Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг (бундан буён матнда Институт деб юритилади) 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини кўриб чиқиб таъкидлайдики, ҳисобот йилида Институтнинг фаолияти унинг низоми ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг устувор вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) ва депутатлар фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш, уларнинг қонун ижодкорлиги ҳамда парламент назорати фаолиятига кўмаклашиш, қонун лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказиш, хорижий парламентлар ва халқаро парламентлараро ташкилотлар фаолиятини ўрганиш асосида парламент фаолиятини такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш, қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш борасида қатор ишлар амалга оширилган.
Жумладан, Қонунчилик палатаси ва депутатлар фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш мақсадида ўтган даврда Институт томонидан қонунчиликдаги муаммолар ва ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги турли масалаларни ўрганиш якунлари юзасидан 88 та ахборот-таҳлилий маълумот тайёрланган.
Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги фаолиятига кўмаклашиш, парламент фаолиятига доир қонунчиликни такомиллаштириш борасида Институт томонидан илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳалари юзасидан Қонунчилик палатасига 32 та таклиф ва илмий хулоса тақдим этилган.
Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган 13 та қонун лойиҳаси юзасидан хорижий тажриба ўрганилиб, илмий хулосалар ишлаб чиқилган.
Шу билан бирга Қонунчилик палатасининг парламент назорати тадбирларини ўтказишда иштирок этилиб, 26 та таҳлилий маълумот тайёрланган.
Ҳисобот даврида Қонунчилик палатаси депутатларини халқаро парламентлараро ташкилотлар ҳамда хорижий парламентларнинг илғор тажрибаси ва амалиётидан хабардор қилиш мақсадида 47 та «Халқаро парламентлараро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар парламентлари янгиликлари» ва 16 та «Хорижий мамлакатлар маҳаллий давлат органлари фаолиятига оид янгиликлар» ҳафталик тўпламлари тайёрланиб, чоп этилган.
Бундан ташқари Ўзбекистоннинг парламентлараро алоқаларига бағишланган «Сингапур парламенти», «Қирғиз Республикаси парламенти» ва «Туркий давлатлар ташкилоти ва унга аъзо мамлакатлар парламентлари», «Хорижий мамлакатларда давлат ва жамият бошқарувига оид институтларнинг расмий манбалари» номли 4 та илмий-амалий электрон тўплам ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланган.
Институтнинг 14 нафар илмий ходими мамлакатимизда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этган. Хусусан, улардан 5 нафари Конституциявий комиссиянинг Йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи ҳузуридаги экспертлар гуруҳида ва 9 нафари эса аҳолидан келиб тушган таклифлар билан ишлаш гуруҳи таркибида фаолият юритган.
«Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳасининг тарғиботи юзасидан 100 га яқин тарғибот тадбири ўтказилган.
Ҳисобот даврида марказий босма, электрон ва халқаро нашрларда қонунчиликдаги долзарб масалалар ва амалдаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган 30 дан ортиқ илмий ва илмий-оммабоп мақола чоп этилган.
Шунингдек Институтнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали жамоатчилик учун қонунчиликдаги янгиликлар, ҳуқуқий-ижтимоий масалалар бўйича ахборот бериб борилган.
Шу билан бирга Институтнинг ўтган даврдаги фаолияти таҳлили келгусида эътибор қаратилиши лозим бўлган қатор масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, депутатларнинг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятига яқиндан кўмаклашиш борасида Институтнинг ташаббускорлиги сезилмаяпти. Бу борада фақат Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар ва депутатларнинг сўрови асосида қонунчиликни ўрганиш, таклифлар ишлаб чиқиш ва тегишли маълумотлар тайёрлаш билан чекланиб қолинган.
Институт томонидан қонун лойиҳалари бўйича берилаётган хулосалар одатда хорижий тажриба ва юридик техника қоидалари билан чекланиб, қонун лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳамда уларнинг халқаро нормалар ва стандартларга мувофиқлигини ўрганиш масалалари эътибордан четда қолмоқда.
Қонунчилик палатаси қўмиталари ҳузуридаги эксперт кенгашлари фаолиятини йўлга қўйишда Институт ва қўмиталарнинг ҳамкорлиги сезилмаяпти.
Қонунчилик палатаси фаолиятининг институциявий ва функциявий асосларини такомиллаштиришга қаратилган илмий тадқиқотларни кучайтириш зарур.
Институтнинг илмий салоҳиятини ошириб бориш, уни илмий даража ва унвонларга эга салоҳиятли кадрлар билан тўлдириш ишлари юзасидан тизимли ишларни амалга ошириш, кадрлар захирасини шакллантиришга жиддий эътибор қаратилиши керак.
Шу билан бирга Институт фаолиятини, қонунлар ва қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳияти юзасидан илмий жамоатчилик фикрини оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан ижтимоий тармоқларда кенг ёритишни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиши мақсадга мувофиқ.
Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда Институтнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва депутатлар фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш борасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин (илова қилинади).
2. Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига:
депутатларнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланиш бўйича Институт билан ҳамкорликни кучайтириш;
фракциялар мажлисларида Институт ходимларининг бевосита иштирок этишини таъминлаш амалиётини йўлга қўйиш;
сайловчиларни ўйлантириб келаётган ва жамият ҳаётида долзарб аҳамият касб этаётган масалалар юзасидан парламент назорати тадбирларини ўтказишни ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашда Институтнинг салоҳиятидан фойдаланиш;
парламент назорати якунлари бўйича қабул қилинган қарорлар ижроси устидан назоратнинг таъсирчанлигини янада оширишда Институт билан ҳамкорликни жонлантириш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти (А. Тошпулатов):
Институт низомида белгиланган вазифалар ижросини самарали ва ўз вақтида таъминлаш;
Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари билан ҳамкорлик бўйича меморандумлар имзолаш;
Қонунчилик палатаси депутатларига қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда ҳар томонлама кўмаклашиш;
парламент назорати шаклларидан янада самарали фойдаланиш бўйича илмий асослантирилган таклифлар киритиб бориш;
хорижий парламентлар иш тажрибасини ўрганиш, бу тажрибанинг самарали шакллари ва усулларини Қонунчилик палатаси, депутатлар фаолиятига жорий этиш мақсадида хорижий мамлакатлар парламентлари ҳамда халқаро парламент ташкилотлари фаолияти тўғрисида таҳлилий маълумотлар тайёрлаш;
илмий даражага эга бўлган ва илғор хорижий мамлакатларда таҳсил олган юқори малакали мутахассислардан иборат кадрлар таркибини шакллантириш;
қонун ижодкорлиги жараёнида кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаш мақсадида Институт ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши фаолиятини самарали ташкил этиш чораларини кўрсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов зиммасига юклатилсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 22 январь,
3934-IV-сон