ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ КЕНГАШИНИНГ
ҚАРОРИ
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрамини кенг нишонлаш ва муносиб ўтказиш борасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрамини ташкилий-ғоявий жиҳатдан юксак даражада ўтказиш, оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, шунингдек янги таҳрирдаги Конституцияда, «Ўзбекистон –– 2030» стратегиясида халқпарвар давлат барпо этиш, инсоннинг ҳуқуқлари ва манфаатларини, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш борасида белгиланган кенг кўламли вазифалар доирасида олиб борилаётган шиддатли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятидан кенг жамоатчиликни хабардор қилиш, «Бир бўлсак –– ягона халқмиз, бирлашсак –– Ватанмиз!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастуридан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрамини кенг нишонлаш ва муносиб ўтказиш борасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари томонидан сайлов округларида мустақиллик йилларида олиб борилган кенг қамровли ислоҳотлар, янги таҳрирдаги Конституция, «Ўзбекистон –– 2030» стратегияси ҳамда «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили» давлат дастурининг ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар, қабул қилинган қонунлар ва уларнинг жамият фаровонлигини таъминлаш ҳамда одамлар ҳаётини яхшилашда тутган ўрни, аҳамияти ва мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш ишларини олиб бориш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрамини кенг нишонлаш ва муносиб ўтказиш борасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар режасида белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали ташкил этилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари О. Тожиев Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрами муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан ўтказиладиган тадбирларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиб бориш чораларини кўрсин.
5. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари О. ТОЖИЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 29 июль,
4666-IV-сон