Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб шуни қайд этадики, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг (бундан буён матнда Давлат бюджети деб юритилади) ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси «2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган бюджет параметрлари доирасида амалга оширилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари ижросини таъминлашга йўналтирилган.
Асосий иқтисодий ҳамкорларимиз бўлган давлатларда иқтисодий ўсишнинг пасайиши ҳолатлари кузатилаётганлигига қарамасдан, ўз вақтида амалга оширилган кенг кўламли ва изчил ислоҳотлар Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсиш суръатларини сақлаб қолиш имкониятини берди. 2023 йилнинг тўққиз ойида мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми 5,8 фоизга, хизматлар соҳаси 6,5 фоизга, саноат 5,7 фоизга, қурилиш ишлари 5,6 фоизга ва қишлоқ хўжалиги 4,1 фоизга ўсган. Аҳоли жон бошига умумий даромадлар 14,3 фоизга ошиб, 14,4 млн. сўмни ташкил этган. Ташқи савдо айланмаси 44,7 млрд. долларни ташкил этиб, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 22,1 фоизга ўсган.
Ҳисобот даврида мамлакатимизда рағбатлантирувчи фискал сиёсат олиб борилганлиги, самарасиз солиқ ва божхона имтиёзларининг бекор қилиниши натижасида тадбиркорлик сезиларли даражада фаоллашган. Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва солиқ тўловчиларга қулайликлар яратиш эвазига легал фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари сонининг ортиши натижасида Давлат бюджети даромадларининг ҳажми 162,9 трлн. сўмни ташкил этиб, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 16,6 трлн. сўмга ошириб (111,4 фоизга) бажарилишига эришилган. Маҳаллий бюджетларнинг даромадлар прогнози ошириб бажарилган қисми ҳисобидан 2023 йилнинг тўққиз ойида ҳудудлар ихтиёрида жами 3,0 трлн. сўм маблағлар қолдирилган. Мазкур маблағлар ҳудудларни ривожлантиришга қаратилган энг долзарб вазифаларни ҳал қилишга йўналтирилган.
Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилганлик тамойили сақлаб қолинган ҳолда, умумий харажатларнинг 98,5 трлн. сўми ёки 49 фоизи ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун сарфланган. Бунда ижтимоий харажатларнинг 88,5 фоизи ижтимоий соҳани ривожлантириш ва аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш харажатларига йўналтирилган. Аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган «Ташаббусли бюджет» лойиҳалари жамоатчилик фикри асосида шакллантирилиб, уларга 3,9 трлн. сўм бюджет маблағлари йўналтирилган. Шунингдек маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш ҳамда аҳолининг долзарб муаммоларини ҳал этиш билан боғлиқ тадбирларга 6,1 трлн. сўм сарфланган.
Эришилган ижобий натижалар билан бирга Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш борасида айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилган.
Хусусан, айрим солиқ тушумларини жумладан, фойда солиғи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,2 фоизга, айланмадан олинадиган солиқ 8,8 фоизга, нефть маҳсулотлари акцизи тушуми 48,5 фоизга пасайган.
Шу билан бирга харажатлар соҳалар кесимида белгиланган режаларга кўра тўлиқ ижро этилмаган. Ижтимоий харажатлар 96,5 фоизга амалга оширилган бўлса-да, ушбу соҳада кадрлар тайёрлаш учун ажратилган маблағлар 85,2 фоизга, фанни ривожлантириш харажатлари 90,7 фоизга бажарилган.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида ривожлантириш дастурлари учун харажатлар режасининг 71,6 фоизи бажарилган. Мактабларда маънан эскирган компьютер синфларини янгилаш учун ажратилган маблағларнинг 46,1 фоизи ишлатилган. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигида ривожлантириш дастурлари учун харажатлар режаси 35,8 фоизга ижро этилган, холос. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида «электрон соғлиқни сақлаш» тизимини кенг жорий этиш, ягона миллий стандартлар асосида интеграциялашган ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси мажмуасини яратиш учун ажратилган бюджет маблағларининг 26,3 фоизи, болалар тиббиёт ва туғруқ муассасаларида юқори технологик лаборатория ускуналаридан тўлақонли ҳамда самарали фойдаланиш мақсадида реагентлар, сарфланадиган анжомлар ҳамда сервис хизматлари учун маблағлар 21,8 фоизга бажарилган.
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш харажатларига ажратилган бюджет маблағларининг 73,3 фоизи ўзлаштирилган. Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ривожлантириш дастурлари учун харажатлар 48,7 фоизга, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги харажатлар эса 22,7 фоизга бажарилган.
Бундан ташқари куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш даври тугаганлигига қарамасдан Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан Давлат бюджетидан иссиқлик таъминоти объектларини қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш харажатларига ажратилган маблағнинг атиги 69,6 фоизи ўзлаштирилган. Бундан ташқари иссиқлик таъминоти учун ажратилган 196,8 млрд. сўм маблағнинг 45 фоизи ўзлаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
Жорий йилнинг тўққиз ойида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлари 196,1 трлн. сўмни, харажатлари эса 233,4 трлн. сўмни ташкил этиб, 37,2 трлн. сўм (ЯИМга нисбатан 4,9 фоиз) тақчиллик билан бажарилганлиги қайд этилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
мамлакатни барқарор ривожлантириш ва иқтисодиётда юқори ўсиш суръатларини сақлаган ҳолда, Давлат бюджети даромадларининг прогноз кўрсаткичларини таъминлаш, ижтимоий ва иқтисодиёт соҳаларида жорий йилда белгиланган дастур ва лойиҳаларни муваффақиятли якунлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган тадбирларни давом эттириш, истеъмол бозорларида нарх-навони инфляциянинг белгиланган меъёрлари доирасида сақлаб туриш, шунингдек куз-қиш мавсумида иссиқлик, электр, кўмир ва бошқа ёқилғи-энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш ишларини тизимли равишда амалга ошириш;
йил охиригача Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган ривожлантириш ҳамда инвестиция дастурларининг ўз вақтида ижро этилиши устидан назоратни таъминлаш;
Давлат бюджети маблағларини қонунга хилоф равишда сарфлаш ва ўзлаштириш, таълим, соғлиқни сақлаш, сув ва қишлоқ хўжалиги, қурилиш соҳаларида амалга оширилаётган давлат харидлари билан боғлиқ коррупция ҳолатлари бўйича тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг жавобгарлигини ошириш;
Давлат бюджети ҳисобидан тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда камбағалликни қисқартириш мақсадларида ажратилаётган субсидия маблағларидан самарали фойдаланиш ва уларнинг натижадорлиги устидан таъсирчан назорат тизимини ўрнатиш чораларини кўриш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда Давлат бюджетида кўзда тутилган даромад кўрсаткичларига эришиш борасида солиқлар ва йиғимларни тўлақонли ундириш, солиқ солиш базасини кенгайтириш;
бюджет ташкилотлари ва бюджетдан маблағ олувчилар томонидан бюджет интизомини бузиш, камомадлар ва мақсадсиз харажатлар, шунингдек харажатларни ўз вақтида амалга оширмаслик ва ортиқча харажатларга йўл қўйиш ҳолатларига чек қўйиш чораларини кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг натижадорлигини таъминлашда ўз фаолият йўналишларидан келиб чиқиб жойларда ўрганишлар ўтказиш ва бу борада депутат назоратини кучайтириш чораларини кўриш тавсия этилсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 12 декабрь,
3784-IV-сон