Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири А. Кулдашевнинг «Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими фаолияти самарадорлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири А. Кулдашевнинг «Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими фаолияти самарадорлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, кейинги йилларда мамлакатимиз аҳолисини ва ҳудудларини табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими (бундан буён матнда Фавқулодда вазиятлар давлат тизими деб юритилади) «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ташкил этилган.
«Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган фавқулодда вазиятлар ва глобал иқлим ўзгариши натижасида аҳоли ҳаётига хавф солувчи офатларнинг олдини олиш мақсадига эришиш доирасида Фавқулодда вазиятлар давлат тизими фаолиятига оид бир қатор ҳуқуқий, ташкилий, илмий-техник, иқтисодий ва ижтимоий чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Кейинги йилларда иқлим ўзгариши оқибатида республика ҳудудида табиий офатлар сони сезиларли даражада ортган. Табиий офатларнинг ўртача сони 2001 — 2010 йилларда — 115 тани, 2011 — 2022 йилларда эса 126 тани ташкил этган. Уларнинг 46 фоизи зилзилалар, 27 фоизи селлар, 13,5 фоизи ер кўчкилари, 8,7 фоизи кучли шамоллар, 2,4 фоизи сув тошқинлари, 1,6 фоизи табиий ёнғинлар, 0,8 фоизи қор кўчкилари ва бошқалар ҳиссасига тўғри келган.
Мамлакатимизда иқлим ўзгаришига мослашув чораларини кўриш ҳамда табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар билан боғлиқ йўқотишларни камайтириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Мазкур вазифалар ижроси доирасида Фавқулодда вазиятлар давлат тизимига кирадиган давлат органларининг республика, маҳаллий, объект даражаларидаги 2 587 нафардан ортиқ раҳбари Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Фуқаро муҳофазаси институтида, ушбу органларнинг 35 минг нафар муҳандис-техниклари эса вазирлик ҳудудий бошқармаларининг Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги ўқув марказларида ўқув дастурлари асосида даврий тайёргарликдан ўтказилган.
2023-2024 ўқув йилидан бошлаб мактабгача таълим ташкилотлари, умумий ўрта таълим, ўрта махсус таълим, профессионал таълим муассасаларининг амалдаги таълим дастурларига Зилзила вақтида тўғри ҳаракатланиш қоидалари киритилиб, улардаги жами 2 084 574 нафар тарбияланувчи, ўқувчи ва талабанинг ўқитилиши ташкил этилган.
Аҳолининг ҳаракатланишини чеклаш орқали фуқароларнинг фавқулодда вазиятлар хавфи мавжуд ҳудудларда бўлишига йўл қўймаслик мақсадида ички ишлар органлари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамкорлигида 266 та назорат-кузатув пости фаолияти йўлга қўйилган.
Республиканинг сел ва сув тошқинлари ҳамда кўчки хавфи юқори тоғли ва тоғолди ҳудудларидаги аҳолини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш мақсадида мазкур ҳудудларда яшовчи 26 та хўжалик объекти ва 164 нафар фуқаро 2023 йилда хавфсиз жойларга кўчирилган.
Шунингдек табиий офатлар хавфи мавжуд ҳудудларда рўй бериши эҳтимоли бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва зарарини камайтириш юзасидан хавф манбаи юқори ҳудудларда кирғоқларни мустаҳкамлаш, сел йўллари ва дарё ўзанларини тозалаш бўйича ўтказилган тадбирлар натижасида 2023 йилда 19 та хўжалик объекти ва 116 нафар фуқаронинг ҳаётига нисбатан хавф бартараф этилган.
Бугунги кунда аҳолини фавқулодда вазият рўй бериши хавфи тўғрисида ёки фавқулодда вазият рўй берганлиги ҳақида хабар бериш ва хабардор қилишнинг республика, маҳаллий, локал ва объект даражаларидаги автоматлаштирилган тизимини яратиш чоралари кўрилмоқда.
Фавқулодда вазиятлар давлат тизимига кирадиган давлат органлари ўртасида мунтазам ахборот алмашинуви йўлга қўйилган бўлиб, табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг мониторинги, таҳлили ва прогнози асосида уларнинг олдини олиш, зарарини камайтириш борасидаги комплекс профилактик тадбирлар ҳамкорликда амалга ошириб борилмоқда.
Ушбу профилактика тадбирларини ўтказишда асосий эътибор мавсумий фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича ойлик тадбирларни ташкил этиш, аҳоли кўп тўпланадиган ва хавф даражаси юқори бўлган объектларда давлат назорати тадбирларини амалга ошириш ҳамда оммавий ахборот воситаларини кенг жалб этган ҳолда аҳолининг турли қатламлари ўртасида тушунтириш ишларини олиб боришга қаратилган.
Натижада 2023 йилда 87 та фавқулодда вазият (60 таси ёки 69 фоизи техноген, 27 таси ёки 31 фоизи табиий хусусиятли) рўй берган бўлиб, 2022 йилга нисбатан 44 тага (34 фоизга) камайган.
Соҳада амалга оширилган ижобий ўзгаришлар билан бир қаторда Фавқулодда вазиятлар давлат тизими фаолияти самарадорлигига салбий таъсир кўрсатувчи айрим камчилик ва муаммолар ҳам мавжуд.
Хусусан, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тадбирларига жалб этилаётган қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмаларининг моддий-техника таъминоти талаб даражасида эмас.
Шунингдек давлат кадастрларини юритиш, қурилиш ва уй-жой коммунал, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика, автомобиль йўллари, саноат хавфсизлиги каби соҳаларда фавқулодда вазиятларга олиб келувчи потенциал манбаларни барвақт аниқлаш, хавфли табиий, техноген ва экологик жараёнларнинг ривожланиш эҳтимолини, хусусиятлари ҳамда кўламини олдиндан прогноз қилиш ишлари тизимли равишда ташкил этилмаган.
Бугунги кунда айрим давлат органлари томонидан Фавқулодда вазиятлар давлат тизими доирасида бажариладиган вазифалар, шунингдек рўй бериши эҳтимоли бўлган табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захиралари тўлиқ яратилмаган.
Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида тегишли пул маблағлари ажратилмаганлиги боис 13 522 та объектдан 11 175 тасида фавқулодда вазият рўй бериши хавфи тўғрисида ёки фавқулодда вазият рўй берганлиги ҳақида хабар бериш тизими яратилмаган.
Бундан ташқари республикадаги 783 та объектда фавқулодда вазият рўй бериши хавфи тўғрисида ёки фавқулодда вазият рўй берганлиги ҳақида аҳолига хабар беришнинг автоматлаштирилган тизими маҳаллий хабар бериш тизимларига интеграция қилинмаган, шунингдек республика ҳудуди маҳаллий даражадаги хабар бериш тизимининг терминал комплекслари ва охирги қурилмалар билан тўлиқ қамраб олинмаган.
Кейинги вақтларда муҳандислик-коммуникация тармоқлари объектлари ва хавф даражаси юқори бўлган объектлар яқинида турар-жойлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш ҳолатлари учраётганлиги муҳандислик-коммуникация тармоқларида фавқулодда вазиятлар рўй беришига олиб келмоқда, шунингдек фавқулодда вазиятлар рўй берганда уларни бартараф этишда жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Бугунги кунда фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тадбирлари самарадорлигини ошириш учун ушбу соҳадаги илмий-тадқиқотларни ва инновацион фаолиятни янада ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири А. Кулдашевнинг «Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими фаолияти самарадорлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига:
Фавқулодда вазиятлар давлат тизимига кирадиган ташкилотларнинг ҳамкорлигини ташкил этиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш чораларини кўриш;
Фавқулодда вазиятлар давлат тизими орқали аҳолини фавқулодда вазият рўй бериши хавфи тўғрисида ёки фавқулодда вазият рўй берганлиги ҳақида ишончли ва тезкор маълумотлар билан таъминлаш борасида белгиланган вазифаларнинг ижросини доимий назорат қилиб бориш;
республика даражасидаги ва маҳаллий даражадаги хабар бериш тизимлари ҳамда уларнинг терминал комплекслари тайёрлигини мунтазам равишда текшириб бориш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича қатъий чоралар кўриш;
Фавқулодда вазиятлар давлат тизими фаолиятидаги мавжуд муаммоларнинг ечимига қаратилган мақсадли ва илмий-техник дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
аҳолини, Фавқулодда вазиятлар давлат тизимига кирадиган давлат органларининг мансабдор шахсларини, қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларини, шунингдек фуқаро муҳофазаси тузилмаларини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш борасидаги ишлар кўламини янада кенгайтириш;
барча даражалардаги хабар бериш тизимларини яратиш ва ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар ҳамда ушбу тизимларнинг тайёргарлик ҳолати юзасидан Ҳукуматга мунтазам ахборот киритиб бориш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларининг, шунингдек фуқаро муҳофазаси тузилмаларининг асбоб-ускуналар, аслаҳа-анжомлар, махсус кийим-бош ва бошқа воситалар билан таъминланганлик даражасини ошириш чораларини кўриш;
фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар давлат захираларининг тўлиқ яратилишини таъминлаш ҳамда бу борада амалга оширилаётган ишларни доимий назорат қилиб бориш;
фавқулодда вазият рўй бериш хавфи тўғрисида ёки фавқулодда вазият рўй берганлиги ҳақида хабар беришнинг автоматлаштирилган тизимини терминал комплекси ҳамда охирги қурилмалар билан тўлиқ таъминлаш чораларини кўриш;
республика ҳудудида барча маҳаллий даражадаги хабар бериш тизимларини республика даражасидаги хабар бериш тизимлари билан тўлиқ интеграция қилиш чораларини кўриш;
муҳандислик-коммуникация тармоқлари объектларида ва хавф даражаси юқори бўлган объектларда фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар самарадорлигини ошириш;
Фавқулодда вазиятлар давлат тизими фаолияти самарадорлигини кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг мажлисларида муҳокама қилиб бориш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича олиб борилаётган тадбирлар юзасидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу Қарорнинг ижроси юзасидан 2024 йилнинг 1 октябригача Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ахборот тақдим этсин.
6. Ушбу Қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилсин.
7. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг раиси Э. Салихов зиммасига юклатилсин.
8. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. ИНОЯТОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 2 июль,
4531-IV-сон