Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг
қарори
Биринчи инстанция судида ишни кўрган судья А. Хамидов
Апелляция инстанцияси судида маърузачи судья Т. Абдраманов
Кассация инстанцияси судида маърузачи судья И. Таджиев
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Б. Сайфуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Р. Сагатов ва И. Таджиевдан иборат таркибда, З. Қодировнинг котиблигида, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашаётган Навоий вилоят судининг ходими Ж. Икромов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма катта прокурори М. Қурбонова, даъвогар У.Н. ва унинг вакиллари — адвокат М.Ғ. (2023 йил 20 апрелдаги 2-сонли ордер ва 2021 йил 8 июндаги ишончнома асосида) ҳамда Ш.Н. (2021 йил 8 июндаги ишончнома асосида), жавобгар вакиллари — адвокат Ш.Қ. (2023 йил 14 февралдаги 2-сонли ишончнома асосида) ва юрисконсульт Б.Э. (2023 йил 15 февралдаги 3-82/508-сонли ишончнома асосида)нинг иштирокида, «СС» хорижий корхонаси, «КС», «ТСТ», «АО» ва «РЁ» фермер хўжаликлари ҳамда Н.Т., Н.С., О.Ҳ., Р.А, Ш.Н., Р.С., Г.Ш, Н.Т., Ш.А., С.Х. ва Навоий вилоят Адлия бошқармаси ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган ҳолда, даъвогар «I» масъулияти чекланган жамиятининг иштирокчиси У.Н.нинг жавобгар «I» масъулияти чекланган жамиятига нисбатан иштирокчиларнинг умумий йиғилиш баённомаларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан даъвогар томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суднинг биносида бўлиб ўтган видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
«I» масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жамият ёки МЧЖ деб юритилади)нинг устав фондидаги 54 000 сўм ёки 0,35 фоиз улушга эга иштирокчиси У. Ш.Н. (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, МЧЖ иштирокчиларининг 2020 йил 13 ноябрдаги ва 2020 йил 25 декабрдаги умумий йиғилиш баённома (қарор)ларини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Бунга асос қилиб, даъво аризасида МЧЖ раҳбари О.Ҳ. қасддан ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, мансаб сохтакорлигига йўл қўйиб, аслида ўтказилмаган таъсисчиларнинг умумий йиғилиши қарорларини давлат органларига тақдим этиб, МЧЖни бошқа шахсларнинг эгалигига ноқонуний тарзда ўтказиш ва мол-мулкларни талон-тарож қилишга йўл қўйганлиги, МЧЖ таъсисчиларининг умумий йиғилиши аслида ўтказилмаган бўлса-да, 2020 йил 13 ноябрда ва 25 декабрда умумий йиғилиш ўтказилганлиги тўғрисида сохта баённома тузганлиги, мазкур йиғилишларда манфаатдор шахс сифатида Ш. Н., Г. А., ўзи (даъвогар) ва бошқа шахслар умуман иштирок этмаганлиги, умумий йиғилиш ўтказилиши тўғрисида олдиндан хабардор қилинмаганлиги, МЧЖ уставининг 14.4-бандида жамият таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жамият таъсисчиларининг барчаси иштирокида кўриб чиқилиши шартлиги аниқ қилиб кўрсатилган бўлса-да, МЧЖ мансабдор шахслари қасддан мазкур талабни бузиб, жамиятнинг бошқа таъсисчиларининг улушларини бегона шахсларга тўғридан-тўғри сотиш чораларини кўрганлиги, жамият таъсисчиси ўз улушини сотиш таклифини дастлаб МЧЖ таъсисчиларига таклиф қилиб, кейингина сотиш ва расмийлаштириб бериш лозимлиги, аммо мазкур талаб ҳам қасддан бажарилмаганлиги, гўёки жамиятнинг бир неча таъсисчилари ўз улушларидан «СС» хорижий корхонаси фойдасига воз кечганлиги, шунингдек, ўз улушларини «СC» хорижий корхонаси фойдасига воз кечган жамият таъсисчилари оила аъзоларининг розилиги ҳам олинмаганлиги, жамият таъсисчиларининг 2020 йил 25 декабрдаги умумий йиғилиши ўтказилганлиги тўғрисидаги баённома ва таъсис ҳужжатлари сохталаштирилиб, жамиятнинг деярли барча улуши, яъни 95,44 фоизи Ш.Ғ.А. нинг эгалигига ўтказилганлиги, бу ҳолатдан жамият таъсисчиларининг кўпчилиги ҳозирги кунга қадар хабардор эмаслиги, жамиятнинг эгалигида бир қатор мол-мулклар мавжуд бўлиб, жиноятчи шахсларнинг асл мақсади ҳам мазкур мулкларни ноқонуний тарзда сотиб, талон-тарож қилиш ҳисобланиши, мазкур масалада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга МЧЖнинг мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатишни сўраб ариза билан мурожаат қилганлиги, Қизилтепа туман ИИБнинг 2021 йил 3 июндаги қарори билан келтирилган важлар тўлиқ текширилмасдан, жиноят иши қўзғатишдан рад этилганлиги, низо ва келишмовчиликлар бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилганлиги тўғрисида важлар келтирилган.
Суднинг 2021 йил 14 июлдаги ажрими билан «СС» хорижий корхонаси, «КС», «ТСТ», «АО» ва «РЁ» фермер хўжаликлари ҳамда Н.Т., Н.Б.С., О.Р. Ҳ., Р.А., Ш.Д.Н., Р.С.С., Г.Н.Ш. ва Н.Ҳ.Т. ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган.
Кармана туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 3 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантириш рад қилинган. Учинчи шахслар «ТС» фермер хўжалиги, Ш.Н. ва Н.Т.га нисбатан иш юритиш тугатилган.
Навоий вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 25 апрелдаги қарори билан биринчи инстанция судининг 2023 йил 3 мартдаги ҳал қилув қарори бекор қилинган ва иш янгидан кўриш учун Кармана туманлараро иқтисодий судига юборилган.
Суднинг 2023 йил 2 майдаги ажрими билан Ш.Ғ.А. ҳамда Навоий вилоят Адлия бошқармаси ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган.
Суднинг 2023 йил 29 майдаги ажрими билан МЧЖнинг вафот этган иштирокчиси Ш.Д.Н.нинг меросхўри Ш. Ш. Н. ва МЧЖнинг вафот этган иштирокчиси Н.Т.нинг меросхўри С.Т.Х. ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган.
Суднинг 2023 йил 8 июндаги ажрими билан даъвогарнинг даъво аризасига қўшимча тўғрисидаги аризаси иш юритишга қабул қилинган.
Кармана туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 8 июндаги ҳал қилув қарори билан даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган. Учинчи шахслар «ТСТ» ва «КС» фермер хўжаликлари ҳамда Р.С. ва Р.А.га нисбатан иш юритиш тугатилган.
Шунингдек, ишни кўриш жараёнида аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига хабар бериш ҳақида хусусий ажрим чиқарилган.
Навоий вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 4 августдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан даъвогар кассация шикояти берган ва унда суд ҳужжатларини бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда судлар томонидан мазкур иш бўйича аниқланиши лозим бўлган муҳим ҳолатлар аниқланмаганлиги, жамият таъсисчиларининг улушини сотилишида «Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонун (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) 20-моддасининг олтинчи-еттинчи қисмлари талаблари бузилганлиги, МЧЖ иштирокчиларининг улушларини жамият иштирокчиси бўлмаган учинчи шахсларга сотилиши ҳақида жамият иштирокчилари, жумладан У.Н. (даъвогар) тегишли тарзда хабардор қилинмаганлиги, жамият устави 14.4-бандининг 2-кичик бандида жамият таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жамият таъсисчиларининг барчаси иштирокида кўриб чиқилиши шартлиги белгиланганлиги, лекин жамият таъсисчиларининг улушларини учинчи шахсларга ўтказиш ҳамда таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги масалалар жамият таъсисчиларининг иштирокида кўриб чиқилмаганлиги, жамият иштирокчиларининг 2020 йил 13 ноябрдаги 1-сонли ва 2020 йил 25 декабрдаги 2-сонли умумий йиғилишлари юқоридаги Қонун ва жамият устави талабларига зид равишда ўтказилганлигига асосли равишда ҳуқуқий баҳо берилмаганлиги, МЧЖ таъсисчиларининг умумий йиғилиши баённомалари қалбакилаштирилганлиги юзасидан 2021 йил 17 декабрь куни Кармана туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодекси 228-моддаси иккинчи қисмининг «б» банди билан жиноят иши қўзғатилганлиги, жиноят иши бўйича айбланувчи тариқасида жалб қилиниши лозим бўлган «СС» хорижий корхонасининг раҳбари А.А. вафот этганлиги муносабати билан мазкур жиноят иши 2022 йил 15 мартда ЖПК 84-моддаси иккинчи қисмининг 3-бандига асосан ҳаракатдан тугатилганлиги, тергов органининг 2022 йил 15 мартдаги қароридан кўринишича, 2020 йил 13 ноябрда МЧЖнинг 11,37 фоиз улушдори бўлган «ТСТ» ФХнинг раҳбари Қ.Б. таъсисчиларнинг умумий йиғилишида иштирок этмаган ва ўзининг улушидан «СС» хорижий корхонаси фойдасига воз кечмаган бўлса-да, унинг имзоси сохталаштирилганлиги аниқланганлиги, жамиятнинг умумий йиғилишида иштирок этганлиги кўрсатилган жамият иштирокчилари Р.А., Ш.А. ва К.Б.лар тергов жараёнида берган кўрсатмаларида мазкур йиғилиш бўлмаганлиги ва унда иштирок этмаганларини маълум қилганликлари, бироқ, суд томонидан К.Б. ва Ш.А.ни судга чақириш чоралари кўрилмаганлиги, суд томонидан тергов органи қарорида келтирилган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилмаганлиги, тергов органи томонидан жамият таъсисчиларининг 2020 йил 13 ноябрдаги 1-сонли умумий йиғилиши ўтказилмаганлиги ва номигагина баённомалар расмийлаштирилганлиги аниқланганлиги, йиғилиш баённомаси қалбакилаштирилиши ўз тасдиғини топганлиги, судлар даъво муддатини қўллаган ҳолда даъво талабларини қаноатлантиришни рад этганлиги, судлар низоли умумий йиғилишлар умуман ўтказилмаганлиги, баённомаларнинг қалбакилиги тергов органи қарори билан ўз исботини топганлигига етарлича ҳуқуқий баҳо бермаганлигини кўрсатган.
Суд мажлисида даъвогар вакили шикоятда келтирилган важларни такрорлаб, тергов органининг 2023 йил 22 октябрдаги қарорида жамият иштирокчиларининг йиғилиш бўлиб ўтган дейилмаганлиги, қарорда фақат К.Б.нинг имзоси қалбакилаштирилган дейилганлиги, иштирокчиларнинг йиғилиши бўлмаганлиги ва ушбу ҳолат тергов жараёнида тасдиқланганлиги, суд томонидан чиқарилган хусусий ажрим юзасидан ҳали қарор қабул қилинмаганлигини баён қилиб, шикоятни қаноатлантиришни ва суд ҳужжатларини бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўради.
Жавобгар вакиллари шикоятда келтирилган важларга эътироз билдириб, иш мазмунан кўрилмаганлиги, даъво муддатини қўллаган ҳолда даъвони қаноатлантириш рад этилганлиги, Қонунга кўра, йиғилишда иштирок этмаган ҳамда қарши овоз берган шахс иштирокчиларнинг умумий йиғилиш қарори устидан шикоят қилиши мумкинлиги, тергов жараёнида К.Б.нинг имзоси қалбакилаштирилганлиги аниқланганлиги, аммо, К.Б. ўзининг нотариал тартибда тасдиқланган аризасига асосан ўз улушидан воз кечганлиги, жамият иштирокчиларининг йиғилиши раиси ва котибига нисбатан жиноят иши қўзғатилмаганлиги, тергов органининг 2022 йил 15 мартдаги қарори Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан 2023 йил 25 сентябрда бекор қилинганлиги ва қўшимча тергов ҳаракатлари ўтказиш учун Навоий вилоят прокуратурасига юборилганлиги, ўтказилган қўшимча тергов ҳаракатлари натижаси бўйича 2023 йил 22 октябрда тергов органи жиноят ишини ЖПК 83-моддасининг 2-банди билан тугатиш тўғрисида қарор қабул қилганлиги, дастлаб жиноят иши А. вафот этганлиги сабабли тугатилганлиги, жамият иштирокчилари нотариал тартибида тасдиқланган аризаларга асосан ўз улушларидан воз кечганлиги сабабли, улар баённомага имзо қўйиши керак бўлмаганлиги, йиғилиш баённомаси фақат йиғилиш раиси ва котиби томонидан имзоланишини баён қилиб, шикоятни қаноатлантиришни рад этишни сўрашди.
Учинчи шахслар суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган бўлса-да, улардан вакил суд мажлисига келмади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди.
Шу сабабли судлов ҳайъати ишни учинчи шахсларнинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади.
Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг тушунтиришларини ва прокурорнинг суд ҳужжатларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш тўғрисидаги фикрини тинглаб, шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятини қисман қаноатлантиришни лозим топади.
ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига кўра, иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, даъвогар жамият таъсисчиларнинг умумий йиғилиши аслида ўтказилмаган бўлса-да, 2020 йил 13 ноябрда ва 25 декабрда умумий йиғилиш ўтказилганлиги тўғрисида сохта баённома тузилганлиги, йиғилиш баённомаси қалбакилаштирилганлиги тергов органининг қарори билан тасдиғини топганлигини важ қилиб кўрсатиб, йиғилиш баённомаларини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Ишда мавжуд бўлган Кармана туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодекси 228-моддаси иккинчи қисмининг «б» банди билан қўзғатилган жиноят иши бўйича айбланувчи тариқасида жалб қилиниши лозим бўлган «СС» хорижий корхонасининг раҳбари А.А. вафот этганлиги муносабати билан мазкур жиноят иши 2022 йил 15 мартда ЖПК 84-моддаси иккинчи қисмининг 3-бандига асосан ҳаракатдан тугатилган. Тергов органининг ушбу қароридан кўринишича, 2020 йил 13 ноябрда МЧЖнинг 11,37 фоиз улушдори бўлган «ТСТ» ФХнинг раҳбари Қ.Б. таъсисчиларнинг умумий йиғилишида иштирок этмаганлиги ва ўзининг улушидан «СС» хорижий корхонаси фойдасига воз кечмаган бўлса-да, унинг имзоси сохталаштирилганлиги, жамиятнинг умумий йиғилишида иштирок этганлиги кўрсатилган жамият иштирокчилари Р.А., Ш.А. ва К.Б.лар тергов жараёнида берган кўрсатмаларида мазкур йиғилиш бўлмаганлиги ва унда иштирок этмаганларини маълум қилганлиги аниқланган.
Судлар даъвогарнинг важлари ҳамда тергов органининг қарори билан аниқланган ҳолатларга баҳо бермасдан, аслида ўтказилмаган жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши ҳуқуқий оқибат келтириши ёки келтирмаслиги масаласини муҳокама қилмасдан, даъво муддатини қўллаган ҳолда даъво талабларини қаноатлантиришни рад этган.
Ишни кассация инстанцияси судида кўриш жараёнида жавобгар вакили томонидан Кармана туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлимининг 2022 йил 15 мартдаги қарорини бекор қилиш ва қўшимча тергов ҳаракатлари ўтказиш учун жиноят ишини Навоий вилоят прокуратурасига юбориш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2023 йил 25 сентябрдаги қарори ҳамда Кармана туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлимининг ўтказилган қўшимча тергов ҳаракатлари натижаси бўйича қабул қилинган 2023 йил 22 октябрдаги ЖПК 83-моддасининг 2-банди билан жиноят иши бўйича ҳаракатдан тугатиш тўғрисида қарорини тақдим қилди.
Бироқ, ИПК 299-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига биноан суд ишни кассация тартибида кўриш чоғида биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси суди томонидан моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилганлигини ва процессуал қонун талабларига риоя этилганлигини иш материаллари бўйича текширади. Кассация инстанцияси суди янги далилларни текширишга ва янги фактларни аниқлашга ҳақли эмас.
ИПК 301-моддасининг 3-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ушбу Кодекс 302-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида ва тўртинчи қисмининг 4 ва 7-бандларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, ҳал қилув қарорини, қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун суд ҳужжати бекор қилинган суд инстанциясига юборишга ҳақли.
Шунинг учун, судлов ҳайъати даъвогарнинг шикоятини қисман қаноатлантиришни, апелляция инстанцияси судининг 2023 йил 4 августдаги қарорини бекор қилишни ва ишни апелляция тартибида янгидан кўриб чиқиш учун Навоий вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига юборишни лозим топади.
Ишни янгидан кўришда апелляция инстанцияси суди жамият иштирокчиларининг йиғилишини чақириш ва ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатларни талаб қилиб олиши, жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши ўтказилганлиги-ўтказилмаганлиги ҳолатларни аниқлаши, умумий йиғилиш ўтказилмаган бўлса, ўтказилмаган йиғилиш ҳақида расмийлаштирилган баённома ҳуқуқий оқибат келтириши ёки келтирмаслиги масаласини муҳокама қилиши ва баҳо бериши, улар натижаси бўйича асосланган ва қонуний қарор қабул қилиши лозим бўлади.
Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 301 — 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қарор қилди:
Даъвогар У.Н.нинг кассация шикояти қисман қаноатлантирилсин.
Навоий вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 4 августдаги қарори бекор қилинсин.
Иш янгидан апелляция тартибида кўриб чиқиш учун Бухоро вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига юборилсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи: Б. САЙФУЛЛАЕВ
ҳайъат аъзолари: Р. САГАТОВ
И. ТАДЖИЕВ
Тошкент ш.,
2023 йил 19 декабрь,
4-2101-2103/1190-сон