Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирининг
буйруғи
Спорт турлари бўйича ягона спорт таснифи тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил 26 февралда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2921-7]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 4 ноябрдаги 588-сон «Спортчиларга спорт унвонлари ва спорт разрядларини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасининг 2017 йил 4 июлдаги 3-мҳ-сон қарори (рўйхат рақами 2921, 2017 йил 28 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 35-сон, 935-модда) билан тасдиқланган Спорт турлари бўйича ягона спорт таснифи тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир А. ИКРАМОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 20 февраль,
1-мҳ-сон
Келишилди:
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П. БОБОЖОНОВ
2024 йил 23 январь
Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши раиси К. ИШАНХОДЖАЕВ
2024 йил 29 январь
Мудофаа вазири Б. КУРБАНОВ
2024 йил 1 февраль
Ўзбекистон Республикаси спорт вазирининг 2024 йил 20 февралдаги 1-мҳ-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Спорт турлари бўйича ягона спорт таснифи тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча
1. Муқаддима қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Мазкур Низом спорт турлари реестрига киритилган спорт турлари бўйича тегишли спорт унвонлари ва спорт разрядларини бериш учун бажарилиши зарур бўлган нормалар ва талаблар ҳамда уларни бажариш шартларининг мазмунини, ягона спорт таснифини шакллантириш, шунингдек спорт турлари бўйича спорт унвонлари ва спорт разрядларини бериш бўйича малака комиссияси фаолияти тартибини белгилайди.».
2. Қуйидаги мазмундаги 41-банд билан тўлдирилсин:
«41. Спортчиларга спорт унвонлари ва спорт разрядларини бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 4 ноябрдаги 588-сон қарори билан тасдиқланган Спортчиларга спорт унвонлари ва спорт разрядларини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ амалга оширилади.».
3. 14-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«14. ЯСТ Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ўтказилишининг даврийлигини инобатга олиб, ҳар 4 йилда бир марта келгуси 4 йил муддатга спорт федерацияларининг (уюшмаларининг), спортнинг техник ва амалий турлари бўйича эса — Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий Кенгашининг тақдимномаларига асосан Олимпия ўйинлари ўтказилган йил якунига қадар Ўзбекистон Республикаси спорт вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.».
5. 39-банддаги «спорт турлари бўйича олий спорт маҳорати мактаблари» деган сўзлар «спорт турларини ривожлантириш республика марказлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
6. 42-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«42. Малака комиссияси томонидан сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат келиб тушгандан сўнг беш иш куни муддатида кўриб чиқилади.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.02.2024 й., 10/24/2921-7/0151-сон)