Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ПУЛ МУОМАЛАСИНИ МУСТАҲКАМЛАШ ВА «СЎМ-КУПОН»НИНГ ХАРИД ҚУВВАТИНИ ОШИРИШ БОРАСИДА КЕЧИКТИРИБ БЎЛМАЙДИГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Пулнинг барқарор муомалада бўлиши, «Сўм-купон»нинг харид қувватини ошириш ҳамда Марказий банкнинг олтин-валюта захирасини яратиш учун зарур шарт-шароитларни вужудга келтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Шу йилнинг 15 апрелидан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида Россия Банки пулларининг муомалада бўлиши ҳамда уларнинг юридик ва жисмоний шахслар томонидан барча тўлов турларига қабул қилиниши тақиқлансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 17 июндаги 310-сонли қарори билан ўз кучини йўқотди)
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор идоралар ва ташкилотлар билан биргаликда бир ҳафта муддатда 1-бандга мувофиқ савдо-сотиқ ва хизматлар кўрсатиш, шунингдек, солиқ солишни такомиллаштириш тартиби тўғрисида таклифлар киритсинлар.
3. Белгилаб қўйилсинки, юридик ва жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига келтирилган товарлар бўйича улар сотиб олинган маблағларнинг манбалари декларацияда кўрсатилмайди.
4. Белгилаб қўйилсинки, «Сўм-купон» нинг хорижий валюталарга нисбатан айирбошлаш курси шу йил 15 апрелдан бошлаб ички ва ташқи бозорларда амалда таркиб топаётган конъюнктурани ҳамда нархлар нисбатини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республика валюта биржасида мунтазам ўтказиб туриладиган савдолар чоғида белгиланади.
«Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, «Ўзулгуржибиржасавдо», «Ўзбексавдо» уюшмаси билан биргаликда товарларнинг тақдим этиладиган рўйхати асосида тегишли валюталарнинг нисбатларини мунтазам ва холисона аниқлаш учун ички, Россия ҳамда ўрта Европа бозорларидаги нархларни ҳисобга олувчи автоматлаштирилган тизимни вужудга келтирсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Белгилаб қўйилсинки, хорижий валюта билан бажарилган операциялар бўйича ҳисоб-китоб ва солиқ солиш Ўзбекистон республика валюта биржасидаги савдоларнинг натижалари бўйича қайд этиладиган Марказий банк курсига мувофиқ корхоналар ва ташкилотлар томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки, Давлат солиқ қўмитаси бир ой муддатда корхоналарнинг хорижий валюталар, жумладан, собиқ СССР республикаларининг миллий валюталари билан операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоб-китоби ҳамда ҳисоботи Тартибини ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига:
шу йил 15 апрелдан бошлаб доимий ишлайдиган Ўзбекистон республика валюта биржасининг фаолият кўрсатишини таъминлаш;
ваколатли банклар, Ички ишлар вазирлиги, Алоқа вазирлиги, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси, Ўрта Осиё темир йўл бошқармаси, «Ўзбектуризм» миллий компанияси ҳамда бошқа идоралар билан биргаликда аҳолига валютани алмаштириб берадиган жойлар тармоғини ташкил қилиб, уларнинг ишлаши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш тавсия этилсин.
Жисмоний шахсларга Марказий банкнинг рухсатномалари мавжуд бўлган ва бундай фаолиятни амалга оширишнинг мажбурий шартларига риоя этилган тақдирда валютани алмаштириш билан шуғулланишга ижозат берилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Адлия вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда ўн кун муддатда валюта алмаштириш операциялари билан банд бўлган юридик ва жисмоний шахсларни рағбатлантириш тўғрисидаги низомни тасдиқласин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Марказий банк билан биргаликда 10 кун муддатда Марказий банкка олтин ва бошқа валюта ресурсларини сотиш тўғрисида таклифлар киритсин.
8. Чет эл валютасидаги даромаддан Республика валюта жамғармасига 10 фоиз миқдорида, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг тегишли валюта жамғармаларига 5 фоиз миқдорида тўлаб келинган солиқ 1994 йилнинг 15 апрелидан бошлаб бекор қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 январдаги 1-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. Белгилаб қўйилсинки, 1998 йил 1 июлдан бошлаб:
пахта толасини марказлаштирилган тартибда экспорт қилишдан тушган валюта тушумини Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига мажбурий равишда сотиш Марказий банкнинг тўлов кунидаги расмий курси бўйича амалга оширилади;
марказлаштирилган тартибдаги бошқа экспортдан тушадиган валюта тушумини Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига мажбурий равишда сотиш, шунингдек марказлаштирилмаган экспортдан тушган валюта тушумининг 30 фоизини мажбурий равишда сотиш ҳамда корхоналар томонидан бўш валюта маблағларини биржадан ташқари валюта бозорида сотиш тўлов кунида биржадан ташқари бозордаги сотиб олиш курси бўйича амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 8 сентябрдаги 384-сонли қарори таҳририда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Молия вазирлиги Марказий банк ва Миллий банк билан биргаликда бир ҳафта муддатда чет эл валютасида маҳсулот сотишдан, шу жумладан, бартер йўли билан тузилган битимлар (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар)дан тушадиган, бошқа моддий бойликларни сотиш ҳамда савдо-сотиқдан ташқари ишлардан тушадиган валюта даромадини Марказий банкка мажбурий тарзда сотиш Тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
11. Белгилаб кўйилсинки, шу йилнинг 1 майидан бошлаб собиқ СССР республикаларининг хўжалик юритувчи субъектлари билан ҳисоб-китоблар клиринг асосида ёки эркин муомаладаги валютада амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
12. Марказий банк ва Молия вазирлиги Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки билан биргаликда икки ҳафта муддатда валюта назорати тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқсинлар, унда корхоналар экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш чоғида чет эл валютасидаги маблағларнинг ҳаракати тегишли тарзда назорат қилинишини ва бундай маблағларнинг чет эллардаги банкларда берухсат сақланиши имконияти истисно этилишини таъминлаш кўзда тутилсин.
13. Мулкчилик шаклларидан қатъи назар, барча корхоналар ва ташкилотлар собиқ СССР республикаларининг банкларида субсчёт ҳисоб-китоб варақаларини очган бўлсалар, уларнинг зиммасига мазкур субсчёт ҳисоб варақаларидаги мавжуд маблағлар ва уларнинг ҳаракати тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг тегишли хизмат кўрсатувчи банкларига мажбурий тартибда мунтазам ахборот бериб туриш мажбурияти юклансин.
14. Молия вазирлиги Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни кўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси билан биргаликда, республикада мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш бўйича тасдиқланган давлат дастурини эътиборга олган ҳолда, давлатнинг қийматли қоғозларини муомалага чиқариш муддатларини белгиласин.
15. «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси «Ўзбексавдо» уюшмаси, Ўзбекбирлашув билан биргаликда икки ҳафта муддатда, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, савдо корхоналари ва ташкилотларини 1995 йилнинг 1 январига қадар уларнинг буюртмаларига мувофиқ касса аппаратлари билан босқичма-босқич таъминлаш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиқсин.
«Ўзбексавдо» уюшмаси, Ўзбекбирлашув Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатга касса аппаратларидан фойдаланган ҳолда савдо-сотиқни амалга ошириш тартибини ишлаб чиқсинлар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(15-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 26 декабрдаги 621-сонли қарори билан ўз кучини йўқотди)
16. «Ўзбексавдо» уюшмасига чет эллардан халқ истеъмол моллари олиб келишни ташкил қилиш учун илова*га мувофиқ хом ашё ресурслари ажратиб берилиши учун идоралар, концернлар, корпорациялар, уюшмалар раҳбарларининг зиммасига шахсий масъулият юклансин.
* Илова рус тилида берилади.
17. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари истеъмол моллари ишлаб чиқаришни кўпайтиришнинг маҳаллий манбаларини қидириб топиш ва пулли хизматлар кўрсатиш, аҳолининг эркин пул маблағларини сафарбар этиш асосида аҳолининг тўлов қобилиятига эга бўлган эҳтиёжини товар ресурслари билан мутаносиб ҳолга келтиришни ва ўзларига қарашли ҳудудда пул эмиссиясининг камайтирилишини таъминласинлар.
18. Вазирликлар ва идоралар норматив ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқ ҳолга келтирсинлар.
19. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 11 апрель,
195-сон