги ҳимоячиси» танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга

1-ИЛОВА

«Табиат уйғунлиги ҳимоячиси» танловини ўтказиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддати

1-босқич

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

1. Танлов ҳақида ўз расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон беради.

1 сентябрга қадар

2. Танлов комиссиясини ташкил этади.

сентябрь ойида

2-босқич

Санитар тозалаш корхоналари, ободонлаштириш бошқармалари

Тегишлича чиқиндиларни юклаш, ташиш, жойлаштириш ва саралаш ишларини бажарадиган ходимлар ҳамда тозалаш ишлари билан шуғулланувчи ходимлар орасидан узоқ вақт (камида 10 йил) фаолият юритган 3 нафардан номзодларни тавсия этган ҳолда, Вазирликка ариза билан мурожаат қилади.

1 октябрга қадар

3-босқич

Танлов комиссияси

Тақдим этилган ҳужжатларни белгиланган тартибда кўриб чиқади, номзодларни холисона баҳолайди ҳамда баллар кетма-кетлигида энг юқори кўрсаткичларга эга бўлган 100 нафар номзодни ғолиб деб топади.

1 ноябрга қадар

4-босқич

Вазирлик

1. Комиссия йиғилишининг баёни асосида танлов ғолибларини тантанали тарзда тақдирлаш тўғрисида буйруқ қабул қилади.

15 ноябрга қадар

2. Танлов ғолибларининг давлат олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида ўқишга кирган фарзандлари ёки невараларига бир йиллик контракт суммаси, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваридан ортиқ бўлмаган қисмини тўлаб беради.

8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун арафасида

«Табиат уйғунлиги ҳимоячиси» танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга

2-ИЛОВА

«Табиат уйғунлиги ҳимоячиси» танловига тавсия этилган номзодларни баҳолаш
МЕЗОНЛАРИ

Т/р

Баҳолаш мезонлари

Балл тизими

1.

Санитар тозалаш корхоналари ходимлари учун — чиқиндиларни юклаш, ташиш, жойлаштириш ва саралаш ишлари соҳасида;

ободонлаштириш бошқармалари ходимлари учун — тозалаш ишлари соҳасидаги иш стажи:

10 йилдан 12 йилгача;

5 балл

12 йилдан 15 йилгача;

10 балл

15 йил ва ундан ортиқ.

15 балл

2.

Ижтимоий ҳолати бўйича:

оилада ёлғиз боқувчи эканлиги;

5 балл

олий таълим муассасаларида таълим олаётган икки ва ундан ортиқ фарзандлари мавжудлиги;

5 балл

икки ва ундан ортиқ фарзандлари олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида таълим олаётган бўлса;

5 балл

қарамоғида 1 ёки 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзанди мавжудлиги.

5 балл

3.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат мукофотлари билан тақдирланганлиги:

«Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони, Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонлари, Ўзбекистон Республикасининг орденлари, Ўзбекистон Республикасининг медаллари билан;

15 балл

Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи билан.

10 балл

4.

Намунали фаолияти учун идоравий мукофотлар, фахрий ёрлиқлар, дипломлар ва бошқача тарзда тақдирланганлиги.

5 балл

(бирдан ортиқ бўлса, ҳар бири учун қўшимча 1 баллдан)

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 августдаги 514-сон қарорига
2-ИЛОВА
«Энг тоза маҳалла» танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича маҳаллалар ўртасида «Энг тоза маҳалла» танловини (кейинги ўринларда — танлов) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси (кейинги ўринларда — Уюшма) танлов ташкилотчилари ҳисобланади.
3. Қуйидагилар танловни ўтказишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
аҳоли орасида экологик билим ва маданиятни тарғиб қилиш, маҳаллаларнинг яшиллик даражасини ошириш ҳамда санитар-тозалаш хизматини кўрсатиш сифатини яхшилаш;
аҳолининг табиатни асраш борасидаги билим ва кўникмаларини ошириш;
чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишнинг экологик хавфсиз тизимини такомиллаштириш;
чиқиндиларнинг аҳоли саломатлигига ва атроф-муҳитга салбий таъсирининг олдини олиш;
табиатга зарар етказишнинг, шу жумладан, белгиланмаган жойларга чиқиндилар ташлашнинг салбий оқибатларининг олдини олиш.
4. Танлов ушбу Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ ўтказилади.
2-боб. Танловни ташкил этиш тартиби
5. Вазирлик ва Уюшма ҳар йили 1 сентябрга қадар танлов ҳақида ўз расмий веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон беради.
6. Танлов ҳар йили ноябрь — январь ойларида қуйидаги босқичларда ўтказилади:
туман (шаҳар) саралаш босқичи — ноябрь ойида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида;
ҳудудий саралаш босқичи — декабрь ойида туман (шаҳар) босқичи ғолиблари ўртасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида;
республика босқичи — январь ойида ҳудудий саралаш босқичи ғолиблари ўртасида республика миқёсида.
7. Танловнинг туман (шаҳар) саралаш босқичини ўтказиш учун ҳар йили сентябрь ойида қуйидаги таркибда туман (шаҳар) комиссиялари ташкил этилади:
Уюшманинг туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари — раис;
Вазирлик ва Уюшманинг туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқларининг ўринбосарлари (2 нафар) — раис ўринбосарлари;
Вазирлик ва Уюшма туман (шаҳар) бўлимлари тегишли ходимлари (2 нафар);
соҳавий нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари (3 нафар);
Уюшма туман (шаҳар) бўлимларининг тегишли ходими — котиб.
8. Танловнинг ҳудудий саралаш босқичини ўтказиш учун ҳар йили сентябрь ойида қуйидаги таркибда ҳудудий комиссиялар ташкил этилади:
Уюшманинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари (кейинги ўринларда — ҳудудий бўлинмалар) бошлиқлари — раис;
Вазирлик ва Уюшманинг ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг ўринбосарлари (2 нафар) — раис ўринбосарлари;
Вазирлик ва Уюшма ҳудудий бўлинмаларининг тегишли бўлимлари ходимлари (2 нафар);
соҳавий нодавлат нотижорат ташкилоти вакили (1 нафар);
Уюшма ҳудудий бўлинмаларининг тегишли соҳавий таркибий бўлинмаси ходими — котиб.
9. Танловнинг республика босқичини ўтказиш учун ҳар йили сентябрь ойида қуйидаги таркибда республика комиссияси ташкил этилади:
Вазирликнинг тегишли соҳавий таркибий бўлинмасига раҳбарлик қилувчи ўринбосари — раис;
Вазирлик ва Уюшма марказий аппаратининг тегишли таркибий бўлинмалари бошлиқлари (2 нафар) — раис ўринбосарлари;
Вазирлик ва Уюшма марказий аппаратининг тегишли соҳавий таркибий бўлинмалари ходимлари (2 нафар);
соҳавий нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари (3 нафар);
Вазирлик марказий аппаратининг тегишли соҳавий таркибий бўлинмаси масъул ходими — котиб.
10. Туман (шаҳар) комиссиялари ва ҳудудий комиссиялар регламентлари Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси томонидан, Республика комиссияси регламенти Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири (кейинги ўринларда — вазир) томонидан тасдиқланади.
3-боб. Танловга ҳужжатларни тақдим этиш тартиби
11. Танловда иштирок этиш учун номзод маҳаллалар ҳар йили 1 октябрдан 30 октябрга қадар Уюшманинг туман (шаҳар) бўлимларига ариза беради.
12. Аризага қуйидаги ҳужжатлар (маълумотлар) илова қилинади:
а) маҳалла паспорти;
б) қуйидагиларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари, фотоальбом ёки 10 дақиқадан ошмаган видеолавҳали тақдимот материали:
ижтимоий объектлардаги мавжуд контейнерлар, кўчаларга ўрнатилган чиқинди қутилари сони;
чиқиндиларни йиғиш шохобчалари сони ва уларнинг ҳолати;
кўрсатилган санитар тозалаш хизматлари бўйича тўлов интизоми (дебитор қарздорлик);
маҳаллада чиқиндиларни тўплаш, саралаш, олиб чиқиб кетиш ишлари ташкил этилганлиги ҳамда маҳаллани чиқиндилардан холи ҳудудга айлантириш учун амалга оширилган ишлар;
аҳолининг экологик тарбияси ҳамда экологик маданиятини оширишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид жараёнларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш ишлари;
дарахт ва буталарни парваришлашда сувни тежайдиган технологияларни қўллаган ҳолда суғориш ишлари ташкил этилганлиги;
табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш борасидаги ташаббуслар;
чиқиндиларни саралаб йиғиш тизими жорий этилганлиги;
«Яшил макон» лойиҳаси доирасида экилган дарахт ва буталарнинг ҳолати;
энергия тежовчи технологиялардан фойдаланиш даражаси.
13. Танловда иштирок этиш учун тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилиги учун жавобгарлик маҳалла раиси зиммасига юкланади.
4-боб. Танловни ўтказиш тартиби
14. Туман (шаҳар) ва ҳудудий саралаш босқичлари ушбу Низомга 2-иловадаги баҳолаш мезонлари асосида ўтказилади.
15. Туман (шаҳар) комиссиялари тақдим этилган ҳужжатларни 20 ноябрга қадар белгиланган тартибда комиссия йиғилишида кўриб чиқади, энг кўп балл тўплаган учтадан маҳаллани танлаб олиб, саралаш натижаларини йиғилиш баёни билан тасдиқлайди.
Саралаш натижалари бўйича материаллар (комиссия йиғилиши баёни, маҳаллаларни баҳолаш ҳисоботлари ва ғолиб маҳаллалар ҳужжатлари) 1 декабрга қадар ҳудудий комиссияларга тақдим этилади.
16. Ҳудудий комиссиялар тақдим этилган ҳужжатларни 20 декабрга қадар белгиланган тартибда комиссия йиғилишида кўриб чиқади, энг кўп балл тўплаган учтадан маҳаллани танлаб олиб, саралаш натижаларини йиғилиш баёни билан тасдиқлайди.
Саралаш натижалари бўйича материаллар (комиссия йиғилиши баёни, маҳаллаларни баҳолаш ҳисоботлари ва ғолиб маҳаллалар ҳужжатлари) 1 январга қадар республика комиссиясига тақдим этилади.
17. Республика комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни 20 январга қадар белгиланган тартибда комиссия йиғилишида кўриб чиқади, ушбу Низомга 2-иловадаги баҳолаш мезонлари асосида холисона баҳолайди ҳамда баҳолаш натижаларига кўра Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича энг кўп балл тўплаган биттадан маҳаллани ғолиб деб топади.
5-боб. Танлов ғолибларини тақдирлаш тартиби
18. Республика комиссияси йиғилишининг баёни асосида 1 мартга қадар вазирнинг танлов ғолибларини тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи қабул қилинади.
19. Танлов ғолиблари 21 март — Наврўз байрами арафасида вазир ёки унинг кўрсатмасига мувофиқ бошқа масъул шахслар томонидан тантанали тарзда тақдирланади.
20. Танлов натижаларига асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан ғолиб бўлган маҳаллаларнинг тегишли жамғармасига чиқинди йиғиш майдончаларини қуриш, маҳалладаги ижтимоий объектларга чиқинди контейнерларини ўрнатиш ҳамда дарахтларни экиш учун 500 млн сўмдан пул мукофоти ўтказиб берилади ҳамда хизматда фойдаланиш учун 1 тадан электромобиль топширилади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
21. Туман (шаҳар), ҳудудий ва республика комиссиялари раислари танловга тақдим этилган ҳужжатларнинг холис кўриб чиқилиши учун масъулдирлар.
22. Танловнинг ҳар бир босқичи ғолиблари тўғрисидаги маълумотлар тегишли босқич якуни бўйича Вазирлик ва Уюшманинг расмий веб-сайтида, оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда эълон қилиб борилади.
23. Танлов натижаларидан норози бўлган маҳаллалар натижалар эълон қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида тегишли босқичдаги апелляция комиссияларига апелляция аризасини бериш ҳуқуқига эга.
24. Апелляция комиссиялари танловнинг туман (шаҳар) ва ҳудудий босқичларида тегишлича Вазирликнинг туман (шаҳар) бўлимлари ва ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари томонидан уларнинг раислигида камида 5 кишидан иборат таркибда ташкил этилади. Комиссия таркибига оммавий ахборот воситалари ва соҳавий нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари киритилади.
Апелляция комиссиялари таркибига танлов комиссиялари фаолиятида иштирок этган шахслар киритилишига йўл қўйилмайди.
25. Апелляция аризаси уни тақдим этган маҳалла раиси (вакили) иштирокида беш иш куни ичида кўриб чиқилади ҳамда натижаси бўйича аризани қаноатлантириш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
26. Танловни ўтказиш ва ғолибларни тақдирлаш билан боғлиқ харажатлар Вазирликнинг Экология жамғармаси маблағлари, танлов ғолибларини тақдирлаш учун тақдим этилган электромобиллардан фойдаланиш ва уларни сақлаш харажатлари ғолиб деб топилган тегишли маҳаллалар ҳамда маҳаллий бюджет ҳисобидан амалга оширилади.
27. Вазирлик танловнинг якуний натижалари бўйича ҳар йили январь ойининг охирги ўн кунлигида Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб боради.
28. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
29. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
«Энг тоза маҳалла» танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
«Энг тоза маҳалла» танловини ташкил этиш ва ўтказиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддати

1-босқич

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси

Танлов ҳақида ўз расмий веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон беради.

1 сентябрга қадар

2-босқич

Уюшма

Танловнинг туман (шаҳар) ва ҳудудий саралаш босқичларини ўтказиш учун тегишлича туман (шаҳар) ва ҳудудий комиссияларни ташкил этади.

Сентябрь ойида

Вазирлик

Танловнинг республика босқичини ўтказиш учун республика комиссиясини ташкил этади.

3-босқич

Номзод маҳаллалар

Танловда иштирок этиш учун Уюшманинг туман (шаҳар) бўлимларига ариза беради.

1 октябрдан 30 октябрга қадар

4-босқич

Туман (шаҳар) комиссиялари

1. Тақдим этилган ҳужжатларни комиссия йиғилишида кўриб чиқади, энг кўп балл тўплаган учтадан маҳаллани танлаб олади ва саралаш натижаларини йиғилиш баёни билан тасдиқлайди.

20 ноябрга қадар

2. Саралаш натижалари бўйича материалларни (комиссия йиғилиши баёни, маҳаллаларни баҳолаш ҳисоботлари ва ғолиб маҳаллалар ҳужжатлари) ҳудудий комиссияларга тақдим этади.

1 декабрга қадар

5-босқич

Ҳудудий комиссиялар

1. Тақдим этилган ҳужжатларни комиссия йиғилишида кўриб чиқади, энг кўп балл тўплаган учтадан маҳаллани танлаб олади ва саралаш натижаларини йиғилиш баёни билан тасдиқлайди.

20 декабрга қадар

2. Саралаш натижалари бўйича материалларни (комиссия йиғилиши баёни, маҳаллаларни баҳолаш ҳисоботлари ва ғолиб маҳаллалар ҳужжатлари) республика комиссиясига тақдим этади.

1 январга қадар

6-босқич

Республика комиссияси

Тақдим этилган ҳужжатларни комиссия йиғилишида кўриб чиқади ҳамда баҳолаш натижаларига кўра Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича энг кўп балл тўплаган биттадан маҳаллани ғолиб деб топади.

20 январга қадар

7-босқич

Вазирлик

1. Республика комиссияси йиғилишининг баёни асосида танлов ғолибларини тантанали тарзда тақдирлаш тўғрисида буйруқ қабул қилади.

1 мартга қадар

2. Ғолиб маҳаллаларнинг тегишли жамғармасига чиқинди йиғиш майдончаларини қуриш, маҳалладаги ижтимоий объектларга чиқинди контейнерларини ўрнатиш ва дарахтларни экиш учун 500 млн сўмдан пул мукофотини ўтказади ҳамда хизматда фойдаланиш учун 1 тадан электромобиль топширади.

21 март — Наврўз байрами арафасида

«Энг тоза маҳалла» танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга

2-ИЛОВА

«Энг тоза маҳалла» танловига тавсия этилган номзодларни баҳолаш
МЕЗОНЛАРИ

Т/р

Баҳолаш мезонлари

*Балл тизими

1.

Аҳолининг экологик билими ҳамда экологик маданиятини оширишга қаратилган тарғибот ишлари.

5 балл

2.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид жараёнларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш ишлари.

5 балл

3.

Дарахт ва буталарни парваришлашда сувни тежайдиган технологияларни қўллаган ҳолда суғориш ишлари ташкил этганлиги.

10 балл

4.

Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш борасидаги ташаббуси.

5 балл

5.

Маҳалла паспорти мавжудлиги.

5 балл

6.

Маҳалладаги ижтимоий объектларда белгиланган стандартлар ва санитария-гигиена талабларига жавоб берувчи чиқинди контейнерларининг ҳар бири учун.

0.5 баллдан

жами

10 баллдан ошмаган ҳолда

7.

Кўчаларга ўрнатилган чиқинди қутилари билан таъминланганлиги

(стандартлардаги ҳамда санитария-гигиена талаблари даражасидаги чиқинди қутиларини ҳар бир донаси учун).

0,5 баллдан

жами

5 баллдан ошмаган ҳолда

8.

Чиқиндиларни йиғиш шохобчалари сони ва уларнинг ҳолати

5 балл

9.

Йиллик ўртача кўрсатилган санитар тозалаш хизматлари учун тўлов интизоми:

кўрсатилган хизматлар учун тўловлар 75 фоиздан 85 фоизгача бўлса;

5 балл

кўрсатилган хизматлар учун тўловлар 85 фоиздан 95 фоизгача бўлса;

10 балл

кўрсатилган хизматлар учун тўловлар 95 фоиздан юқори бўлса.

15 балл

10.

Чиқиндиларни саралаб йиғиш тизими жорий этилганлиги.

15 балл

11.

Яшил боғлар барпо этилганлиги.

5 балл

12.

Энергия тежовчи технологиялардан фойдаланиш жорий этилганлиги (қуёш панеллари ўрнатилганлиги).

5 балл

Агар энергия тежовчи технологиялардан фойдаланиш қишлоқ жойидаги маҳаллада жорий этилган бўлса.

15 балл

Изоҳ. Баҳолаш мезонида келтирилган кўрсаткичлар тасдиқловчи ҳужжатлари бўлган тақдирда баҳоланади.
* Республика миқёсида баҳолаш мезонлари мазкур баҳолаш мезонида келтирилган ҳар бир мезон бўйича 70 фоизгача миқдорда максимал балл билан баҳоланади (масалан 5 бал = 3.5 балгача, 15 = 10.5 баллгача)
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2024 й., 09/24/514/0627-сон)
Постановление
Кабинета Министров Республики Узбекистан
О мерах организации конкурсов «Табиат уйгунлиги химоячиси» и «Энг тоза махалла»
Премьер-министр Республики Узбекистан А. АРИПОВ
г. Ташкент,
16 августа 2024 г.,
№ 514