LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг кредит маблағларидан самарали фойдаланиш, металл қуйиш ҳажмларини кўпайтириш ҳамда юк вагонларининг ҳар хил турларини йиғиш ва таъмирлаш бўйича янги ишлаб чиқаришларни ўзлаштириш, «Иргидромаш» очиқ акциядорлик жамиятининг ишлаб чиқариш қувватларидан оқилона фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компаниясининг «Иргидромаш» очиқ акциядорлик жамиятини «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компанияси «Ўзтемирйўлтаъмирмаш» корхонасининг шуъба корхонасига айлантириш, унинг базасида «Дизель локомотивлари паркини замонавийлаштириш» инвестиция лойиҳасининг металл қуйиш қисмини амалга ошириш учун «Иргидромаш» очиқ акциядорлик жамиятининг асосий воситаларини мазкур корхона балансига текин ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги «Сувсаноатэнерго» корхонаси балансидан сув олиш иншооти бўлган буғқозонхонани ва 18-қурилаётган корхоналар бирлашган дирекцияси балансидан қурилиши тугалланмаган маъмурий корпусни қолдиқ қиймати бўйича «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компаниясининг «Ўзтемирйўлтаъмирмаш» корхонаси балансига ўтказишни белгиланган тартибда амалга оширсин.
3. «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компаниясининг «Ўзтемирйўлтаъмирмаш» корхонаси ўз мулкига текин оладиган асосий воситалар бўйича даромад (фойда) солиғи тўлашдан озод қилинсин.
4. «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компанияси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг фойдаланиш ва қурилиш бўлинмалари томонидан «Иргидромаш» шуъба корхонасига бериладиган буюртмаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда таъминласин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «2003-2004 йилларда корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш дастури тўғрисида» 2003 йил 17 апрелдаги 185-сон қарорига 3-иловадан 304 («Иргидромаш») позицияси чиқариб ташлансин.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида «Дизель локомотивлари паркини замонавийлаштириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2002 йил 26 декабрдаги 451-сон қарори 2-бандининг учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг кредит маблағлари тендер асосида компания локомотивлари учун ёрдамчи асбоб-ускуналар билан дизель-генератор қурилмалари, шунингдек «Иргидромаш» корхонаси базасида металл қуйиш учун асбоб-ускуналар сотиб олишга йўналтирилади».