Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи А. Худаяровнинг «Мамлакатимизда болалар ва ўсмирлар орасидаги касалликлар профилактикаси ҳамда уларни даволаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати, шунингдек соғлиқни сақлаш соҳасидаги истиқбол режалар тўғрисида»ги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи А. Худаяровнинг «Мамлакатимизда болалар ва ўсмирлар орасидаги касалликлар профилактикаси ҳамда уларни даволаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати, шунингдек соғлиқни сақлаш соҳасидаги истиқбол режалар тўғрисида»ги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, кейинги йилларда болаларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини фуқароларга янада яқинлаштириш, касалликлар профилактикаси ва уларни эрта аниқлаш, аҳолининг яшаш жойларидаги тиббиёт муассасаларининг ўзида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам олиш имкониятини яратиш борасида қатор ишлар амалга оширилган.
Ўтган беш йилда оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилиш борасида Ўзбекистон Республикасининг 2 та қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 та фармони ва 9 та қарори қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев раҳбарлигида 2024 йил 5 февраль ва 21 май кунлари ўтказилган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишларида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини, тез тиббий ёрдам ҳамда давлат тиббий суғуртаси тизимини такомиллаштириш, оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилиш масалаларига устувор аҳамият қаратилган.
Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида оналар ва болалар ўртасидаги касалликлар профилактикаси, уларни барвақт аниқлаш ва соғломлаштириш дастурлари бажарилганлиги, шунингдек болаларга кўрсатиладиган ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни такомиллаштириш тадбирлари йўлга қўйилганлиги натижасида оналар ўлими 34 фоизга, беш ёшгача бўлган болалар ўлими 26 фоизга камайган.
Болаларга амбулатор тиббий хизмат 2 300 тадан зиёд оилавий поликлиника, 208 та туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиника, стационар ёрдам эса 13,3 мингта ўринга эга 245 та вилоят ва туман (шаҳар) даражасидаги ҳамда 10 та республика муассасаси томонидан амалга оширилмоқда. Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида болалар анестезиология-реанимация бўлимларида ва поликлиникаларда болалар бўлимлари ташкил этилган.
Барча тиббиёт бригадалари таркибида қўшимча жами 8 500 та патронаж-доя лавозими жорий этилган. Ушбу мақсадлар учун 251,1 млрд. сўм маблағ йўналтирилган.
Кардиожарроҳлик соҳаси бўйича республикада ҳар йили туғма юрак нуқсони билан туғилган юқори технологик операцияларга муҳтож болаларда республиканинг 8 та тиббиёт муассасасида кардиожарроҳлик амалиётлари ўтказилган. 2023 йилда 4 458 нафар болада (2022 йилда 3 676 нафар) жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Улардан 987 нафари кам инвазив усулда амалга оширилган.
Болалар орасида онкогематологик касалликларни эрта аниқлаш мақсадида 2023 йилда 3 — 18 ёшли 676 800 нафар бола оммавий, 130 800 нафар бола селектив скринингдан ўтказилиб, уларнинг 736 нафарида касаллик аниқланган ва улар соғломлаштириш учун назоратга олинган бўлса, жорий йилнинг олти ойи давомида 403 500 нафар бола оммавий, 84 100 нафар бола селектив скринингдан ўтказилиб, уларнинг 429 нафарида касаллик аниқланган ҳамда соғломлаштириш учун назоратга олинган.
Жорий йилнинг биринчи ярми давомида юқори технологияли 1 962 та кардиожарроҳлик, 460 та эндоскопик, 583 та нейрожарроҳлик амалиёти ўтказилиб, 2 985 нафар болада ногиронликнинг олди олинган. Шунингдек, 200,2 минг нафар янги туғилган чақалоқ аудиоскринингдан ўтказилиб, 267 нафар болага кохлеар имплантат ўрнатилган ва эшитиш қобилияти тикланган.
Шу билан бирга таҳлиллар бу борада ҳали ўз ечимини кутаётган қатор масалалар ҳам мавжудлигини кўрсатмоқда. Жумладан, 2023 йилда республикада жами 116 732 нафар (11,2 промилле) ногирон бола ҳисобга олинган бўлиб, ўтган йилга нисбатан 6 797 нафарга ошган. Болалар орасида ногиронлик кўрсаткичи Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятида 13,0 промилле, Қашқадарё вилоятида 11,7 промилле ҳамда Самарқанд вилоятида 10,5 промиллени ташкил этмоқда.
Ҳудудларда ўтказилган ўрганишлар давомида дориларга бўлган эҳтиёжни тўғри шакллантириш ва уларнинг тиббиёт муассасаларига ўз вақтида етказиб берилишини таъминлаш борасида баъзи муаммолар сақланиб қолаётганлиги маълум бўлди. Хусусан, айрим тиббиёт муассасалари дори воситалари, тиббий ускуна ва сарфлов ашёлари билан тўлиқ таъминланмаган.
Ҳомиладорларнинг комплекс назорати бўйича ягона электрон базани шакллантириш, 229 та туғруқ муассасасини 23 турдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, аудиоскрининг, неонатал скрининг, кохлеар имплантат, темир ва фолий кислота, микронутриент билан таъминлаш, гельминтоз профилактикаси бўйича давлат дастурларини режа асосида давом эттиришга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади.
Мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларга тиббий хизматларни кўрсатиш ягона ёндашув асосида йўлга қўйилмаган. Маъмурий ислоҳотлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташкил этилган бўлса-да, илгари ушбу вазирликлар билан имзоланган қўшма қарорлар қайта кўриб чиқилмаган.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи А. Худаяровнинг «Мамлакатимизда болалар ва ўсмирлар орасидаги касалликлар профилактикаси ҳамда уларни даволаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати, шунингдек соғлиқни сақлаш соҳасидаги истиқбол режалар тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига:
тиббиёт муассасаларини дори воситалари, тиббий ускуна ва сарфлов ашёлари билан тўлиқ таъминлаш чораларини кўриш;
давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмини, имтиёзли контингентни ихтисослашган тиббий ёрдамга йўллаш тартибини қайта кўриб чиқиш;
тиббиёт муассасаларида масофавий хизматларни кўпайтириш, поликлиника ва шифохоналарни электрон иш юритишга ўтказиш, соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш бўйича бошланган ишларни охирига етказиш чораларини кўриш;
аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тўғри овқатланиш ва жисмоний фаолликни ошириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш;
аудиоскрининг, неонатал скрининг, кохлеар имплантат, темир ва фолий кислота, микронутриент билан таъминлаш, гельминтоз профилактикаси бўйича давлат дастурларини режа асосида давом эттириш;
мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларга тиббий хизматлар кўрсатиш бўйича амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиб, такомиллаштириш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу Қарорнинг ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида жорий йил якунига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ахборот тақдим этсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатсин.
5. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. Иноятов зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари О. ТОЖИЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 30 июль,
4676-IV-сон