Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА АСОСИЙ ВОСИТАЛАРНИ ҚАЙТА ҲИСОБЛАШ ИШЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Инвестиция ресурсларини қадрсизланишдан ҳимоя қилиш, асосий воситаларнинг ҳақиқий қийматини белгилаш ва инвестиция фаолиятини фаоллаштириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилаб қўйилсинки, мулкчилик шаклларидан қатъи назар республиканинг барча корхоналари, ташкилотлари ва муассасалари асосий воситалар қийматини унинг 1995 йил 1 январдаги ҳолатига кўра қайта ҳисоблаб чиқишга мажбурдирлар.
Қайта ҳисоблаш 1995 йилнинг 1 февралигача тугаллансин.
Асосий воситаларни қайта ҳисоблашнинг тўлиқлиги, ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши учун шахсий жавобгарлик корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг раҳбарлари зиммасига юклансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси ва Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда:
бир ҳафта муддатда Асосий воситаларни қайта ҳисоблашни ўтказиш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
корхоналар ва ташкилотларга асосий воситаларни қайта ҳисоблашни ўтказишда ва унинг натижаларини бухгалтерия ва статистика ҳисоботида акс эттиришда услубий раҳбарликни ҳамда амалий ёрдам беришни таъминласин.
3. Вазирликлар, идоралар, концернлар, уюшмалар, бирлашмалар, корхоналар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
Асосий воситаларни қайта ҳисоблашни ўтказиш тартибини олганларидан сўнг бир ҳафта муддатда уни ўзларига қарашли ташкилотларга етказсинлар;
асосий воситаларни қайта ҳисоблаш якунлари тўғрисидаги ҳисоботни 1995 йилнинг 1 февралигача «Ўзистикболстат» давлат қўмитаси белгилаган шаклларда ва манзилларга тақдим этсинлар.
4. «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси асосий воситалар қийматини қайта ҳисоблашнинг бирлашмалар, корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлардан олинган натижаларини умумлаштирсин ҳамда 1995 йилнинг 20 мартидан кечиктирмай Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси корхоналар ва ташкилотларни хусусийлаштиришда уларнинг дастлабки нархи миқдорини белгилашни, шунингдек, уларнинг ходимларига бериладиган имтиёзлар миқдорини белгилашни мазкур қарорга мувофиқ ўтказилаётган қайта ҳисоблашни назарда тутган ҳолда амалга оширсин.
6. Ушбу қарор қабул қилингунга қадар мулк ижараси шартномасини тузган корхоналар ва ташкилотлар бир ой муддатда шартноманинг қолган муддати учун ижара тўловлари миқдорларини ижарага берилган асосий фондларнинг қайта ҳисоблаб чиқилган қийматидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқсинлар.
Мазкур қарор қабул қилингунга қадар давлат мулкини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижара шартномасини тузган корхоналар ва ташкилотлар мулкнинг 1995 йил 1 январгача сотиб олинмаган қисмини унинг қийматини қайта ҳисоблашни ҳисобга олган ҳолда сотиб оладилар.
7. Белгилаб қўйилсинки, 1995 йилда мол-мулкка солинадиган солиқ ва амортизация асосий воситаларнинг мазкур қарорга мувофиқ амалга ошириладиган қайта ҳисобланган қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқилади.
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги «Ўзистиқболстат» давлат қўмитасига асосий воситалар қийматини қайта ҳисоблашни ташкил этиш ва ўтказиш учун 900 минг сўм ажратсин.
9. «Ўзулгуржибиржасавдо» уюшмаси «Ўзистиқболстат» давлат қўмитасига унинг буюртманомаси бўйича 0,3 тонна ёзув қоғози ва 1,5 тонна газета қоғозини шакллар ва Асосий воситаларни қайта ҳисоблаш тартибини кўпайтириш учун сотсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитаси «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси Асосий воситаларни қайта ҳисоблаш тартиби ва статистика ҳисоботи шаклларини тақдим этгандан сўнг 15 кун муддатда уларни чоп этсин ва буюртманомага мувофиқ жўнатсин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли ўринбосарлари зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 28 ноябрдаги
572-сон