Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида белгиланган вазифалар ижроси устидан самарали парламент назоратини олиб боришга доир чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев раислигида 2024 йил 29 мартда ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, мамлакатимизда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга ошириладиган ишлар юзасидан таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини олиб бориш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 2024 йил 29 март куни «Яшил макон» лойиҳаси доирасидаги ишлар ҳамда чиқиндиларни бошқаришни такомиллаштириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан амалга ошириладиган ишларни самарали ташкил этиш бўйича «Йўл харитаси» (бундан буён матнда «Йўл харитаси» деб юритилади) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан сайлов округларидаги фаолияти давомида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти сайловчиларга кенг тушунтирилишини ташкил қилиш;
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларда кўчат экиш, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштиришга доир тадбирларда фаол иштирок этиш;
маҳаллий Кенгашлар депутатларини кенг жалб этган ҳолда, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида белгиланган вазифалар ижросининг таъминланиши ҳолати юзасидан таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини олиб бориш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида белгиланган вазифалар ижроси устидан ўз фаолият йўналишларидан келиб чиқиб, парламент назоратини кучайтирсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари О. Тожиев «Йўл харитаси»да белгиланган вазифаларнинг ижроси доирасида амалга ошириладиган ишлар ҳамда ўтказиладиган тадбирларнинг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этсин.
5. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Х. Гаппоров зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 16 апрель,
4265-IV-сон