Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2023 йилдаги фаолияти юзасидан ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) Кенгаши таъкидлайдики, Қўмита қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш ва ўсимликларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш, шунингдек соҳада олиб борилаётган ишлар устидан таъсирчан парламент назоратини таъминлаш борасида қатор ишларни амалга оширган.
Жумладан, Қўмита 11 та қонун лойиҳасини маромига етказишга масъул бўлган ва маъқуллаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилган.
Хусусан, тупроқ унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш, тоза тупроқда сифатли маҳсулот етиштириш, объектларни лойиҳалаштириш чоғида тупроқнинг унумдор қатламини сидириб олиб сақлаш, гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини аниқ белгилаш, ижара муносабатларини янада кенгайтириш ҳамда жамоат эҳтиёжлари учун оммавий сервитут белгилашни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган «Тупроқ унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида»ги, «Ер тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳалари шулар жумласидандир.
Сайловчилар билан ўтказилган учрашувларда ҳамда фуқароларнинг мурожаатларида кўтарилган масалаларни ҳал этиш мақсадида Қўмита аъзолари иштирокида 4 та қонун лойиҳаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритилган.
Хусусан, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда бошқа сув истеъмолчилари учун сув етказиб беришнинг аниқ тартибини белгилашга, шунингдек қонунчилик амалиётида аниқланган бўшлиқларни тўлдиришга хизмат қилди.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан қонунларнинг ҳамда Қонунчилик палатаси қарорларининг ижро этилиш ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини жойларга чиқиб ўрганиш, давлат органлари раҳбарларининг улар томонидан қонунларга риоя этилиши тўғрисидаги ахборотни эшитишга қаратилган 24 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилган.
Жумладан, Қўмита ташаббуси билан 2023 йил 25 июлда Қонунчилик палатасининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш. Ҳамраевнинг «Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган концепциясини амалга ошириш юзасидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти эшитилган.
Шунингдек Қўмита томонидан 2023 йилда Қонунчилик палатасида ўтказилган 2 та «ҳукумат соати»ни юқори савияда ташкил этиш чоралари кўрилган. Мазкур «ҳукумат соати» тадбирларида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг аграр тармоқни янада ривожлантириш, соҳада белгиланган вазифалар ижросини самарали ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирининг сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сувни тежаш бўйича кўрилаётган чоралар ва сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш масалалари юзасидан Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан берилган саволларга жавоблари эшитилган.
Бундан ташқари Қўмита мажлисида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш, аграр соҳада тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда фуқаролар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг бажарилиш ҳолати юзасидан ахборотларини эшитиш ташкил этилган.
Шунингдек Қўмита аъзолари «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг ижро этилиш ҳолати Фарғона ва Тошкент вилоятлари, «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг ижроси Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари, «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги Қонуннинг ижро этилиши ҳолати Андижон вилояти, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуннинг ижроси Тошкент вилояти мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганилган. Мазкур ўрганиш якунлари соҳа мутасаддилари иштирокида Қўмита мажлисларида атрофлича муҳокама этилиб, Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинган.
Қўмита аъзолари томонидан сайловчилар билан тизимли мулоқотни кучайтириш, жойларда мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, тезкорлик билан бартараф этиш масалаларига устувор аҳамият қаратилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг 306 та мурожаати кўриб чиқилган.
Шу билан бирга Қўмита фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, соҳага оид қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик мустаҳкамланган. Хусусан, Қўмитанинг фаолияти оммавий ахборот воситаларида жами 1 556 маротаба ёритилган.
Юқоридагилар билан бир қаторда Қўмитанинг ўтган даврдаги фаолияти таҳлили бу борада ҳали ўз ечимини кутаётган қатор масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари ҳамда давлат дастурларидаги Қўмита фаолиятига тааллуқли бўлган вазифаларнинг ижро этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга оширишни янада кенгайтириш талаб этилмоқда.
Қўмита ташаббуси билан ўтказилган парламент назорати тадбирлари якунлари бўйича қабул қилинган қарорларнинг ижросини доимий равишда мониторинг қилиб бориш, шунингдек қонун ташаббускорлиги борасидаги таклифларни кўпайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Мамлакатимизда қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларини тараққий эттириш борасидаги ислоҳотлар Қўмитанинг тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ишлаш тизими самарадорлигини янада оширишни тақозо этмоқда.
Шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, қонун лойиҳалари бўйича берилаётган таклифларни бевосита улар иштирокида Қўмита мажлисларида муҳокама этиш, жойларда фуқаролар томонидан кўтарилаётган муаммоларни масъул ташкилотлар билан биргаликда кўриб чиқиш борасидаги ишларни янада кучайтириш зарур.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси:
белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш ва унинг якунлари бўйича қабул қилинган қарорларнинг ижро этилиш ҳолатини доимий равишда мониторинг қилиб бориш;
қонун ташаббускорлиги борасидаги таклифларни кўпайтириш, Қўмита масъул бўлган қонун лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш ҳамда келиб тушган таклифлар ва фикр-мулоҳазаларни қонун лойиҳаларини маромига етказишда ҳисобга олиш;
соҳани ривожлантиришга қаратилган давлат дастурлари ва бошқа дастурларнинг масъул вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда идоралар томонидан бажарилиши бўйича самарали парламент назоратини олиб бориш ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш;
қонунчилик ҳужжатлари бўйича фуқаролар томонидан берилган таклифларни бевосита улар иштирокида Қўмита мажлисларида ҳамда фуқаролар томонидан кўтарилаётган масалаларни мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда муҳокама қилиш чораларини кўрсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Хаитов зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 20 март,
4155-IV-сон