Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан иқлим ўзгаришининг олдини олишда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ҳамда ҳудудларни кўкаламзорлаштириш бўйича олиб борилаётган фаолият юзасидан ахборот ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан иқлим ўзгаришининг олдини олишда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ҳамда ҳудудларни кўкаламзорлаштириш бўйича олиб борилаётган фаолият юзасидан ахборотни эшитиб, бу борада муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Ўзбекистонда иқлим ўзгаришига қарши курашиш, унинг салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, ҳудудларда яшил майдонларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, атмосфера ҳавосига таъсири хавфи юқори бўлган 44 та саноат корхонасининг ифлослантириш манбаларидан намуна олиш ва таҳлил қилиш учун 69 та автомат станцияси ҳамда уларга туташ ҳудудларда 27 та кўчмас кузатиш пункти ўрнатилган.
2023 йилнинг ўтган даврида 147 та ишлаб чиқариш ва саноат корхонасидаги чанг-газларни тутиб қолувчи 716 та ускуна таъмирланиши ва янгиланиши натижасида атмосфера ҳавосига 10 минг тоннадан ортиқ зарарли ташламалар чиқарилиши олди олинган.
Республиканинг 26 та шаҳридаги 74 та кўчмас кузатув пунктида, шу жумладан, 8 та автоматик станцияда атмосфера ҳавоси ифлосланишининг фонли мониторинги йўлга қўйилган.
«Замин» халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосидаги RM 10 — RM 2,5 майда зарраларни ўлчовчи 2 та автоматик станция ўрнатилган.
Фаолият олиб бораётган 14 та саноат корхонасига самарадорлиги 95,0 фоиздан кам бўлмаган ҳамда 12 та янги ташкил этилган корхонага эса 99,5 фоиздан кам бўлмаган 32 та чанг-газ тозалаш ускунаси ўрнатилган.
Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилган «Тоза ҳаво» тадбирлари доирасида 2 914 та автотранспорт воситаси ҳаракати вақтинчалик тўхтатиб турилиши натижасида атмосфера ҳавосига 209,232 тонна ифлослантирувчи моддалар чиқарилиши олди олинган.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йилда 217,0 млн туп кўчат экилган. Атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган 189 та саноат корхонаси атрофида 1 730,0 минг туп кўчатлар экилиб, «яшил белбоғ»лар, шунингдек, 196 та чиқинди полигони атрофида 135,0 минг туп дарахтлар экилиб, иҳота дарахтзорлар барпо қилинган.
Ўрмон хўжаликлари томонидан ҳудудлар иқлимига мос, кам сув талаб қиладиган 650 гектар майдонда кўчатхоналар ташкил этилган. Кўчатларни сув билан таъминлаш мақсадида ҳудудларда 893 та қудуқ қазилиб, 1 058,7 км узунликда суғориш тизимлари ўрнатилган.
Сунъий йўлдошдан олинган тасвирларни қайта ишлаш ва сунъий интеллект орқали автоматик равишда ҳисоб юритиш бўйича яратилган модель алгоритмдан фойдаланган ҳолда дарахтларни рақамлаштириш, уларнинг жойлашуви, сонини аниқлаш ҳамда рақамли харита яратиш ишлари бошланган.
Тошкент шаҳридаги 331 та қурилиш объектларида 10 448 та дарахт хатловдан ўтказилиб, уларни сақлаб қолиш бўйича қурувчи ташкилотларга мажбурий кўрсатмалар берилган ва кафолат хатлари олинган.
Амалга оширилган ишлар билан соҳада айрим муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда.
Жумладан, атмосферага ташланаётган ифлослантирувчи моддалар миқдорини камайтириш ишлари етарли даражада олиб борилмагани натижасида ташламалар миқдори ҳозирда қарийб 2 200 минг тоннага етган.
Корхоналардаги мавжуд 6 мингдан ортиқ чанг-газ тозалаш ускуналари 60 фоизининг тозалаш самарадорлиги ўртача 86,5 фоизни ташкил этмоқда холос.
Атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторингини олиб борувчи кузатув пунктларини онлайн тартибда ахборот олиш имконини берадиган автоматик ўлчов асбоблари билан жиҳозлаш ишлари охирига етказилмаган.
Вилоятлар марказлари ва йирик саноат шаҳарларида майда дисперсли RM 10 — RM 2,5 зарраларни автоматик ўлчовчи асбоб-ускуналар ўрнатилмаган.
Атмосфера ҳолатини кузатувчи турғун постлар сони, атмосфера ҳавосига турғун манбалардан чиқариладиган ифлослантирувчи моддаларни таҳлилий аниқлашнинг кўлами ҳам етарли даражада эмас.
«Тоза ҳаво» тадбирлари давомида автотранспорт воситаларининг атиги 8,8 фоизигина назоратдан ўтказилган холос.
«Яшил макон» лойиҳаси доирасида баҳорги мавсумда қарийб 1 млн 800 мингта кўчатни парваришлашга масъуллар бириктирилмаган. Суғориш тизимлари мавжуд бўлмаган ҳудудларга 7,3 млн туп кўчатлар экилишига йўл қўйилган.
Тошкент шаҳридан ташқари бошқа ҳудудларда қурилиш объектларида кесилиш хавфи остида қолган дарахтларни хатловдан ўтказиш охирига етказилмаган.
Фермер хўжалиги ва кластерларга тегишли дала четларига экилган кўчат ва қаламчаларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш чораларини кўриш мақсадида ўсимлик клиникаси ва биолабораториялар тизимидан самарали фойдаланиш борасида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмаган.
Юқорида баён этилганларни инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 321-моддасига ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан иқлим ўзгаришининг олдини олишда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ҳамда ҳудудларни кўкаламзорлаштириш бўйича олиб борилаётган фаолият юзасидан ахборот маълумот учун қабул қилинсин.
2. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги:
республиканинг барча ҳудудларида атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш;
халқаро келишувлар ва мажбуриятлар доирасида 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан иссиқхона газлари ташламаларини 35 фоизга ҳамда атмосферага метан газини ташлашни 30 фоизга камайтириш;
иқлим ўзгариши билан боғлиқ масалаларни тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш;
«Яшил ўсиш», «Яшил иқлим», «Глобал экологик жамғарма» ва бошқа халқаро молия институтларининг грант ҳамда инвестиция лойиҳаларини жалб қилиш;
атроф-муҳитга таъсири хавфи юқори даражадаги объектларнинг ифлослантирувчи манбаларидан автоматик равишда намуналар олиш тизимини тўлиқ татбиқ этиш;
атмосфера ҳавосига ташланмаларнинг асосий қисмини чиқарувчи кўчма ифлослантирувчи манбаларга нисбатан иқтисодий чоралар қўллашни қонунчилик ҳужжатларида назарда тутиш масаласини ўрганиб чиқиш;
замонавий техник воситалар асосида узлуксиз мониторинг юритиш, ифлослантирувчи моддаларни ўлчаш кўламини кенгайтириш ҳамда атмосфера ҳавосининг ҳолати ва ифлосланиш даражасини прогноз қилиш;
вилоятлар марказлари ва саноати ривожланган шаҳарларда майда дисперсли RM 10 — RM 2,5 зарраларни автоматик тарзда ўлчовчи асбоб-ускуналар ўрнатиш;
йирик шаҳарлар, саноат ва қурилиш зоналари бўйича мониторинг турғун постлари жойлашишини қайта кўриб чиқиш, I ва II даражали экологик хавфга эга корхоналарни қайта хатловдан ўтказиш;
яратилган модель алгоритмдан фойдаланган ҳолда дарахтларни рақамлаштириш, уларнинг жойлашуви ва сонини аниқлаш ҳамда рақамли харита яратишни жадаллаштириш;
шаҳар ва автомобил йўллари четида яшил ҳудудларни кенгайтириш, йирик шаҳарлар атрофида «яшил қалқонлар» ташкил этиш;
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш бўйича Миллий маъруза тайёрлаш чораларини кўрсин.
3. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Энергетика вазирлиги билан биргаликда:
қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи ва бошқа саноат корхоналарининг чанг-газ тозалаш ускуналари иш самарадорлигини 99,5 фоизга етказиш;
дарахт ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига ўрнатилган мораторий талабларини бузган қурилиш-пудрат ташкилотларининг «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимидаги рейтинг баҳосини пасайтириш чораларини кўрсин.
4. Транспорт вазирлиги Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда:
ҳудудларда транспорт ва пиёдалар оқими кесишадиган жойларни камайтириш, магистралларнинг юклама даражасини пасайтиришга;
транспорт оқими таркибини ва ҳаракат тезлиги режимини тартибга солиш циклини оптималлаштириш ҳамда янги кўприк ва ёи ўтказгичларни барпо этишга;
жамоат транспортини, айниқса дизел ёқилғисида ишлайдиган транспорт воситаларини экологик тоза энергия манбаларига ўтказишга;
«Тоза ҳаво» тадбирлари самарадорлигини ошириш, атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатадиган автомототранспорт воситалари устидан назоратни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратсин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
дарахт ва буталарнинг зараркунандалари ҳамда касалликларига қарши курашиш тадбирларига маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларидан маблағ ажратилишини таъминласин;
фойдаланишга топширилаётган ишлаб чиқариш қувватларининг атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи стационар манбаларини самарадорлиги 99,5 фоиздан паст бўлмаган чанг-газ тозалаш ускуналари билан жиҳозласин;
«Яшил макон» лойиҳасини амалга оширишда ҳам ҳудудларнинг географик жойлашуви, иқлимий омиллари ва суғориш тизимлари мавжудлигини назорат қилсин, экилган дарахтларга масъулларни бириктирсин ва агротехник ишлов бериш тизимини ёига қўйсин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва туман (шаҳар) Кенгашларига:
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси амалга оширилиши юзасидан қатъий назоратни давом эттириш;
долзарб маҳаллий экологик муаммолар ва уларнинг олдини олиш бўйича масалаларни доимий равишда маҳаллий Кенгашлар сессияларида муҳокама қилиш;
иқлим ўзгаришининг олдини олиш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари раҳбарларининг ҳисоботини эшитиш тавсия этилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ушбу қарор ижроси бўйича масъул вазирлик ва идоралар маълумотларини умумлаштириб, 2025 йил 1 январга қадар ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот киритилишини таъминласин.
8. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2023 йил 20 декабрь,
СҚ-844-IV-сон