Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари ижроси ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 9 февралдаги «Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-66-сонли қарорининг (бундан буён матнда Қарор деб юритилади) 15-бандида белгиланган тавсияларни инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 9-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 9 февралдаги «Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-66-сонли қарори ижроси устидан парламент назорати амалга оширилсин.
2. Мазкур Қарор ижроси устидан парламент назоратини амалга оширишнинг асосий йўналишлари сифатида қуйидагилар белгилансин:
Қорақалпоғистон Республикасининг Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари билан узвий ҳамкорлик қилиш;
белгиланган топшириқлар ижроси устидан доимий ва тизимли мониторинг олиб бориш;
топшириқларнинг ижро ҳокимияти органлари томонидан бажарилиши юзасидан парламент назоратини маҳаллий ва республика даражасида олиб бориш, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Кенгашларида эшитувлар ташкил қилиш, парламент сўровларини юбориш, жойларда депутатлар ва сенаторлар ўрганишларини ташкил қилиш;
Қарор мазмун-моҳиятини аҳоли орасида тушунтириш ва тарғиб қилиш ишларини олиб бориш;
Қарор ижроси юзасидан олиб борилаётган ишларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштирган ҳолда Қарор ижросини самарали ташкил қилсин ҳамда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишини қатъий назоратга олсин;
ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 5-санасига қадар Қарорда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан туман, шаҳар ҳамда тармоқ кесимида таҳлилий маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига киритсин.
4. Қорақалпоғистон Республикасининг Жўқорғи Кенгесига:
бир ҳафта муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатларини туман, шаҳарларга, маҳаллий Кенгашлар депутатларини маҳаллаларга (округлар кесимида) масъул этиб бириктириш;
ўн кун муддатда Қарорда белгиланган чора-тадбирларни туман, шаҳар ҳамда маҳаллалар (округлар) кесимида тақсимлаб чиқиш ҳамда уларни бириктирилган масъул депутатларга етказиш;
ҳудудларга бириктирилган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари билан маҳаллий Кенгашлар депутатларининг доимий равишда ҳамкорликда ишлашини ташкил этиш ҳамда Қарор ижросининг ўз вақтида бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш тавсия этилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси:
ҳар чоракда бир маротаба Қарорда белгиланган вазифаларнинг тегишли вазирлик, идоралар томонидан бажарилишини жойига чиққан ҳолда ўргансин;
ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва аҳолининг муаммоларини ҳал этиш бўйича кўрилаётган чораларнинг ҳар чоракда бир маротаба маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда Кенгашнинг доимий комиссиялари билан биргаликда муҳокама қилинишини таъминласин;
зарур ҳолларда мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш тўғрисида тегишли давлат органларига таклифлар киритсин;
ҳар чорак якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгашига ахборот тақдим этиб борсин.
6. Мазкур Сенат Қарорининг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2024 йил 22 июнь,
СҚ-926-IV-сон