Ўзбекистон Республикасининг қонуни
ДАВЛАТ БОЖХОНА ХИЗМАТИ ТЎҒРИСИДА
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонун давлат божхона хизмати органлари (бундан буён матнда божхона органлари деб юритилади) фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилаб беради.
Божхона органлари Ўзбекистон Республикасининг ягона божхона сиёсатини амалга ошириш ва иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида тузилади.
2-модда. Божхона назорати
Божхона назорати Ўзбекистон Республикасининг божхона иши соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида божхона органлари амалга оширадиган тадбирлар мажмуидан иборат.
3-модда. Божхона органлари
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, божхона комплекслари ва божхона постлари божхона органларидир.
Божхона органлари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, ушбу Қонунга, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларига ва халқаро шартномаларига амал қиладилар.
Божхона органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз фаолиятини давлат ҳокимияти маҳаллий органларидан мустақил тарзда амалга оширадилар.
Божхона органлари ўз ваколатлари доирасида қабул қиладиган қарорлар барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан ижро этилиши шарт.
Божхона органлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳисобланади ва давлат бюджети маблағларидан таъминланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган ва ўз номи битилган муҳрга эга.
Давлат божхона қўмитасининг тузилиши ҳамда унинг фаолиятини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган низом билан белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4-модда. Божхона органларининг асосий вазифалари
Божхона органларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатларини ҳимоя қилиш;
Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва ўз ваколати доирасида унинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш;
божхона сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;
божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш;
божхона тўловларини ундириш;
божхона назоратидан ўтказилиши керак бўлган товарлар ва транспорт воситалари шундай назоратдан ўтказилишини таъминлаш;
божхона ҳақидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг, шу жумладан контрабанданинг олдини олиш, уни аниқлаш ва уларга чек қўйиш;
ташқи иқтисодий фаолиятга доир божхона статистикасини ҳамда товар номенклатурасини юритиш;
Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг божхона ишига оид қисмидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш.
5-модда. Божхона органларининг ҳуқуқлари
Божхона органлари ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:
товарлар ва транспорт воситаларини, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса, жисмоний шахсларнинг ўзини кўздан кечириш;
юридик ва жисмоний шахслардан кўздан кечириш учун товарлар ва транспорт воситаларини, шунингдек зарур ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш;
валюта назоратини амалга ошириш;
молия, банк ва бошқа ташкилотлардан, шунингдек юридик ва жисмоний шахслардан экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ахборот ва ҳужжатларни ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ахборотни олиш;
божхона назоратидан ўтказиш мақсадида товарлар ҳамда бошқа буюмлардан намуна ва нусхалар олиш;
божхона назоратидан ўтказилиши лозим бўлган товарлар сақланаётган ҳудудларга ва биноларга белгиланган тартибда кириш;
божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларининг бузилишига доир материалларни белгиланган тартибда кўриб чиқиш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларни қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиш;
божхонага оид ҳуқуқбузарликларнинг бевосита предмети бўлган товарлар ва транспорт воситаларини қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда ушлаб туриш ҳамда олиб қўйиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
суриштирув ўтказиш ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш;
божхонага оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашга хизмат қиладиган техникавий ва махсус воситаларни қўллаш.
Божхона органлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эгадирлар.
6-модда. Божхона органларининг мажбуриятлари
Божхона органлари:
ягона давлат божхона сиёсатини рўёбга чиқаришда иштирок этишга;
божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, божлар тўғри ҳисобланиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланишини назорат қилишга;
давлат хавфсизлигини, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, атроф муҳитни муҳофаза этиш чора-тадбирлари амалга оширилишига кўмаклашишга;
божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини қўлланиш бўйича белгиланган тартибда услубий кўрсатмалар ва норматив ҳужжатлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни нашр этишга;
юридик ва жисмоний шахсларни товарлар ва транспорт воситаларини олиб ўтиш ҳамда божхона чегарасидан ўтиш вақтидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида ўз вақтида хабардор қилишга;
фаолият турлари билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган махсус рухсатномаларни (лицензияларни) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда беришга;
ўз хизмат вазифаларини бажаришлари натижасида ўзларига маълум бўлиб қолган давлат сири ва тижорат сири ҳисобланган ахборотни ошкор этмасликка мажбурдирлар.
Божхона органлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа вазифаларни ҳам бажарадилар.
7-модда. Божхона органларининг бошқа органлар ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги
Божхона органлари ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни давлат бошқарувининг бошқа органлари ва давлат ҳокимияти маҳаллий органлари билан ҳамкорликда бажарадилар. Мазкур органлар божхона назоратини амалга ошириш ҳамда божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларининг бузилишига қарши курашда божхона органларига кўмаклашишлари шарт.
Божхона органлари ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида бошқа органлар ва ташкилотлар билан аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича мавжуд материаллар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек бошқа ахборотни қонун ҳужжатларида ва битимларда белгиланган тартибда ўзаро алмашадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Божхона органлари ўз ваколатлари доирасида чиқарадиган ҳамма учун мажбурий тусдаги норматив ҳужжатлар тегишли вазирликлар, идоралар билан келишилиши ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши лозим.
Божхона органлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз ваколатларига кирадиган айрим ҳаракатларнинг бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан бажарилишига йўл қўядилар.
Божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида банклар ва бошқа молия-кредит ташкилотлари:
хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бюджет олдидаги мажбуриятларнинг божхона тўловларига оид қисмининг бажарилиши тўғрисидаги божхона органларининг хулосасига биноан ана шу субъектларнинг ҳисоб-китоб ва бошқа ҳисобварақларини ёпишлари мумкин;
белгиланган муддатларда тўланмаган божхона тўловлари ва жарима суммаларини хўжалик субъектларидан сўзсиз тартибда ундириб олиш тўғрисидаги божхона органларининг фармойишларини (инкассо топшириқларини) бажарадилар;
Кейинги таҳрирга қаранг.
хўжалик субъектларининг сўмлардаги маблағлари етишмаса ва валюта ҳисобварақларида маблағлари мавжуд бўлса, божхона органларининг тақдимномасига биноан мазкур валюта маблағларини валюта биржасида сотиш кунидаги курс бўйича бюджет олдидаги қарзни қоплаш учун зарур ҳажмларда сўзсиз сотишни амалга оширадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Хўжалик юритувчи субъектларнинг айби билан божхона тўловлари ва жарима суммаларини тўлаш кечиктирилган бўлса, шунингдек хўжалик юритувчи субъектлар ёки божхона органларининг божхона тўловларини ўтказиш ёки қайтариш тўғрисидаги топшириқлари банк ёки молия-кредит муассасаларининг айби билан бажарилмаган бўлса (бажариш кечиктирилган бўлса), хўжалик субъектларидан, банк ёки молия-кредит муассасаларидан белгиланган тартибда пеня ундирилади.
8-модда. Божхона органларининг мансабдор шахслари
Божхона органларининг мансабдор шахслари хизмат вазифаларини бажариш вақтида давлат ҳокимиятининг вакиллари ҳисобланадилар ва уларнинг божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя этиш борасидаги талабларини барча юридик ва жисмоний шахслар бажариши шарт.
Божхона органлари мансабдор шахсларининг қонуний фаолиятига аралашишга ҳеч ким ҳақли эмас. Божхона органлари мансабдор шахсларининг қонуний талабларини бажармаслик, уларнинг ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш, ўз хизмат вазифаларини бажаришлари муносабати билан уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳақоратлаш, уларга қаршилик кўрсатиш, таҳдид, зўрлик қилиш ёки уларнинг ҳаётига, соғлиғига ва мол-мулкига тажовуз қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
Божхона органларининг мансабдор шахслари хизмат вазифаларини бажариш вақтида қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда табель ўқотар қуролини ҳамда махсус воситаларни сақлаш, олиб юриш ва қўллаш ҳуқуқига эгадирлар.
Божхона органларида хизматни ўташ, божхона органларининг мансабдор шахсларини рағбатлантириш ва уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўлланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9-модда. Божхона органларининг мансабдор шахсларини тайинлаш
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг раиси Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан тайинланиб, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раисининг ўринбосарлари, Давлат божхона қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бошқармаларининг ва ихтисослаштирилган божхона мажмуаларининг бошлиқлари Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10-модда. Божхона органлари мансабдор шахсларининг махсус унвонлари
Божхона органларининг мансабдор шахсларига улар эгаллаб турган лавозимларга ҳамда неча йил ишлаганликларига қараб қуйидаги махсус унвонлар берилади:
кичик бошлиқлар таркиби — божхона хизматининг старшинаси;
ўрта бошлиқлар таркиби — божхона хизматининг кичик лейтенанти, божхона хизматининг лейтенанти, божхона хизматининг катта лейтенанти, божхона хизматининг капитани;
катта бошлиқлар таркиби — божхона хизматининг майори, божхона хизматининг подполковниги, божхона хизматининг полковниги;
олий бошлиқлар таркиби — божхона хизматининг генерал-майори, божхона хизматининг генерал-лейтенанти, божхона хизматининг генерал-полковниги.
Махсус унвонлар бериш ва улардан маҳрум этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11-модда. Божхона органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлиги
Божхона органларининг мансабдор шахслари ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизликлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган тарзда жавобгар бўладилар.
Божхона органи мансабдор шахсининг юридик ва жисмоний шахсларга етказган зарари қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда қопланиши лозим.
Нотўғри ундирилган божхона тўловлари ва жарима суммалари қайтарилиши лозим, божхона органларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари туфайли етказилган зарар эса, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.
12-модда. Божхона органлари мансабдор шахсларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларини муҳофаза этиш
Давлат божхона органлари мансабдор шахсларининг ижтимоий ҳимоя қилинишини кафолатлайди.
Божхона органлари мансабдор шахсларининг ҳаёти ва соғлиғи давлат бюджети маблағлари ҳисобидан мажбуран шахсий суғурта қилиниши лозим.
Ўз мансаб вазифаларини бажаришлари муносабати билан божхона органларининг мансабдор шахсларига тан жароҳати етказилган ёки улар ҳалок бўлган, шунингдек уларнинг мол-мулки йўқ қилинган ёки унга зарар етказилган тақдирда бунинг учун моддий товон тўлаш тартиби ва миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Божхона органлари ходимлари ва улар оила аъзоларининг пенсия таъминоти ҳарбий хизматни, ички ишлар органларидаги хизматни ўтаган шахслар ва уларнинг оила аъзолари учун қонун ҳужжатларида белгиланган шартлар ва нормалар бўйича амалга оширилади. Божхона органлари мансабдор шахсларига божхона органларида хизматни ўташнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда пенсия тайинлаш учун ишлаган йилларини ҳисоблаб чиқариш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Божхона органлари мансабдор шахслари ва улар оила аъзоларининг пенсия таъминотини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг пенсия хизмати зиммасига юклатилади.
13-модда. Божхона органлари мансабдор шахсларининг моддий таъминоти
Божхона органлари ходимларининг иш ҳақи мансаб маошидан, махсус унвонлар ва ишлаган йиллари учун устамалардан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий этилган тартибда белгиланадиган бошқа қўшимча ҳақлардан иборатдир.
Божхона органларининг мансабдор шахслари бепул формали кийим-бош билан таъминланадилар. Божхона органлари мансабдор шахслари кийим-бошининг бичими, фарқловчи белгилари ва кийим-бош билан таъминлаш нормалари қонун ҳужжатларида белгиланади. Формали кийим-бошни кийиб юриш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Божхона органларида махсус фонд ташкил этилиши мумкин. Бундай фондни ташкил этиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
14-модда. Халқаро ҳамкорлик
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ва халқаро шартномаларига мувофиқ божхона иши, контрабандага, гиёҳванд воситалар, психотроп моддаларнинг ғайриқонуний муомаласига қарши кураш масалалари ҳамда ўз ваколати доирасидаги бошқа масалалар бўйича хорижий давлатларнинг божхона ва бошқа органлари ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 29 август,
472-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 9-сон, 230-модда; 1998 й., 5-6-сон, 102-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда; 2006 й., 41-сон, 405-модда; 51-52-сон, 499-модда; 2015 й., 33-сон, 439-модда, 52-сон, 645-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.01.2018 й., 03/18/456/0512-сон)