Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларини маънавий ва моддий рағбатлантириш бўйича комиссиянинг тавсияси тўғрисида
Парламент фаолиятида қонун ижодкорлигини такомиллаштириш, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан унумли фойдаланиш, парламент назорати тадбирлари самарадорлигини ошириш, сайловчилар билан доимий мулоқотда бўлган ҳолда, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаётида фаоллик кўрсатиб, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижадорлигига муносиб ҳисса қўшаётган ҳамда ўзининг меҳнатсеварлиги ва ташаббускорлиги билан намуна кўрсатаётган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларини ҳар йили бир маротаба маънавий ва моддий рағбатлантириш тизими йўлга қўйилган.
Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида самарали фаолият кўрсатган ҳамда миллий парламентаризмни ривожлантиришда фаол иштирок этган собиқ депутатларнинг ҳам меҳнати қадрланиб, алоҳида эҳтиром кўрсатилмоқда.
Ўтган давр мобайнида ўзининг ижобий натижасини бериб келаётган мазкур амалиётни изчил давом эттириш халқ вакилларининг фаолияти самарадорлигини оширишга, уларнинг парламент фаолиятидаги жонбозлигини кучайтиришга, мамлакатимизда олиб борилаётган демократик ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларини маънавий ва моддий рағбатлантириш бўйича комиссиянинг тавсиясини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларини маънавий ва моддий рағбатлантириш бўйича комиссиянинг:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қуйидаги депутатларига:
Шухрат Хурсанович Шарафутдиновга — «Адолатли депутат» мақомини;
Козимжон Ўктамович Тожиевга — «Халқпарвар депутат» мақомини;
Елена Владимировна Бабенкога — «Меҳнаткаш депутат» мақомини;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг собиқ депутати Собир Вахабович Жабборовга «Фахрий депутат» мақомини бериш тўғрисидаги тавсияси маъқуллансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатларига «Адолатли депутат», «Халқпарвар депутат», «Меҳнаткаш депутат», шунингдек собиқ депутатига «Фахрий депутат» мақомларини бериш тўғрисидаги масала Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисининг муҳокамасига киритилсин.
3. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 26 февраль,
4079-IV-сон