Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, Қўмита томонидан савдо-саноат, транспорт, йўл инфратузилмаси, энергетика, қурилиш ва уй-жой коммунал, шаҳарсозлик каби қатор муҳим соҳалардаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, қонун ҳужжатлари ижросини доимий назорат қилиш, сайловчилар билан тизимли мулоқот ўрнатиш борасида муайян ишлар амалга оширилган.
Ҳисобот даврида Қўмита 13 та қонун лойиҳаси, шу жумладан 1 та кодекс лойиҳаси учун масъул бўлган, шундан 7 таси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) томонидан қабул қилинган.
Ушбу қонун лойиҳаларини маромига етказиш ҳамда уларнинг ҳар жиҳатдан пишиқ ва пухта бўлишини таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳларининг жами 31 та йиғилиши ташкил этилди.
Ҳисобот даврида Қўмита томонидан 10 та давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитишга, 4 та қонун ҳужжатларининг ижро этилиш ҳолатини ўрганишга ҳамда 1 та Қўмита қарорининг ижросини мониторинг қилишга оид тадбирлар ўтказилди.
Шунингдек ўтган даврда мансабдор шахсларга муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён этиш талаби билан Қўмита таклифига мувофиқ 3 та парламент сўрови юборилди.
Бундан ташқари, Қўмита томонидан 2023 йилда Қонунчилик палатасида ўтказилган 2 та «ҳукумат соати»ни юқори савияда ташкил этиш чоралари кўрилди. Мазкур «ҳукумат соати» тадбирларида Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Ж. Мирзамаҳмудов ҳамда Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири И. Маҳкамовнинг Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан берилган саволларга жавоблари эшитилди.
Қўмита томонидан қонун лойиҳалари муҳокамасига, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини сайловчиларга етказишга, тегишли тармоқ ва соҳалардаги мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишга қаратилган 4 та давра суҳбати, 3 та семинар, 1 та халқаро конференция ва 1 та матбуот анжумани ўтказилди.
Ҳисобот даврида Қўмита аъзолари доимий равишда халқ билан мулоқотда бўлиб, улар томонидан жисмоний ва юридик шахслардан келган жами 612 та мурожаат «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ белгиланган тартибда кўриб чиқилди.
Қўмита фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш, назорат-таҳлил тадбирларининг ҳамда қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳиятини аҳолига мунтазам равишда етказиб бориш мақсадида оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда 2 677 марта чиқиш қилинди.
Шу билан бирга ўтган даврда амалга оширилган ишлар таҳлили Қўмита фаолиятини самарали ташкил этишда эътибор қаратиш лозим бўлган айрим масалалар ҳам мавжудлигини кўрсатмоқда.
Жумладан, иқтисодиёт тармоқларида ва ижтимоий соҳада электр энергияси истеъмоли самарадорлигини ошириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни янада ривожлантириш, аҳолига автотранспорт хизмати кўрсатиш сифатини ошириш, экспортни рағбатлантириш ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек шаҳарсозлик соҳасидаги қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан парламент назоратини янада кучайтириш мақсадга мувофиқ.
Қўмита масъуллигида кўриб чиқилган ва қабул қилинган янги қонунлар ижросини таъминлаш учун қонун ости ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилиниши юзасидан доимий мониторингни амалга ошириш лозим.
Қўмитанинг фаолият йўналишидан келиб чиқиб, амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш, шу жумладан қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Қўмита аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Қонунчилик палатасига киритиш борасидаги ишларни самарали ташкил қилиш мақсадга мувофиқ.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, давлат дастурлари ҳамда Қонунчилик палатаси қарорларидаги Қўмита фаолиятига тааллуқли бўлган вазифаларнинг ижро этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш муҳим.
Қўмитанинг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳамда қонун лойиҳалари ва назорат-таҳлил тадбирларининг мазмун-моҳиятини сайловчиларга етказиш борасидаги фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш лозим.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборот маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасига:
қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва маромига етказишда, назорат-таҳлил тадбирларини ўтказишда соҳа мутахассисларини ва экспертларни жалб қилиш;
2024 йилда коммунал соҳада, хусусан, аҳолини ичимлик суви ва иссиқ сув билан таъминлаш борасида жойларда олиб борилаётган ишларнинг ҳолатини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш, натижаси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг ахборотини Қўмитанинг кенгайтирилган мажлисида эшитиш;
иқтисодиёт тармоқларида ва ижтимоий соҳада электр энергияси истеъмоли самарадорлигини ошириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни янада ривожлантириш, аҳолига автотранспорт хизмати кўрсатиш сифатини ошириш, экспортни рағбатлантириш ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек шаҳарсозлик соҳасидаги қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан парламент назоратини янада кучайтириш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг Қўмитага юборилган мурожаатларида кўтарилаётган долзарб муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш, уларнинг юзага келиш сабабларини ўрганиш, кўтарилган масалаларга тўлиқ ечим топиш борасида тегишли давлат органлари томонидан кўрилаётган чоралар устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш;
янги қонунлар ижросини таъминлаш учун қонун ости ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилиниши юзасидан доимий мониторингни амалга ошириш ва мониторинг натижаларини Қўмитада муҳокама қилиб бориш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ-158-сонли Фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни Қўмита фаолият йўналишига алоқадор бўлган вазирлик ва бошқа давлат органлари томонидан бажарилиши аҳволини таҳлил қилиб бориш, бу борада улар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш;
ўз фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, шунингдек кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларининг ва ўтказилаётган назорат-таҳлил тадбирларининг мазмун-моҳиятини доимий равишда жамоатчиликка етказиш чораларини кўриш тавсия этилсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Хаитов зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 25 декабрь,
3836-IV-сон