Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
«Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П. Бобожоновнинг жавоби ҳақида
«Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. «Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П. Бобожонов томонидан юборилган ёзма жавоб маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига:
гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи моддалар истеъмол қилишнинг оғир оқибатларини акс эттирувчи видеороликларни тайёрлаб, уларнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғи ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали, шунингдек жойларда тушунтириш ишларини олиб боришда кенг намойиш этилишини таъминлаш;
гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғи воситасидаги қонунга хилоф равишда муомаласига қарши курашиш самарадорлигини ошириш, айниқса, бундай ҳуқуқбузарликлар ташкилотчиларини тезкор равишда аниқлаш мақсадида хорижий давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликни кучайтириш;
вазирликнинг гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши курашиш соҳасига бевосита дахлдор бўлган бўлинмалари иши самарадорлигини ошириш мақсадида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишга доимий эътибор қаратиб бориш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи моддаларни қонунга хилоф равишда вояга етмаган шахсларга ўтказганлик учун, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда сақлаш ва ўтказишга ёки истеъмол қилишга вояга етмаган шахсларни жалб этганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш;
гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши курашиш бўйича илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек илғор хорижий тажрибани ўрганиш;
гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши курашиш борасида мавжуд ахборот-коммуникация технологияларининг имкониятларини доимий ривожлантириб бориш чораларини кўриш;
гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни истеъмол қилишга жалб этишнинг олдини олишда кўмаклашган фуқаролар ва нодавлат нотижорат ташкилотларини рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларида синтетик гиёҳвандлик воситаларини, шунингдек психотроп ва кучли таъсир этувчи воситаларни экспертизадан ўтказишга мўлжалланган махсус кимёвий лабораторияларни ташкил этиш чораларини кўриш;
гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг мажлисида кўриб чиқиш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар устидан мунтазам равишда парламент назоратини амалга оширсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу Қарорнинг ижроси юзасидан жорий йилнинг 1 сентябрига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ахборот тақдим этсин.
6. Ушбу Қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилсин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари О. ТОЖИЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 20 март,
4172-IV-сон