Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2023 йилдаги фаолияти юзасидан ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, ҳисобот йилида мамлакатимизнинг мудофаа салоҳиятини кучайтириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш каби муҳим йўналишларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга Қўмита томонидан устувор аҳамият қаратилган ҳамда ушбу йўналишларда олиб борилаётган ишлар устидан таъсирчан парламент назорати ўрнатилган.
Ҳисобот даврида Қўмита жами 17 та қонун лойиҳасига масъул бўлган ва уларнинг 13 таси қабул қилиниб, маъқуллаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилган.
«Йўл ҳаракати тўғрисида»ги, «Пробация тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноятчиликка қарши курашиш бўйича фаолиятнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир.
Қўмита аъзолари томонидан «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритилган.
Бундан ташқари «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳасини маромига етказишда Қўмита томонидан ишлаб чиқилган бир қанча таклифлар инобатга олинган.
Ҳисобот даврида Қўмита томонидан қонунларнинг ижро этилиши ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини жойларга чиқиб ўрганиш, долзарб масалалар юзасидан давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитишга қаратилган жами 8 та парламент назорати тадбири ўтказилган.
Жумладан, қўшинларнинг жанговар шайлиги, ҳарбий хизматчиларнинг профессионал ва ахлоқий-руҳий тайёргарлиги юзасидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Шимоли-ғарбий ҳарбий округи мисолида ўрганилган.
Шунингдек Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий қисм ва муассасаларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги масала ўрганилган. Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари З. Маҳкамованинг ахбороти эшитилган.
Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик доирасида тузилган халқаро шартномалари Қўмита томонидан таҳлил қилиниб, мамлакатнинг мудофаа қобилиятига таъсир этувчи халқаро шартномаларни тайёрлаш, тасдиқлаш, имзолаш ва ратификация қилиш амалиётини қонунчиликка мувофиқлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш юзасидан мутасадди органларга таклифлар киритилган.
Ўтган даврда мансабдор шахсларга муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён этиш талаби билан Қўмита таклифига мувофиқ 3 та парламент сўрови юборилган.
Хусусан, Қўмита ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Раматовга «Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш бўйича ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида» ҳамда «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровлари юборилган.
Ҳисобот йилида олий ҳарбий таълим муассасалари билан ҳамкорликда мудофаа ва хавфсизлик соҳасига тааллуқли масалаларни таҳлил қилишга бағишланган 9 та давра суҳбати, 2 та семинар ва 5 та учрашув ўтказилган.
Бундан ташқари мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги халқаро тажрибани ўрганиш, ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида 2023 йилнинг 13 — 15 декабрь кунлари «Муҳим инфратузилмани террористик ҳужумлардан ҳимоя қилиш бўйича миллий хабардорликни ошириш» мавзусида семинар ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Қўмита аъзолари томонидан Сурхондарё ва Андижон вилоятларидаги ўзбек-афғон ҳамда ўзбек-қирғиз Давлат чегараси бўйида жойлашган ҳарбий объектларга ҳамда Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларига ташриф амалга оширилган.
Қўмита ташаббуси билан «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан 2023 йилнинг 19 — 29 апрель кунлари «Ўзбекистон ёшлари ўзи, армия ва ватанпарварлик ҳақида» деган мавзуда сўров ўтказилган. Қўмита мазкур социологик тадқиқот натижаларидан қонунчиликни янада такомиллаштириш, назорат-таҳлил тадбирларини амалга оширишда кенг фойдаланмоқда.
Қўмита аъзолари томонидан сайловчилар билан тизимли мулоқотни кучайтиришга, жойларда мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлашга, уларни тезкорлик билан бартараф этишга устувор аҳамият берилган ҳолда жисмоний ва юридик шахсларнинг 455 та мурожаати кўриб чиқилган.
Бундан ташқари Қўмита томонидан ҳарбий хизматчиларнинг, ҳарбий хизматдан бўшатилган, захирага олинган ҳамда пенсияга чиққан шахсларнинг мурожаатларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) билан биргаликда тизимли равишда таҳлил қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилди.
Шу билан бирга Қўмитанинг ўтган даврдаги фаолияти таҳлили ўз ечимини кутаётган қатор масалалар ҳам мавжудлигини, уларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, мамлакатнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, қонунчиликни такомиллаштиришга доир таклифларни кўпайтириш, қонунларнинг жойларда ижро этилиши ҳолатини ўрганишга доир ишларни янада кенгайтириш талаб этилмоқда.
Парламент назорати тадбирлари якунлари бўйича қабул қилинган қарорларнинг ижросини доимий мониторинг қилиб бориш муҳим аҳамият касб этади.
Қўмита ҳузуридаги эксперт гуруҳи аъзоларини қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва назорат-таҳлил тадбирларига кенгроқ жалб қилиш лозим.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси:
Қўмита аъзоларининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш;
қонунлар лойиҳаларини маромига етказишда уларни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш институтидан фойдаланиш;
янги қабул қилинган қонунлар ижросини таъминлаш учун қонун ости ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилиниши юзасидан мониторингни амалга ошириш;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти устидан, шу жумладан уларнинг фуқаролар билан ишлаш борасидаги фаолияти устидан парламент назоратини жонлантириш;
ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг амалий ва таъсирчан механизмларини яратиш бўйича таклифлар тайёрлаш;
мудофаа ва хавфсизлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижросининг бориши тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш амалиётини давом эттириш;
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши билан ҳамкорлик доирасида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган туркум тадбирларни ташкил қилиш;
мамлакат мудофааси ва хавфсизлигини таъминлаш борасида белгиланган вазифалар, шу соҳада қабул қилинган қонунлар ижроси устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш чораларини кўрсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари З. Ибрагимова зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 30 январь,
3964-IV-сон