Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
«Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021 — 2025 йилларга мўлжалланган стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Б. Закировнинг жавоби ҳақида
«Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. «Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021 — 2025 йилларга мўлжалланган стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Б. Закиров томонидан юборилган ёзма жавоб маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига:
қурилиш тармоғини ривожлантириш, бошқарув тизими самарадорлигини ошириш, илғор хорижий тажрибаларни қўллаш ва рақамли технологияларни жорий этиш мақсадида аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, шунингдек ҳудудларда қурилишларни режалаштириш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштиришда бош режаларга амал қилиш борасидаги назоратни кучайтириш;
шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини такомиллаштириш, халқаро нормалар билан уйғунлаштириш, лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш ҳамда экспертиза қилишда уларга риоя этиш, шунингдек қурилиш ишларини амалга оширишда сифат назоратининг таъминланиши чораларини кўриш;
қурилиш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали соҳага оид барча жараёнларни рақамлаштириш ва «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимини янада кенгайтириш чораларини кўриш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2024 йил 29 январь куни уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида 2024 йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишидан келиб чиқиб, уй-жой, қурилиш ва коммунал хўжалиги соҳаларида манзилли чора-тадбирларни белгилаб олиш ва унинг ижросини таъминлаш чораларини кўриш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ёзма жавоб маълумотида қайд этилган, парламент сўровини кўриб чиқиш натижалари бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилишини таъминлаш юзасидан парламент назоратини амалга оширсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ушбу Қарорнинг ижроси юзасидан 2024 йилнинг 1 августига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ахборот тақдим этсин.
5. Мазкур Қарор Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига юборилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. ИНОЯТОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 20 февраль,
4064-IV-сон