Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қатар Давлати Ҳукумати ўртасида
Битим
Ишчиларни ишга қабул қилиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати (кейинги ўринларда «Юборувчи томон») билан Қатар Давлати Ҳукумати (кейинги ўринларда «Қабул қилувчи томон») кейинги ўринларда биргаликда «Томонлар» деб аталувчилар,
Томонлар ўртасида ўзаро дўстона ва ҳамкорлик алоқаларни мустаҳкамлаш истагида,
Қатар Давлатида Ўзбекистон Республикаси ишчиларини бандлигини тартибга солиш заруриятидан келиб чиқиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар;
1-модда
Томонлар мазкур Битим қоидаларини амалга ошириш учун зарур бўлган қоидаларни белгилайдилар.
2-модда
Ўзбекистон Республикаси ишчиларини ишга ёллаш. унинг Қатар Давлатига кириши ва ишга жойлашиши икки мамлакатда қўлланиладиган тегишли қонун. тартиб ва қоидаларга мувофиқ тартибга солинади.
3-модда
Мазкур Битим қоидаларини амалга ошириш учун ваколатли органлар:
а) Қабул қилувчи томон учун: Қатар Давлати Меҳнат вазирлиги;
б) Юборувчи томон учун: Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги.
4-модда
1. Томонларнинг ваколатли органлари ишга ёллаш бўйича аризаларни ўзаро алмашадилар. Юборувчи томон ўз имкониятлари ва ресурслари доирасида мазкур аризаларни таъминлашга интилади.
2. Агар Қатар Давлати иш берувчиси Ўзбекистон Республикасидан махсус малакага эга Ўзбекистон Республикаси ишчиларини ишга йўллашни ва иш билан таъминлашни хоҳласа, у Қабул қилувчи томонга юборган мурожаатида малака бўйича талабини кўрсатиши лозим.
3. Қатар Давлати иш берувчисининг ўзи ёки иминг ваколатли вакили ёки Қабул қилувчи томондан лицензия берилган рекрутинг агентлиги Ўзбекистон Республикаси ишчиларини танлаш ва уларни Қатар Давлатига бориши учун зарур бўлган барча тартибларни назорат қилади ва амалга оширади.
5-модда
Ишга қабул қилиш тўғрисидаги аризаларда ишчилардан талаб қилинадиган малака, тажриба ва мутахассислик бўлиши ҳамда шартноманинг амал қилиши мумкин бўлган муддати, меҳнат шартларининг батафсил баёни, жумладан, иш ҳақи, меҳнат қилиш муддати ва унинг тугаши, синов муддати, меҳнат шароитлари, транспорт ва яшаш жойлари билан боғлиқ шарт-шароитлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ишчиларига меҳнат шартномасини имзолашга доир қарор қабул қилиш имконини берадиган барча асосий маълумотлар бўлиши лозим.
6-модда
Юборувчи томон Қатар Давлатида ишлашни истаган Ўзбекистон Республикаси ишчиларига тиббий кўрикдан ўтиш, паспорт ва Қатар Давлатига кириш учун рухсатнома олиш, шунингдек, Қатар Давлатида мавжуд меҳнат шароитлари, харажатлари ва турмуш даражаси тўғрисидаги маълумотларни бериш учун барча зарур чораларни кўради.
7-модда
Қабул қилувчи томон Ўзбекистон Республикасининг исталган сонидаги ишчиларини меҳнат шартномаларида белгиланган муддат тугаганидан кейин Ватанига қайтариш чораларини кўриши мумкин. Шунингдек, у иш билан таъминлашга бўлган эҳтиёж тугагандан сўнг, меҳнат шартномаларининг амал қилиш муддати тугагунга қадар худди шу тартиб-қоидаларни қўллаши мумкин, Бу ҳолда ишчиларнинг иш ҳақи улар билан тузилган меҳнат шартномалари бўйича тўланиши ёки уларнинг тегишли ҳақ-ҳуқуқлари Қатар Давлатининг меҳнат қонунчилиги асосида таъминланиши лозим.
8-модда
Агарда Ўзбекистон Республикаси ишчиларининг Қатар Давлатида бўлиши давлат манфаатлари ёки давлатнинг миллий хавфсизлигига зид бўлса, Қабул қилувчи томон уларнинг исталган сонини Ватанига қайтариш чораларини кўриши мумкин. Бу Ўзбекистон Республикаси ишчилари билан тузилган меҳнат шартномалари ёки Қатар Давлатининг меҳнат қонунчилиги бўйича уларга бериладиган ҳуқуқ ва манфаатларга зарар етказмайди.
9-модда
1. Иш берувчи Ўзбекистон Республикаси ишчиларини биринчи маротаба ишга ёллаганда Қатар Давлати ҳудудидаги иш жойига етказиш бўйича барча транспорт харажатларини ҳамда ишчининг иш муддати тугаганидан кейин Қатар Давлатидан ўз Ватанига қайтишдаги транспорт харажатларини ўз зиммасига олади. Иш берувчи ишчилар билан тузилган меҳнат шартномаларида назарда тутилган меҳнат таътили учун уларга икки томонлама сафар чипталари харажатларини ҳам ўз зиммасига олади. Бундай харажатларга паспорт бериш ёки ҳар қандай суғурта тўловлари кирмайди.
2. Иш берувчи қуйидаги икки ҳолатда Ўзбекистон Республикаси ишчисининг ўз Ватанига қайтиши билан боғлиқ харажатларни қоплашдан озод қилинади:
а) Башарти ишчи меҳнат шартномасининг амал қилиш муддати тугагунга қадар ишдан бўшатилган бўлса;
б) Башарти у Қатар Давлатининг меҳнат қонунчилигига биноан хизмат охирида дастлабки огоҳлантиришсиз ва тўланадиган ҳақни тўламасдан ишдан бўшатилишига олиб келадиган хато қилса.
10-модда
1. Ўзбекистон Республикаси ишчиларининг Қатар Давлатида меҳнат шартлари ва муддатлари мазкур Битимга илова қилинган Намунавий шартномага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ишчиси ва иш берувчи ўртасида тузилган якка тартибдаги меҳнат шартномаси билан тартибга солинади. Бундай шартнома мазкур Битим қоидаларига ва Қатар Давлатининг меҳнат қонунчилигига мос келадиган вазифалар ва ҳуқуқларга оид ишнинг асосий шартларини ўз ичига олади.
2. Мазкур шартнома тўртта асл нусхада яъни араб ва инглиз тилларида расмийлаштирилади, улардан бири иш берувчида қолади, иккинчиси Ўзбекистон Республикаси ишчиларига, учинчиси Қатар Давлати Меҳнат вазирлигига ва тўртинчи нусхаси Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига топширилади.
11-модда
Якка тартибдаги меҳнат шартномасида исли берувчининг Ўзбекистон Республикаси ишчисига бериладиган турар жой билан таъминлаш ва унинг тури ёки унга турар жой учун тўлов ва уни даволаш бўйича мажбуриятлари тафсилотлари кўрсатилиши керак.
12-модда
Меҳнат шартномасининг араб тилидаги матни Қатар Давлати Меҳнат вазирлиги ва Қатар Давлатидаги судлар ва ваколатли органлар томонидан тан олинган. Агар меҳнат шартномаси қоидаларига ўзгартириш киритиш Ўзбекистон Республикаси ишчиси учун манфаатли бўлмаса ва Қатар Давлатининг Меҳнат вазирлиги томонидан тасдиқланмаган тақдирда, иш берувчи меҳнат шартномаси қоидаларига ҳеч қандай ўзгартириш киритолмайди.
13-модда
Меҳнат шартномалари Қатар Давлатида тузилган тақдирда Қатар Давлатининг Меҳнат вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг Дохадаги Элчихонаси томонидан ратификация қилинади. Ўзбекистон Республикасида тузилган шартномалар Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ва Қатар Давлатининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги Элчихонаси ёки Консуллиги томонидан ратификация қилинади.
14-модда
1. Қатар Давлати Меҳнат вазирлигининг ваколатли бўлинмаси мазкур Битим қоидаларининг бажарилишини назорат қилиш мажбуриятини олади.
2. Иш берувчи ва Ўзбекистон Республикаси ишчиси ўртасида меҳнат шартномасидан келиб чиқадиган ҳар қандай низо юзасидан шикоят уни келишув йўли билан ҳал қилиш учун Қатар Давлати Меҳнат вазирлигининг ваколатли бўлинмасига юборилади. Агар келишувга эришилмаса, ушбу низо Қатар Давлатининг ваколатли суд органларига юборилади.
15-модда
Меҳнат шартномасининг амал қилиши белгиланган муддат якунига етган санада олдиндан огоҳлантиришларсиз бекор қилинади. Агар иш берувчи шартномани давом эттиришни хоҳласа, у шартнома муддати тугашидан камида ўттиз (30) кун олдин Ўзбекистон Республикасининг ишчисига шартномани узайтириш истаги тўғрисида ёзма равишда хабар бериши шарт.
16-модда
Ўзбекистон Республикаси ишчиси Қатар Давлатида амал қиладиган молиявий қоидаларга мувофиқ иш ҳақидан ўз жамғармаларини ўтказиш ҳуқуқига эга.
17-модда
1. Томонлар қуйидаги функцияларни бажариш учун ҳар бир Томоннинг уч нафардан кўп бўлмаган аъзоларидан иборат қўшма қўмита тузадилар:
а) Мазкур Битимни амалга ошириш учун икки ҳукумат ўртасида мувофиқлаштириш ва бу борада зарур чораларни кўриш;
б) Мазкур Битим билан боғлиқ ҳар қандай низо юзага келган тақдирда унинг қоидаларми талқин қилиш ва уни амалга оширишда юзага келадиган ҳар қандай қийинчиликларни ҳал қилиш;
с) Қатар Давлатида мавжуд бўлган иш имкониятларини, шу жумладан Қатар Давлатининг тараққиёт режалари тўғрисида умумий маълумотни. мазкур режалар бўйича мумкин бўлган иш имкониятларини, меҳнат турлари ва зарур малака ва кўникмаларни ҳамда Ўзбекистон Республикаси ишчиларининг улардан фойдаланишга тайёрлигини кўриб чиқиш;
д) Зарур ҳолларда, мазкур Битимнинг барча ёки айрим қоидаларини кўриб чиқишни ёки ўзгартиришни таклиф қилиш.
2. Қўмита ҳар йили бир маротаба, зарур ҳолларда, икки мамлакатда навбатма-навбат учрашув ўтказади.
18-модда
Мазкур Битим доирасида делегацияларнинг ташрифи билан боғлиқ харажатлар ташриф буюраётган томон ҳисобидан ва тегишли миллий қонунчилик қоидаларига мувофиқ қопланади.
19-модда
Мазкур Битим Томонларнинг давлатлари иштирокчи ҳисобланган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
20-модда
Мазкур Битимнинг қоидаларини талқин қилиш ёки қўллашда юзага келадиган келишмовчилик Томонлар ўртасида маслаҳатлашув ва музокаралар орқали ҳал этилади.
21-модда
Мазкур Битимга Томонларнинг ўзаро розилиги билан ёзма шаклда, унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ва мазкур Битимнинг 22-моддасида назарда тутилган тартибда кучга кирадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ёки қўшимчалар киритилиши мумкин.
22-модда
1. Мазкур Битим икки давлатда мазкур Битимнинг кучга кириши учун зарур бўлган барча ҳуқуқий тартиб-таомиллар бажарилганлиги тўғрисидаги Томонлардан бирининг бошқа Томонга дипломатик каналлар орқали охирги ёзма хабарномаси юборилган кундан бошлаб ўттиз (30) кун ўтгач кучга киради.
2. Мазкур Битим, башарти Томонлардан бири уни тугатиш нияти тўғрисида бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали ёзма равишда унинг тугатилиши ёки дастлабки муддати тугашидан камида олти (6) ой олдин хабардор қилмаса, уч (3) йил давомида амал қилади ва кейинги шунга ўхшаш давр ёки даврлар учун автоматик равишда узайтирилади.
Ушбуни тасдиқлаган ҳолда, Томонлар Ҳукуматлари томонидан тегишли равишда ваколат берилган қуйида имзо чекувчилар мазкур Битимни имзоладилар.
Самарқанд шаҳрида 2023 йилнинг 6 июн санасида, икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эгадир. Мазкур Битимни талқин қилишда тафовутлар юзага келган ҳолларда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)