Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
«Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш ҳамда меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни реинтеграция қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. Мусаевнинг жавоби ҳақида
«Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш ҳамда меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни реинтеграция қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. Мусаев томонидан юборилган ёзма жавоб маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига:
меҳнат миграцияси йўналишларини диверсификация қилиш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш;
хорижда ишлаш истагида бўлган, лекин касбий малакага эга бўлмаган ёки чет тилини билмайдиган фуқароларни касбга тайёрлаш, уларнинг билим ва кўникмаларини ошириш борасидаги ишларни янада самарали ташкил этиш;
Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағларидан самарали фойдаланиш ҳамда уларнинг мақсадли сарфланиши бўйича манзилли чора-тадбирларни белгилаш;
меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни реинтеграция қилиш, шу жумладан уларнинг бандлигини таъминлаш, касбий малакасини ошириш ҳамда уларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги ишлар юзасидан тегишли вазирликлар ва ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ёзма жавобда қайд этилган парламент сўровини кўриб чиқиш натижалари бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилишини таъминлаш юзасидан парламент назоратини амалга оширсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ушбу Қарорнинг ижроси юзасидан 2024 йилнинг 30 сентябрига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ахборот тақдим этсин.
5. Мазкур Қарор Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига юборилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. ИНОЯТОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 25 июнь,
4489-IV-сон