Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
«Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А. Раматовнинг қўшимча жавоби ҳақида
«Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Раматов томонидан юборилган қўшимча ёзма жавоб маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
йўл инфратузилмасини такомиллаштириш ва хавфсиз ҳаракатланиш учун шароитлар яратиш орқали йўлларда авария ва ўлим ҳолатларини кескин қисқартиришга, шунингдек вилоятлар, шаҳарлар (туманлар) марказларида чорраҳаларни тўлиқ рақамли бошқарув тизимига ўтказиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлашга доир чора-тадбирларни тўлақонли амалга ошириш ва бу борадаги назоратни кучайтириш;
йўл харакати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш учун ажратилган бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, бу борада аниқланаётган молиявий хато ва камчиликларни аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича тизимли назорат ўрнатиш;
фото- ва видео- қайд этиш техника воситаларидан фойдаланишда давлат, жамоат хавфсизлигини ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш ҳамда ваколатли давлат органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш бўйича чоралар кўриш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси қўшимча ёзма жавоб маълумотида қайд этилган, парламент сўровини кўриб чиқиш натижалари бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилишини таъминлаш юзасидан парламент назоратини амалга оширсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу Қарорнинг ижроси юзасидан 2024 йилнинг 1 июнига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ахборот тақдим этсин.
5. Мазкур Қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 26 декабрь,
3856-IV-сон