Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг 2024 йил беш ойидаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2024 йил беш ойидаги фаолияти юзасидан ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби муҳим йўналишларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ҳамда қонунчиликда белгиланган ваколатларга мувофиқ назорат-таҳлил тадбирларини ташкил этишга ҳисобот даврида Қўмита томонидан устувор аҳамият қаратилган.
Қўмита қонун ижодкорлиги фаолияти йўналишида жами 4 та қонун лойиҳасига масъул бўлган. Ўтган даврда қонун лойиҳаларининг 2 таси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) томонидан қабул қилинган ҳамда 1 таси иккинчи ўқиш муҳокамасига тайёрланмоқда. Шунингдек 1 та қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқиш жараёнида рад этилган.
Ҳисобот даврида Қўмита томонидан қонунларнинг ижроси ҳолатини ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини жойларга чиқиб ўрганиш, шунингдек муҳим масалалар юзасидан давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитишга доир 11 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилган.
Хусусан, жорий йил 15 март куни Қўмита мажлисида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг «Таълим муассасалари шароитларини имконияти чекланган болаларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда яхшилаш орқали ногиронлар учун барча даражадаги таълим ва касбий-техник тайёргарликдан тенг фойдаланиш имкониятини, барча учун хавфсиз ва самарали ўқитиш муҳитини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги ахбороти эшитилган.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш ҳамда уларни ҳал этишга ҳисобот даврида Қўмита томонидан алоҳида эътибор қаратилди.
Ўтган вақт ичида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 97 та мурожаат Қўмита аъзолари томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилган. Қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан фуқаролардан келиб тушган таклифлар алоҳида ўрганилиб, таклифлари асосли деб топилган 7 нафар фуқарога миннатдорлик хати юборилган.
Қўмита фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилиш, назорат-таҳлил тадбирлари якунлари ва қўмита масъуллигида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳиятини аҳолига мунтазам равишда тушунтириб бориш бўйича жами 14 та ташкилий-амалий тадбир ўтказилган.
Ҳисобот даврида қўмита аъзолари томонидан оммавий ахборот воситаларида жами 334 маротаба чиқиш қилинган ҳамда қонун ижодкорлиги ва қўмита фаолиятига оид материалларнинг мунтазам ёритиб борилиши таъминланган.
Шу билан бирга Қўмитанинг ўтган даврдаги фаолияти таҳлили ўз ечимини кутаётган қатор масалалар ҳам мавжудлигини, уларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатмоқда.
Жумладан, Қўмитанинг жойларда қонунларнинг ижро этилиш ҳолатини ўрганишга доир ишларини янада жонлантириш ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш борасидаги ташаббускорлигини кучайтириш зарур.
Қўмита томонидан ўз фаолият йўналишидан келиб чиқиб, парламент назорати тадбирлари якунлари бўйича қабул қилинган қарорларнинг ижросини доимий мониторинг қилиб бориш муҳим аҳамият касб этади.
Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва назорат-таҳлил тадбирларига Қўмита ҳузуридаги эксперт гуруҳи аъзоларини кенгроқ жалб қилиш лозим.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг 2024 йил беш ойидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасига:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2024 йилдаги фаолиятининг асосий йўналишларида Қўмита масъул этиб белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш;
Қўмита масъуллигида бўлган қонун лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш ҳамда келиб тушган таклифлар ва фикр-мулоҳазаларни қонун лойиҳаларини маромига етказишда ҳисобга олиш;
назорат-таҳлил тадбирлари доирасида қабул қилинган қарорларнинг ижросини мониторинг қилиш борасидаги ишларни янада кучайтириш;
Қўмита аъзоларининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш;
Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш жараёнларида экспертлар ва илмий ҳамжамият вакиллари билан маслаҳатлашиш, уларнинг салоҳияти ва илмий ишланмаларидан фойдаланиш амалиётини кенгайтириш;
«Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида Қўмита фаолиятига тааллуқли бўлган бандларнинг ижро этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш чораларини кўриш тавсия этилсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 10 июнь,
4415-IV-сон