Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг
қарори
Биринчи инстанция судида ишни кўрган судья Х. Рахимов
Апелляция инстанцияси судида маърузачи судья Ш. Джамолов
Кассация инстанцияси судида маърузачи судья Р. Хайдаров
Кассация инстанциясида (такрорий) маърузачи судья Т. Аннаева
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судья Т. Аннаеванинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар О. Халмирзаев, Р. Сагатов, З. Рустамов ва Ф. Ражабовдан иборат таркибда, М.Мирзалиевнинг котиблигида, видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга Хоразм вилоят судининг кўмагида, даъвогар М.И., жавобгар вакиллари — А.А. (раҳбар), адвокат Р.М. (2022 йил 4 мартдаги 000014-сонли ордер асосида)нинг иштирокида, даъвогар М.И. нинг жавобгар «ГП» масъулияти чекланган жамиятига нисбатан жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиш баёнлари, жамиятнинг таъсис шартномаси ва Уставини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси юзасидан юритилган иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари томонидан киритилган ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақидаги протести асосида ишни Олий суднинг биносида бўлиб ўтган видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 24 январдаги ПФ-3202-сонли Фармонига асосан «ГП» акциядорлик жамияти акциядорларининг 2003 йил 21 апрелдаги навбатдан ташқари умумий йиғилиши қарори билан жамият «ГП» масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жамият ёки МЧЖ деб юритилади)га айлантирилган.
МЧЖнинг таъсис ҳужжатлари 2004 йил 7 апрелда 111-сонли рақам билан Гурлан туман ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциясида қайта рўйхатга олинган.
МЧЖнинг 2018 йил 2 июлда 111-сонли рақам билан Гурлан туман Давлат хизматлари марказида рўйхатга олинган таъсис ҳужжатларига кўра, жамиятнинг устав фонди 6 480 000 сўмни ташкил қилган бўлиб, иштирокчилар ўртасида қуйидагича тақсимланган:
1. А.А.А. — 2 412 000 сўм (37,22 фоиз);
2. А.А.А. — 210 000 сўм (3,24 фоиз);
3. И.Д. — 1 620 000 сўм (25,0 фоиз);
4. Б.Д. — 1 549 000 сўм (23,9 фоиз);
5. И.Қ. — 116 000 сўм (1,79 фоиз);
6. Р.Т. — 33 000 сўм (0,51 фоиз);
7. Қ.Ғ. — 24 000 сўм (0,37 фоиз);
8. А.К. — 27 000 сўм (0,42 фоиз);
9. Р.Я. — 52 000 сўм (0,8 фоиз);
10. М.С. — 22 000 сўм (0,34 фоиз);
11. Т.О. — 64 000 сўм (0,99 фоиз);
12. Х.Д. — 47 000 сўм (0,73 фоиз);
13. И.С. — 25 000 сўм (0,39 фоиз);
14. Б.С. — 37 000 сўм (0,57 фоиз);
15. Я.Ю. — 2 000 сўм (0,03 фоиз);
16. Н.Ў. — 80 000 сўм (1,23 фоиз);
17. И.М. — 80 000 сўм (1,23 фоиз);
18. Н.Г. — 80 000 сўм (1,23 фоиз).
МЧЖ иштирокчиларининг 2018 йил 12 февралдаги 1-сонли йиғилиш баённомаси билан директор А.А. нинг жамиятни бошқа фаолият турига айлантириш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ёки ортиқча, жамиятга фойдасиз, солиқ мажбурияти ҳисобланиб турган биноларни сотиш таклифларини маъқуллаш, директор А.А. га жамиятни фаолият турини ўзгартириб, ортиқча ишламасдан турган биноларни сотиш орқали инвестиция жалб қилиб, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда ҳисобланган солиқ ва мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаш мажбуриятини юклаш ҳақида қарор қабул қилинган.
МЧЖ иштирокчиларининг 2018 йил 2 мартдаги 2-сонли йиғилиши баённомаси билан бостирма биносини белгиланган тартибда музокара ўтказиш йўли билан «GMS» МЧЖга сотиш ва сотувдан тушган маблағларни жамият эҳтиёжларига ишлатиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Шунингдек, МЧЖ иштирокчиларининг 2018 йил 24 декабрдаги 3-сонли йиғилиш баённомаси билан умумий ер майдони 3351,2 кв.м. бўлган бино ва иншоотларни сотиш ҳамда сотувдан тушган маблағларни солиқ ва мажбурий тўловларга ўтказиш, ишчи ходимларнинг ойлик маошларини беришни таъминлаш, С.Ж.А. билан олди-сотди шартномаси тузиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Гурлан туман Давлат хизматлари маркази томонидан 2019 йил 2 августда 111-сонли реестр тартиб рақами билан жамиятнинг Устави рўйхатга олинган бўлиб, унда иштирокчиларнинг устав фондидаги улушлари қуйидагича тақсимланган:
1. «ГП» МЧЖ — 10,63 фоиз;
2. А.А.А. — 37,22 фоиз;
3. А.А.А — 3,24 фоиз;
4. И.Д. — 25,0 фоиз;
5. Б.Д. — 23,9 фоиз.
Жамият иштирокчиларининг 2019 йил 1 ноябрдаги 9/1-сонли йиғилиш баённомаси билан Гурлан шаҳарчаси, Манғит кўчаси, 5-уй манзилида жойлашган умумий ер майдони 4200,0 кв.м. бўлган бино ва иншоотларни сотиш ҳамда сотувдан тушган маблағларни солиқ ва мажбурий тўловларга ўтказиш, ишчи ходимларнинг ойлик маошларини беришни таъминлаш, «AOB» МЧЖ билан олди-сотди шартномаси тузиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Жамият иштирокчиларининг 2020 йил 19 июндаги 1-сонли йиғилиш баённомаси билан умумий ер майдони 3588,0 кв.м. бўлган бино ва иншоотларни сотиш ҳамда сотувдан тушган маблағларни солиқ ва мажбурий тўловларга ўтказиш, ишчи ходимларнинг ойлик маошларини беришни таъминлаш, «GTT» МЧЖ (А.Д.) билан олди-сотди шартномаси тузиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Гурлан туман Давлат хизматлари маркази томонидан жамият иштирокчиларининг 2021 йил 18 февралдаги 5-сонли қарорига асосан жамиятнинг Устави рўйхатга олинган бўлиб, унда таъсисчиларнинг устав фондидаги улушлари қуйидагича тақсимланган:
1. А.А.А — 41,65 фоиз;
2. А.А.А. — 3,63 фоиз;
3. И.Д. — 27,97 фоиз;
4. Б.Д — 26,75 фоиз.
Жамият иштирокчиси И.М.М. (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) МЧЖга нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жамият иштирокчиларининг 2018 йил 12 февралдаги 1-сонли, 2018 йил 2 мартдаги 2-сонли, 2018 йил 24 декабрдаги 3-сонли, 2019 йил 1ноябрдаги 9/1-сонли, 2020 йил 19 июндаги 1-сонли умумий йиғилиш баёнлари ҳамда 2018 йил 2 июлдаги 111-сонли рақам билан рўйхатга олинган таъсис шартномаси, жамиятнинг 2019 йил 29 июлдаги 5-сонли қарорига асосан 2019 йил 2 августда давлат хизматлари марказидан (рақамсиз) рўйхатдан ўтказилган Устави, жамият иштирокчиларининг 2021 йил 18 февралдаги 5-сонли қарорига асосан 2021 йил 18 февралда давлат хизматлари марказидан (рақамсиз) рўйхатдан ўтказилган янги таҳрирдаги Уставини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 13 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъвонинг бир қисмини қаноатлантириш рад этилиб, даъвогар И.М.М. дан Республика бюджетига 13 500 000 сўм давлат божи ундирилган ҳамда даъвонинг қолган 2019 йил 29 июлдаги 5-сонли қарори билан 2019 йил 2 августда давлат хизматлари марказидан (рақамсиз) рўйхатдан ўтказилган Уставини, жамият таъсисчиларининг 2021 йил 18 февралдаги 5-сонли қарори билан 2021 йилда давлат хизматлари марказидан (рақамсиз) рўйхатдан ўтказилган янги таҳрирдаги Уставини ҳақиқий эмас деб топиш қисми бўйича иш юритиш тугатилган.
Хоразм вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 19 апрелдаги қарори билан Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 13 февралда қабул қилинган ҳал қилув қарори ўзгартирилган. Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 13 февралда қабул қилинган ҳал қилув қарорининг асослантирувчи ва хулоса қисмларидаги «ГП» масъулияти чекланган жамияти иштирокчиларининг 2018 йил 12 февралдаги 1-сонли, 2018 йил 02 мартдаги 2-сонли ва 2018 йил 24 декабрдаги 3-сонли умумий йиғилиш баёнларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво талабларини қаноатлантириш рад қилинсин қисми бекор қилинган. Даъво талабининг ушбу қисми бўйича янги қарор қабул қилинган ва даъво талабларининг ушбу қисми қаноатлантирилган ҳамда «ГП» масъулияти чекланган жамияти иштирокчиларининг 2018 йил 12 февралдаги 1-сонли, 2018 йил 2 мартдаги 2-сонли ва 2018 йил 24 декабрдаги 3-сонли умумий йиғилиш баённомалари ҳақиқий эмас деб топилиб, ҳал қилув қарор қолган қисмида ўзгаришсиз қолдирилган.
Мазкур суд қарорларидан норози бўлиб, даъвогар И.М.М. ҳамда жавобгар «ГП» масъулияти чекланган жамияти Олий судга кассация шикоятлари билан мурожаат қилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 18 июлдаги қарори билан И.М.М. нинг кассация шикоятини қаноатлантириш рад этилган. Хоразм вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 19 апрелдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари томонидан ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақида протест киритилган.
Суд мажлисида иштирок этган даъвогар кассация шикоятида баён этилган важларни қўллаб-қувватлаб, шикоятни тўлиқ қаноатлантиришни, суд қарорларини бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилишни сўради.
Суд мажлисида иштирок этган жавобгар кассация шикоятида баён этилган важларни қўллаб-қувватлаб, шикоятни тўлиқ қаноатлантиришни, суд қарорларини бекор қилиб, даъвони қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилишни сўради.
Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб ва протестда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра протестни қаноатлантиришни лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 303-моддаси иккинчи қисмининг 11, 13-бандларига кўра кассация инстанцияси судининг қарорида кассация инстанцияси суди томонидан аниқланган иш ҳолатлари; суднинг ушбу ҳолатлар тўғрисидаги хулосалари учун асос бўлган далиллар, суд қарор қабул қилишда амал қилинган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар; суднинг у ёки бу далилларни рад этишига ҳамда ишда иштирок этувчи шахслар ҳавола қилган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўлламаганлигига доир сабаблар, кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари тўғрисидаги хулосалар ҳамда ушбу модданинг учинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг қарорида ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида суд харажатларининг тақсимланиши кўрсатилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми 2021 йил 27 ноябрдаги «Судлар томонидан иқтисодий ишларни кассация тартибида кўриш амалиёти тўғрисида» 36-сонли Қарорининг 30-бандига кўра, кассация инстанцияси суди ўз қарорида кассация шикоятидаги (протестидаги) ҳар бир важни, унинг асосли ёхуд асоссизлиги ҳақидаги хулосани баён этган ҳолда муҳокама қилишга мажбур эканлиги ҳамда кассация инстанцияси суди қарорининг хулоса қисмида ишни шикоят (протест) бўйича кўриш натижалари тўғрисидаги хулосалар, шунингдек, суд харажатлари тақсимланиши кўрсатилиши керак эканлиги тўғрисида тушунтириш берилган.
Бироқ, иш юзасидан қарор қабул қилишда кассация инстанцияси суди қайд қилинган талабларга тўлиқ риоя қилмаган.
Жумладан, суд ҳужжатларига нисбатан даъвогар И.М.М. ҳамда жавобгар «ГП» масъулияти чекланган жамияти томонидан Олий судга кассация шикоятлари билан мурожаат қилган бўлса-да, кассация инстанция судининг қарори билан жавобгар «ГП» масъулияти чекланган жамияти томонидан берилган кассация шикоят муҳокама қилинмаган ва қарор қабул қилинмаган, бундан ташқари иш бўйича суд харажатлари тўлиқ тақсимланмаган.
ИПК 305¹-моддасининг бешинчи қисмига кўра, ишни кассация тартибида такроран кўриш умумий асосларга кўра амалга оширилади.
ИПК 299-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига кўра, суд ишни кассация тартибида кўриш чоғида биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси суди томонидан моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилганлигини ва процессуал қонун талабларига риоя этилганлигини иш материаллари бўйича текширади.
Кассация инстанцияси суди янги далилларни текширишга ва янги фактларни аниқлашга ҳақли эмас.
ИПК 301-моддасининг 3-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ушбу Кодекс 302-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида ва тўртинчи қисмининг 4 ва 7-бандларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, ҳал қилув қарорини, қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун суд ҳужжати бекор қилинган суд инстанциясига юборишга ҳақли.
ИПК 302-моддасининг биринчи қисмига кўра, иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати кассация инстанцияси суди томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ аниқланмаганлиги ва суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатлар исботланмаганлигини инобатга олиб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларига риоя этилмаган ҳолда қарор қабул қилинган деб ҳисоблаб, протестни қаноатлантириб, суд қарорини бекор қилишни ва ишни янгидан кўриш учун кассация инстанция судига юборишни лозим топади.
ИПК 343-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, агар ижро этилмаган суд ҳужжати бекор қилиниб ёки ўзгартирилиб, даъвони тўлиқ ёки қисман рад этиш тўғрисида янги суд ҳужжати қабул қилинса ёхуд иш юритиш тугатилса ёки даъво кўрмасдан қолдирилса, суд бекор қилинган ёки тегишли қисми ўзгартирилган суд ҳужжати бўйича ундиришни тўлиқ ёхуд қисман бекор қилиш ҳақида суд ҳужжатини қабул қилади.
Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301 — 303, 3051 ва 343-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати, қарор қилди:
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосарининг протести қаноатлантирилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 18 июлдаги қарори бекор қилинсин.
Иш кассация шикоятларини янгидан кўриш учун Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига юборилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 18 июлдаги қарори бўйича ундирув бекор қилинсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи Т. АННАЕВА
ҳайъат аъзолари О. ХАЛМИРЗАЕВ
Р. САГАТОВ
З. РУСТАМОВ
Ф. РАЖАБОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 18 декабрь,
4-2202-2201/27-сон