Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг 2024 йил етти ойи давомидаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2024 йил етти ойи давомидаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, ҳисобот даврида Қўмита томонидан халқаро тажрибадан унумли фойдаланган ҳолда, қонун ижодкорлиги фаолиятининг самарадорлигини янада оширишга, шунингдек мамлакатда кечаётган муҳим ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчиси бўлишга, соҳага оид қонун ҳужжатлари ижроси устидан таъсирчан парламент назоратини олиб боришга алоҳида эътибор қаратилган.
Хусусан, ҳисобот даврида Қўмита томонидан мамлакатимизда аҳолининг соғлиғини сақлаш, тиббиёт тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, шунингдек соҳани бугунги кун талаблари даражасида тараққий эттиришга қаратилган тадбирларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилган.
Ўтган даврда Қўмита мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосини такомиллаштиришга қаратилган 4 та қонун лойиҳасига масъул бўлган. Шундан 2 та қонун лойиҳаси бирлаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» деган ном билан қабул қилинган ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан маъқулланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган.
Қонун ҳужжатларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қарорларининг ижро этилиш ҳолатини ўрганиш, давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш бўйича Қўмита томонидан 7 та парламент назорати тадбири ўтказилган.
Жумладан, Қўмита томонидан «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 30-моддасининг (Шошилинч ва тез тиббий ёрдам) ижроси Навоий ва Хоразм вилоятларида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 майдаги «Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–140-сонли ҳамда 2023 йил 28 декабрдаги «Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштиришни жадаллаштириш ҳамда илғор рақамли технологияларни жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–415-сонли қарорларининг ижро этилиш ҳолати Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадга эришиш, хусусан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш борасида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган ишларнинг ҳолати Самарқанд ва Фарғона вилоятларида, «Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижроси Тошкент ва Фарғона вилоятлари мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганилган. Ўрганиш якунлари Қўмитанинг кенгайтирилган йиғилишларида соҳа мутасаддилари иштирокида кўриб чиқилиб, Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинган.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Д. Султоновнинг «Аҳолининг сил ва ОИВ билан зарарланиш даражасини камайтириш ҳамда психотроп ва гиёҳванд моддаларга қарамлик профилактикаси ва даволаниши самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги ахбороти эшитилган.
Ҳисобот даврида Қўмита ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Х. Умаровага «Умумий ўрта таълим ташкилотларида болаларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўрови юборилган.
Қўмита томонидан «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи А. Худаяровнинг «Мамлакатимизда болалар ва ўсмирлар орасида касалликлар профилактикаси ҳамда уларни даволаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати, шунингдек соғлиқни сақлаш соҳасидаги истиқбол режалар тўғрисида»ги ахборотини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисида эшитиш бўйича ташкилий ишлар амалга оширилган.
Ҳисобот даврида Қўмита томонидан 2 та давра суҳбати, Қўмитанинг 11 та кенгайтирилган йиғилиши ва 2 та семинар ташкил этилган.
Фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ва тўлиқ ўрганиш, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этишда таъсирчан депутат назоратини ўрнатиш Қўмита фаолиятининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ўтган давр мобайнида Қўмитага юборилган 186 та мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилган ҳамда фуқаролар томонидан кўтарилган муаммоларни мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ҳал этиш чоралари кўрилган.
Қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти, назорат-таҳлил тадбирларининг натижалари парламент фаолияти тўғрисида кенг жамоатчиликни хабардор этиш мақсадида оммавий ахборот воситаларида доимий равишда ёритиб борилган. Жумладан, ҳисобот даврида Қўмита аъзолари томонидан оммавий ахборот воситаларида жами 779 та чиқиш ташкил этилган. Шундан босма оммавий ахборот воситаларида 64 та мақола чоп этилган, телевидениеда 95 та, радиода 102 та ҳамда ижтимоий тармоқларда 518 та чиқиш қилинган. Шунингдек Интернет саҳифаларида 117 та чиқиш қилинган.
Шу билан бирга Қўмитанинг ўтган даврдаги фаолияти таҳлили бу борада ҳали ўз ечимини кутаётган қатор масалалар ҳам мавжудлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари билан амалий ҳамкорликни янада кучайтириш, улар билан қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш борасида биргаликда ишлаш тизимини янада такомиллаштириш талаб этилмоқда.
Қўмита ташаббуси билан ўтказилган парламент назорати тадбирлари якунлари бўйича қабул қилинган қарорларнинг ижросини доимий равишда мониторинг қилиб бориш зарур. Шунингдек Қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзоларини қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва назорат-таҳлил тадбирларига кенгроқ жалб этиш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг 2024 йил етти ойидаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг 2024 йил етти ойи давомида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси:
Қўмита фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, шунингдек Қўмита томонидан кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари ва ўтказилаётган назорат-таҳлил тадбирларининг мазмун-моҳиятини доимий равишда жамоатчиликка етказиш чораларини кўрсин;
қонун ташаббускорлиги борасидаги таклифларни кўпайтириш, Қўмита масъул бўлган қонун лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш ҳамда келиб тушган таклифлар ва фикр-мулоҳазаларни қонун лойиҳаларини маромига етказишда ҳисобга олсин;
қонунчилик ҳужжатлари бўйича фуқаролар томонидан берилган таклифларни бевосита улар иштирокида Қўмита мажлисларида муҳокама этсин ҳамда фуқаролар томонидан кўтарилаётган масалаларни мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда кўриб чиқсин;
жисмоний ва юридик шахсларнинг Қўмитага юборилган мурожаатларида кўтарилаётган долзарб муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш, уларнинг юзага келиш сабабларини ўрганиш, кўтарилган масалаларга тўлиқ ечим топиш борасида мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан кўрилаётган чоралар устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш чораларини кўрсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. Иноятов зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари О. ТОЖИЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 29 июль,
4665-IV-сон