Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қўшма қарори
Мамлакатни 2024 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича белгиланган вазифаларнинг бажарилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. Мирзиёев раислигида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишларда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш, инвестиция ва экспорт ҳажмини ошириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, уй-жой ва коммунал хўжалиги, қурилиш, транспорт, экология ҳамда ижтимоий соҳаларда 2024 йилда амалга оширилиши лозим бўлган асосий устувор вазифалар ва йўналишлар белгилаб берилди.
Мазкур вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилиши устидан таъсирчан парламент назоратини йўлга қўйиш, жойларда назорат-таҳлил тадбирларини олиб бориш, шунингдек бу борада вакиллик органларининг фаол иштирокини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қиладилар:
1. Макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш, қишлоқ хўжалигида янги захираларни ишга солиш, уй-жой ва коммунал хўжалиги, қурилиш, транспорт ҳамда экология соҳаларидаги устувор вазифаларнинг бажарилиши устидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Инвестиция, экспорт, саноат ҳамда ижтимоий соҳалардаги устувор вазифаларнинг бажарилиши устидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати қўмиталари мазкур чора-тадбирлар режаларида белгиланган асосий йўналишлар ҳамда вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминласинлар.
4. Мамлакатни 2024 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари доирасида белгиланган муҳим вазифаларнинг ижро этилиш ҳолатини ўрганиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг гуруҳлари таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Мамлакатни 2024 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари доирасида белгиланган муҳим вазифаларнинг ижро этилиш ҳолатини ўрганиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг гуруҳлари таркиби 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Гуруҳлар раҳбарлари:
ҳудудлардаги ўрганишларни самарали ташкил этиш мақсадида соҳалар кесимида саволномалар ишлаб чиқиш;
жойларга чиққан ҳолда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилиш ҳолатини ҳар ойнинг охирги ҳафтасида мониторинг қилиш;
мамлакатни 2024 йилда ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича белгилаб берилган ҳар бир вазифанинг мазмун-моҳиятини жойларда туманлар (шаҳарлар) ҳокимларига ҳамда сектор раҳбарларига тушунтириш ишларини ташкил этиш ҳамда бу борада жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
ўрганишлар якунларининг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларида ҳокимлар, вазирликлар ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари иштирокида муҳокама этилишини йўлга қўйиш;
ўтказилган тадбирлар натижалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари Кенгашларига ҳар ой якуни бўйича ахборот киритиш чораларини кўрсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишлари бўйича белгиланган тадбирларнинг бажарилиши устидан депутат назоратини амалга оширишда маҳаллий Кенгашларга амалий ёрдам кўрсатсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девони Парламент ахборот маркази (М. Пармонова) ва Сенати девони Матбуот хизмати (Х. Туляганов) ҳудудларда ўтказиладиган ўрганишлар ва парламент назорати тадбирларининг оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан ижтимоий тармоқларда кенг ёритилишини таъминлаш чораларини кўрсин.
9. Ушбу Қўшма қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклатилсин.
10. Ушбу Қўшма қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 13 февраль,
4031-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2024 йил 13 февраль,
КҚ-679-IV-сон