Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Франция Республикаси Ҳукумати ўртасида
Баённома
2016 йил 8 декабрда Гамбург шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикасида Франция тараққиёт агентлиги ва «PROPARCO»ни таъсис этиш ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги Битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари давлат реестрида 2023 йил 14 ноябрда рўйхатга олинган, рўйхат рақами 4533-FR-2023 (1)-H]
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Франция Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Франция Республикаси Ҳукумати ўртасида 2016 йил 8 декабрда Гамбург шаҳрида Ўзбекистон Республикасида Франция тараққиёт агентлиги ва «PROPARKO»ни таъсис этиш ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги Битим (кейинги ўринларда «Ҳукуматлараро битим» деб аталувчи) тузилганлигини инобатга олган ҳолда;
Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ривожланиши мақсадларига мувофиқ Франция тараққиёт агентлиги (ФТА), «PROPARKO» ва «Expertise France» молиявий ва техник ёрдамини Ўзбекистон Республикасида қулайлаштириш учун ушбу Баённома (кейинги ўринларда «Баённома» деб аталувчи) тузилиши Томонларнинг умумий манфаатларига жавоб беришини қайд қилиб;
«Expertise France»га ҳам Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Франция тараққиёт агентлиги ва «PROPARKO»га қўлланиладиган махсус мақомни бериш орқали «Expertise France»нинг ФТА Гуруҳига самарали интеграциялашувини инобатга олишни таъкидлаб;
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Мазкур Баённоманинг мақсади ФТА Гуруҳининг аъзоси сифатида «Expertise France» учун Ҳукуматлараро Битимнинг қўлланилишини кенгайтириш ҳисобланади.
2-модда
Томонлар Ҳукуматлараро битимдаги ФТА ва «PROPARKO»га тегишли бўлган ҳаволалар «Expertise France»ни ҳам ўз ичига олиши учун Ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритилганига розилик билдирдилар.
3-модда
Ҳукуматлараро Битим шартларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси томонидан ўз ҳудудида ФТА ва «PROPARKO»га берилган имтиёзлар ва преференциялар, ФТА Гуруҳининг аъзоси сифатида «Expertise France» учун шунингдек, у ёллаган ходимларга, ўз вазифаларини бажариш учун зарур бўлган даражада қўлланилади.
4-модда
Ҳукуматлараро Битимнинг 6-моддаси 6.5-банди иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ваколатхоналар фаолияти учун зарур бўлган товарлар ва хизматлар ҳамда импорт қилинадиган асбоб-ускуналар учун божхона тўловлари ва солиқларни тўлашдан озод қилиш.».
5-модда
Мазкур Баённома Ҳукуматлараро битимга илова қилинади ва унинг ажралмас қисми ҳисобланади.
6-модда
Мазкур Баённома Ҳукуматлараро Битимнинг 8-моддаси 8.1-бандида белгиланган тартибда кучга киради.
Самарқанд шаҳрида, 2023 йил 2 ноябр куни икки (2) асл нусхада, ҳар бири ўзбек ва француз тилларида имзоланди, бунда иккала матн бир хил кучга эга.
(имзолар)