Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Швейцария Федерал Кенгаши ўртасида
БАЁННОМА
2002 йил 3 апрелда имзоланган йўловчилар ҳамда юкларни автомобилда халқаро ташиш тўғрисидаги Битимга ва уни қўллаш тартиби тўғрисидаги Баённомага ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан давлат реестрида 2023 йил 17 июлда 4516-CH-2023-H тартиб рақами билан рўйхатга олинди]
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Швейцария Федерал Кенгаши, кейинги ўринларда «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
2002 йил 3 апрелда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Швейцария Федерал Кенгаши ўртасида йўловчилар ҳамда юкларни автомобилда халқаро ташиш тўғрисидаги Битимнинг (кейинги ўринларда «Битим» деб юритилади) 12-моддасига мувофиқ,
Йўловчилар ҳамда юкларни халқаро автомобиль транспортида ташиш соҳасида Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳамкорлигини ривожлантириш ва кўмаклашиш истагида,
Қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Битимнинг 4-моддаси (Юкларни ташиш) қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Бир Аҳдлашувчи Томон давлатининг ташувчилари бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг ҳудудига юкларни ташиш мақсадида бўш ёки юкланган транспорт воситасини рухсатсиз вақтинча олиб кириш ҳуқуқига эга:
a. бир Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудидан бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудуди ўртасида; ёки
b. бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудидан учинчи мамлакатга бориш ёки учинчи мамлакат ҳудудидан Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари ҳудудига йўл олиш; ёки
c. бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг ҳудуди бўйлаб транзит юриш.».
2-модда
Битимнинг 5-моддаси (Рухсатнома олишдан озод бўлиш) ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3-модда
Битимни қўллаш тартиби тўғрисидаги Баённоманинг V моддаси (Транспорт воситаларининг оғирлиги ва ҳажми) қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Транспорт воситаларининг оғирлиги ва ҳажмини хар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг ҳудудида рўйхатдан ўтган транспорт воситалари учун ўз давлати ҳудудида рўйхатга олинган транспорт воситаларига нисбатан қўлланиладиган оғирроқ чекловчи шартларни қўлламаслик мажбуриятини олади.
Бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг ҳудудида қўлланиладиган максимал оғирлик ва ҳажмлардан ошадиган транспорт воситаларига нисбатан қуйидаги тартиблар қўлланилади:
Ўзбекистон Республикаси учун:
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси (Тошкент, Мустақиллик шоҳ кўчаси, 68-уй) томонидан Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўлларида катта ўлчамдаги юкларни ташиш учун рухсатномаларни миллий қонунчиликка мувофиқ тақдим этади.
Швейцария учун:
Федерал йўллар маъмурияти (Берн, CН-3003) томонидан, йўл шароитлари рухсатнома беришга имконияти бўлса, фақат бўлинмайдиган юкларни ташиш учун махсус рухсатномалар беради.
Шу билан бирга, автотранспорт воситаси рўйхатга олиш ҳужжатида кўрсатилган умумий оғирликдан ошмаслиги лозим.».
4-модда
Мазкур Баённома Аҳдлашувчи Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомилларини бажарганлиги тўғрисида дипломатик каналлар орқали охирги ёзма хабарнома олинган кундан бошлаб кучга киради.
Мазкур Баённома Битим ва уни қўллаш тартиби тўғрисидаги Баённоманинг ажралмас қисми ҳисобланади, Битим ва уни қўллаш тартиби тўғрисидаги Баённоманинг амал қилиш муддати давомида амал қилади.
Ушбуни тасдиқлаган ҳолда, қуйида ўзларининг тегишли ҳукуматлари томонидан ваколатланган қуйида имзо чекувчилар мазкур Баённомани имзоладилар.
Тошкент шаҳрида 2023 йил 23 июнда икки нусхада, ҳар бири ўзбек ва француз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир.
(имзолар)