Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги директори Н. Бакировнинг «Ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланиш ҳолати тўғрисида»ги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги (бундан буён матнда Ўрмон хўжалиги агентлиги деб юритилади) директори Н. Бакировнинг «Ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланиш ҳолати тўғрисида»ги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, ўрмонларни муҳофаза қилиш, ўрмон фонди ерларидан оқилона фойдаланиш, дарахт ва буталарни экиш ҳамда етиштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилган.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойлик бўлиб, улардан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва улар давлат муҳофазасида эканлиги назарда тутилган.
«Ўрмон тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни янги таҳрирда қабул қилиниб, ўрмон хўжалиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ўрмонларни муҳофаза қилишга доир тадбирларини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари белгилаб берилди, соҳага алоқадор бўлган давлат органларининг ваколатлари аниқлаштирилди.
Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди ва унда ўрмон хўжалигини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, бу борадаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари белгиланди.
Сўнгги олти йил давомида ўрмон фонди ерлари 1 млн. гектарга кенгайиб, бугунги кунда 11,9 млн. гектарни, яъни республика умумий ер майдонининг 26,4 фоизини ташкил этган.
Давлат ўрмон фонди ер майдонларидан фойдаланишда ижара муносабатлари такомиллаштирилиб, ижарага беришнинг замонавий ва шаффоф механизмлари жорий этилган.
Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан 2023 йилда 235 минг гектар майдонда ўрмон барпо этиш ва уни қайта тиклаш тадбирлари бажарилган, ўрмон фонди ерларининг фойдаланилмаётган 7 012 гектар майдонлари ўзлаштирилган.
Оролбўйи ҳудудларининг экологик барқарорлигини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида 127,8 минг гектар, Бухоро вилоятида 40,6 минг гектар, Навоий вилоятида 43,7 минг гектар ва Хоразм вилоятида 10,6 минг гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан «яшил қопламалар» барпо этилган.
Ўрмон фонди ерларидаги экотуризм объектлари сони 280 тага, экотуристик маршрутлар сони 38 тага етказилган.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида республика бўйича 3 млн. тупга яқин дарахт ва бута кўчатлари ҳамда ниҳоллари етказиб берилган, 457 гектар майдонда «яшил боғлар» барпо этилган.
Ўрмон фонди ерларидаги экотуризм объектлари сони 280 тага, экотуристик маршрутлар сони 38 тага етказилган.
Шу билан бирга ўтган даврда амалга оширилган ишлар таҳлили ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланиш борасида эътибор қаратиш лозим бўлган айрим масалалар ҳам мавжудлигини кўрсатмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида Ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПҚ-4850-сонли Қарорида 2022 йилнинг 1 февралига қадар Ўзбекистон Республикасининг Ўрмон кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш белгиланган бўлсада, кодекс лойиҳасини тайёрлаш борасидаги ишлар бугунги кунга қадар якунига етказилмаган.
Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 20 майдаги «Доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш ва қайта ишлаш ҳамда даволашда улардан кенг фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-251-сонли Қарорида назарда тутилган Доривор ўсимликлар хом ашёси ва улардан олинадиган маҳсулотларни сертификатлаштириш ва стандартлаштириш лабораторияси ҳозирга қадар ташкил этилмаган.
Соҳада илмий-тадқиқотлар олиб бориш учун замонавий шарт-шароитлар етарли даражада ташкил этилмаганлиги хорижий давлатлардан ноёб турдаги ўсимликларни олиб келиш ва иқлимлаштириш (интродукция), йўқолиб бораётган ўсимликларнинг биологик хусусиятларини ўрганиш ҳамда соҳага инновацион технологияларни жорий этиш имкониятини чекламоқда.
Ўрмон фонди ерларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш, салоҳиятли ўрмон фонди ерларини сайёҳлар ташрифи учун мослаштириш борасидаги ишларни янада кучайтириш лозим. Ваҳоланки, бугунги кунда республикада бор-йўғи 5 та ташриф маркази фаолияти йўлга қўйилган.
Ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш, ўрмонларни сақлаш, қайта тиклаш ва кўпайтириш бўйича жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, ўрмон фонди ерларини юридик ва жисмоний шахсларга ижарага бериш тизимини самарали йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ўрмон билан қопланган ерларни 2023 йил якунига қадар 3,89 млн. гектарга етказиш назарда тутилган. Бироқ ўрмон хўжалиги томонидан ўрмонзорлар ва бутазорлар майдонини кенгайтириш юзасидан чора-тадбирлар етарли даражада амалга оширилмаганлиги натижасида ўрмон билан қопланган ерлар майдони 2023 йил якунига кўра 3,5 млн. гектарни ташкил этган.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги директори Н. Бакировнинг «Ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланиш ҳолати тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги:
Ўзбекистон Республикасининг Ўрмон кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш борасидаги ишларни якунига етказиш;
ўрмон фонди ерларида экотуризмни ривожлантириш, экотуристик маршрутлар ва зарур инфратузилма объектларини ташкил этиш чораларини кўрсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги:
Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси доирасида ўрмон фонди ерларини кенгайтириш, ўрмон фонди ерларининг ўрмон билан қопланганлик даражасини ошириш;
республика ҳудудидаги барча ўрмон фонди ер майдонларини давлат хатловидан ва рўйхатдан ўтказиш, ўрмон тузиш ишлари ҳақидаги ягона электрон маълумотлар базасини юритиш;
ўрмонларни муҳофаза қилиш ва кўпайтириш фаолиятига салбий таъсир кўрсатмаган ҳолда ўрмон фонди ерларини юридик ва жисмоний шахсларга очиқлик ва тенг рақобат муҳитини таъминлаган ҳолда ижарага бериш тизимидан янада самарали фойдаланиш;
доривор ўсимликлар хомашёсини ҳамда улардан олинадиган маҳсулотларни сертификатлаштириш ва стандартлаштириш лабораториясини ташкил этиш ҳамда жиҳозлаш ишларини якунига етказиш чораларини кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги 2024 йил 1 майга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ушбу Қарорнинг ижроси бўйича ахборот киритилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланиш борасида олиб борилаётган ишлар устидан таъсирчан парламент назоратини амалга оширсин.
6. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Х. Гаппоров зиммасига юклатилсин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 6 февраль,
3983-IV-сон