Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2023 йилдаги фаолияти «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг банк тизимини ислоҳ қилиш борасидаги қарор ва фармонларида белгиланган асосий вазифаларни бажаришга қаратилган.
Марказий банк инфляцияни жиловлаш ҳамда банк тизимининг молиявий барқарорлигини мақбул даражада таъминлаш, келиб чиқиши мумкин бўлган хатарларнинг банклар капитали ва ликвидлигига салбий таъсирларини минималлаштиришга йўналтирилган ўзаро мувофиқлашган пул-кредит ва макропруденциал сиёсат олиб борган.
2023 йилда «нисбатан қатъий» пул-кредит шароитлари таъминланиб, ижобий реал фоиз ставкалари шаклланган.
Хусусан, тижорат банкларида миллий валютадаги депозитлар қолдиғи 2022 йилга нисбатан 1,3 баробарга ошиб, қарийб 170 трлн сўмни, жисмоний шахсларнинг депозитлари қолдиғи 1,4 баробарга ўсиб, 64 трлн сўмни, юридик шахсларнинг депозитлари қолдиғи эса 1,2 баробарга ошиб, 106 трлн сўмни ташкил этган.
Ҳисобот йилининг I чорагидан бошлаб инфляция даражаси пасайиб, 2023 йилнинг март ойидан асосий ставка 15 фоиздан 14 фоизга тушган.
Ушбу чора-тадбирлар пул-кредит соҳасидаги инфляция даражаси ўсишини жиловлашга имкон берди. Натижада 2023 йил якунлари бўйича инфляция даражаси 5,3 фоиз бандга пасайиб, 8,5 фоизни ташкил этган.
Макропруденциал чоралар натижасида 2023 йил якунлари бўйича банк тизимида тартибга солувчи капитал миқдори 106 трлн сўмни ва таваккалчиликка тортилган активлар 604 трлн сўмни, капитал етарлилик кўрсаткичи 17,5 фоизни (минимал талаб 13 фоиз) ташкил этган.
Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш учун 251,4 трлн сўм ёки 2022 йилга нисбатан 24 фоиз кўп кредит маблағлари йўналтирилиб, жами кредит қўйилмалари қолдиғи 497 трлн сўмга етган.
Аҳолига ажратилган кредит қўйилмалари қолдиғи 2022 йилга нисбатан 47 фоизга (148,2 трлн сўм), тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредит қўйилмалари 15,3 фоизга ўсиб, 348,5 трлн сўмни ташкил этган.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида тижорат банклари томонидан 472 мингдан ортиқ лойиҳага жами 10 трлн сўмга яқин имтиёзли кредитлар ажратилган. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида тижорат банклари томонидан 472 мингдан ортиқ лойиҳага жами 10 трлн сўмга яқин имтиёзли кредитлар ажратилган.
Ҳисобот йилида банклар томонидан активлар бўйича 13,1 трлн сўмлик қўшимча захиралар яратилган ҳамда муаммоли кредитларни захиралар билан қоплаш даражаси 4 фоизга ошиб, 2024 йилнинг 1 январ ҳолатига 85 фоизга етган.
Банкоматлар орқали банк карталаридан муқобил фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида «Humo» ва «Uzcard» банкоматлар тармоғи ўзаро интеграция қилинган.
Мобил иловалардан фойдаланиш, шунингдек, пул маблағлари билан боғлиқ жараёнларни амалга оширишда мижозларни биометрик идентификациядан ўтказиш ва пул ўтказмаларини тасдиқлаш бўйича қўшимча хавфсизлик талаблари жорий этилган.
Шу билан бирга, ўрганишлар Марказий банк томонидан тижорат банклари фаолиятини назорат қилиш ва тартибга солиш ишлари етарли эмаслигини кўрсатмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 9 мартдаги «Аҳоли томонидан тўловларни амалга оширишда қўшимча қулайликлар яратиш тўғрисида»ги ПҚ-88-сонли қарорида белгиланган «Humo» ва «Uzcard» тўлов терминаллари тизимини интеграция қилиш ишлари ҳисобот йили якунига қадар охирига етказилмаган.
Банк карталаридан пул маблағлари ноқонуний ечилишининг олдини олиш ва тўлов тизимлари хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бир қатор таъсирчан чоралар кўрилган бўлса-да, фуқароларнинг банк карталаридан турли фирибгарлик йўллари билан маблағларни ўзлаштириш ҳолатларига барҳам берилмаган.
Ҳудудлардаги муаммоли кредитларнинг ундирилиши самарадорлиги паст бўлиб, уларнинг умумий кредит портфелидаги улуши 2022 йилда 3,6 фоизни ва 2023 йилда 3,5 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йилда ўтган йилги даражада сақланиб қолинган.
Парламент назорати доирасида ўтказилган ўрганишда Бухоро вилоятида муаммоли кредитлар 2023 йилда 327,1 млрд сўмга (132 фоизга) ўсганлиги аниқланган.
Вилоятда прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан ижрода бўлган 395,6 млрд сўм 3 ойдан ортиқ вақт давомида ундирилмаган.
Вилоят тижорат банкларининг гаров мулки ҳисобидан балансига олинган 162,4 млрд сўмлик 100 та мол-мулкдан 161,1 млрд сўмлик 93 таси бир йилдан ортиқ муддатдан буён сотилмасдан турган.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар ажратилиши ҳисобига харид қилиш учун маҳсулот ва хизматларни таклиф этувчи «маркетплейс» тизимида маҳсулотлар ўртача 23 фоизга қиммат нархда сотилган.
Вилоятдаги 123 та автоматлаштирилган валюта айирбошлаш банкоматининг фақат 58 тасида нақд пулда, 57 тасида эса пластик карта орқали хорижий валютани сотиб олиш имконияти яратилган, бироқ бир вақтда ҳам нақд пул, ҳам нақдсиз пул қабул қилиш имкониятига эга банкоматлар билан таъминлаш чоралари кўрилмаган.
Юқорида қайд этилганлардан келиб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 9-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки:
а) нархлар барқарорлигини таъминлаш ҳамда пул-кредит сиёсати трансмиссиясини такомиллаштириш йўналишида:
пул-кредит шароитлари ички ва ташқи макроиқтисодий жараёнларга мос ҳолатда шаклланишини таъминлаш ҳамда иқтисодиётда базавий инфляция даражасини йиллик 7-8 фоизгача пасайтириш чораларини кўрсин;
асосий ставка бўйича қарорларнинг иқтисодиётдаги фоиз ставкаларига таъсири самарадорлигини ошириш ва пул бозорида ижобий 3-4 фоизлик реал ставкалар шаклланишини таъминлаш чораларини кўрсин;
инфляцияни пасайтиришга ва унинг прогноз кўрсаткичлари доирасида жиловлашга қаратилган коммуникацион сиёсатни мунтазам такомиллаштирсин;
б) банк тизими барқарорлигини таъминлашда назорат механизмларини такомиллаштириш ҳамда макропруденциал сиёсат чораларини кучайтириш йўналишида:
молия секторини баҳолаш дастури (FSAP) асосида кредит ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш тизимининг Базел талабларига мувофиқлиги юзасидан баҳолаш ўтказилишини ташкил этиш чораларини кўрсин;
тизимли аҳамиятга эга банкларнинг кредит, ликвидлилик, операцион ва бозор хатарларига бардошлилик ҳолатини риск-профилини баҳолаш асосида даврий равишда баҳоласин;
банклар томонидан пруденциал меъёрларга риоя этилиши, активлар сифатининг тўғри таснифланиши, улар бўйича захиралар яратилиши ҳамда кредитларнинг ундирилиши ҳолатини доимий равишда назорат қилсин;
банк тизимининг энг йирик 50 та қарз олувчи кредит таваккалчиликлари ва уларнинг банклар молиявий барқарорлигига таъсирини ўргансин;
тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда кенгайтириш истагидаги хотин-қизларга бизнес лойиҳаларни сифатли ишлаб чиқишда ҳар томонлама кўмаклашиш ҳамда кредитларнинг ўз вақтида ажратилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб тижорат банклари фаолиятини мувофиқлаштириб борсин ва муаммоларни тезкор ҳамда самарали ҳал қилиш чораларини кўрсин.
д) тўлов тизимлари барқарор ишлашини таъминлаш ва хизматлар кўламини кенгайтириш ҳамда пул маблағлари фирибгарлик йўли билан ечилишининг олдини олишга қаратилган киберхавфсизлик чораларини кучайтириш йўналишида:
«Uzcard» ва «Humo» миллий тўлов тизимлари тўлов терминаллари тармоғининг ўзаро интеграциясини амалга ошириш ҳисобига аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун ҳар иккала тизимдан муқобил фойдаланиш имкониятларини яратиш ишларини 2024 йил охирига қадар якунласин;
масофадан рақамли идентификация қилиш тизими (Face ID) орқали идентификациядан ўтган мижозлар кўлами Марказий банкда марказлашган биометрик идентификация тизимини жорий қилиш ҳисобига 2024 йил якунига қадар 1,3 баробарга (8,5 млн тага) ошишини таъминласин;
республика миқёсида жойларда ўрнатилган банкомат, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш киоскаси ва автоматлаштирилган депозит машиналари сонини 2024 йил бошидаги кўрсаткичга нисбатан 1 минг донага оширган ҳолда йил якунига келиб, 27,7 минг донага етказиш чораларини кўрсин;
банк картаси ҳамда банк сири маълумотлари фирибгарлик мақсадларида фойдаланиш учун Интернет тармоғидаги ахборот ресурсларида тарқатилишидан хабардор бўлиш ҳамда уларни мониторинг қилиш бўйича Марказий банкда замонавий дастурий воситаларни йўлга қўйсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
инфляциянинг прогноз кўрсаткичлари доирасида шаклланишини таъминлаш мақсадида номонетар омилларнинг инфляцияга таъсирини мунтазам камайтириш;
иқтисодиёт тармоқлари салоҳияти ва унумдорлигини ҳамда истеъмол бозорларида рақобат муҳитини ривожлантиришга қаратилган чораларнинг натижадорлигини ошириш;
экспорт ҳажмининг (махсус экспортсиз) барқарор (йилига 25 — 30 фоиз) юқори ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Марказий банк ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги «маркетплейс» тизимида иштирок этадиган маҳсулот етказиб берувчиларга қўйиладиган талабларни кўриб чиқиб, шаффоф ва очиқ маҳсулотлар савдосини таъминлашга қаратилган ўзгартириш киритсин.
Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан биргаликда «маркетплейс» тизимида маҳсулотлар нархи асоссиз ўсишининг олдини олиш ва ҳудуддаги ички бозор нархига мутаносиб бўлишини платформа орқали назорат қилиш тизимини кучайтирсин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тижорат банклари билан биргаликда мавжуд муаммоли кредитларни ундириш бўйича қатъий чоралар кўрсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ижрода бўлган банклар фойдасига ундирув билан боғлиқ ишлар ижросини таъминлаш чораларини кучайтирсин.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига давлат дастурлари доирасида кредит ажратилиши ва улардан самарали фойдаланиш ҳолати устидан доимий депутатлик назоратини ўрнатиб, дастурлар доирасида ажратилган кредит маблағларининг мақсадли ишлатилиши, лойиҳаларнинг ишга туширилиши борасида амалга оширилган ишлар бўйича Марказий банкнинг вилоят бош бошқармалари раҳбари ахборотини эшитиб бориш тавсия этилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг барча қўмиталари 2024 йил якунига қадар ҳар чоракда жойларда янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ёшлар, хотин-қизлар бизнесини ривожлантириш каби йўналишларга кредитлар ажратилиши ва уларнинг мақсадли сарфланиши билан боғлиқ муҳим масалаларни тааллуқлилиги бўйича қўмиталар мажлисларида муҳокама қилиб борсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (М. Нурмуратов) мазкур Қарор ижроси юзасидан 2025 йилнинг 15 февралига қадар ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот тақдим этсин.
10. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси (Э. Гадоев) зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2024 йил 18 май,
СҚ-910-IV-сон