Андижон вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг
Қарори
Биринчи инстанцияда ишни кўрган судья — У. Қурбонова
Апелляция инстанциясида маърузачи судья — У. Холиков
Андижон вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати, А. Мадаминов раислигида, судьялар Д. Убайдуллаев ва У. Холиковдан иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси Х. Тухтасиновнинг котиблигида, даъвогар — ХХХ масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси ХХХнинг, жавобгар — ХХХ, қўшимча жавобгарлар — ХХХ, ХХХларга нисбатан жамиятнинг 2023 йил 2 мартдаги 2-сонли Кузатув кенгаши қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан Андижон туманлараро иқтисодий суди томонидан 2023 йил 28 апрелда қабул қилинган ҳал қилув қарори устидан ХХХ томонидан берилган апелляция шикояти асосида ишни даъвогар вакили ХХХ (ишончнома асосида), жавобгар ХХХнинг вакили ХХХ (ишончнома асосида), қўшимча жавобгар ХХХнинг вакили ХХХ (ишончнома асосида)ларнинг иштирокида, Андижон вилоят суди биносида, очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
ХХХ масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси ХХХ (бундан буён матнда «даъвогар» деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, ХХХ (бундан буён матнда «жавобгар» деб юритилади), ХХХ, ХХХларга нисбатан жамиятнинг 2023 йил 2 мартдаги 2-сонли Кузатув кенгаши қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Андижон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 28 апрелдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.
Мазкур ҳал қилув қарори устидан ХХХ апелляция шикояти билан мурожаат қилган ва унда ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони кўрмасдан қолдириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўраган.
2023 йил 15 ноябрь кунги суд мажлисида ХХХ апелляция шикояти талабига ўзгартириш киритиб, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни биринчи инстанция судига янгидан кўриш учун юборишни сўраб ариза тақдим этган.
Суд мажлисида иштирок этган қўшимча жавобгар ХХХнинг вакили кўргазма бериб, биринчи инстанция суди ҳал қилув қарори қабул қилиш учун маслаҳатга 2023 йил 28 апрель куни кириб кетиб, ҳал қилув қарорини 2023 йил 29 апрель шанба куни эълон қилганлигини, бироқ ҳал қилув қарори санаси 28 апрель деб кўрсатилганлигини, қўшимча жавобгар ХХХ суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинмаганлигини, иш унинг йўқлигида кўриб чиқилганлигини, кузатув кенгашининг йиғилиши қонуний ўтказилганлигини, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексидан ҳал қилув қарори тарафларга беш кунлик муддатда берилиши белгиланган бўлсада суднинг ҳал қилув қарорини 26 майда имзоланганлигини билдириб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни сўради.
Суд мажлисида иштирок этган жавобгар ХХХнинг вакили кўргазма бериб, низодаги йиғилиш қарори билан ўзига жамиятнинг молиявий хўжалик фаолиятини юритишга, жамиятнинг барча ҳуқуқий, молиявий ва банк ҳужжатларига биринчи имзо қўйиш ҳуқуқи 2023 йил 3 март санасидан ваколат берилган бўлсада фаолият юритмаганлигини, ушбу низо жамиятнинг молия хўжалик фаолияти тўлиқ тафтишдан ўтказилганидан сўнгина барҳам топишини билдириб, апелляция шикоятини қаноатлантиришни сўради.
Даъвогар вакили суд мажлисида апелляция шикоятига нисбатан эътироз билдириб, қўшимча жавобгарнинг апелляция шикояти асоссиз эканлигини, ҳозирда қўшимча жавобгар ХХХнинг вакили сифатида иштирок этаётган ХХХ биринчи инстанция суд мажлисларида жавобгар ХХХнинг вакили сифатида иштирок этганлигини, ХХХ суд мажлиси ҳақида хабардор бўлганлигини, кузатув кенгаши йиғилишида ваколатига кирмайдиган масалалар бўйича қарор қабул қилинганлигини баён қилиб, апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад қилишни сўради.
Жамиятнинг кузатув кенгаши аъзолари апелляция суд мажлисига чақиртирилган бўлсада, улар суд мажлисига келмади.
Апелляция инстанция судлов ҳайъати, тарафларнинг кўргазмасини, ишга тақдим қилган ҳужжатларни, ишдаги мавжуд ҳужжатларни ўрганиб қуйидагиларга кўра, қўшимча жавобгар ХХХнинг апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топди.
Иш ҳужжатларига кўра, ХХХ масъулияти чекланган жамияти таъсис ҳужжатлари 2022 йил 18 мартда 1113688-сонли реестр рақам билан Андижон шаҳар Давлат хизматлари маркази томонидан рўйхатдан ўтказилган.
Устав фонди 1 500 000 000 сўм этиб белгиланган. Жамият уставининг 1.3-бандига кўра, таъсисчилари(иштирокчилари) сони 6 тадан иборат бўлган.
Уставга кўра, ХХХнинг улуши 20 % (300 000 000) сўм, ХХХники 10 фоиз (150 000 000 сўм), ХХХники 40 % (600 000 000 сўм), ХХХники 10 % (150 000 000 сўм), ХХХ НТМнинг улуши 10 % (150 000 000 сўм) ва ХХХ масъулияти чекланган жамиятининг улуши 10 % (150 000 000 сўм)ни ташкил қилган.
Жамият таъсисчиларининг 2022 йил 27 август кунги умумий йиғилиши 4-сонли баённомаси билан жамиятнинг таъсис шартномаси ва устави янгиланиб, қайта давлат рўйхатидан ўтказилган.
Жамиятнинг амалдаги устави 3.1-бандига кўра жамият устав фонди 1 500 000 000 (бир миллиард беш юз миллион) сўмни ташкил этиб. иштирокчилар ўртасида қуйидагича тақсимланган:
ХХХ масъулияти чекланган жамияти 15 % (225 000 000 сўм), ХХХ 5 % (75 000 000 сўм), ХХХ 20 % (300 000 000 сўм), ХХХ 60 % (900 000 000 сўм).
Жамият кузатув кенгашининг 2023 йил 2 март кунги 2-сонли йиғилишида жамият кузатув кенгашининг раиси ва 7 нафардан иборат кенгаш аъзолари иштирок этган.
Таклиф этилганлар қаторига жамият таъсисчи ХХХнинг ишончли вакили ХХХ, ХХХ, масъулияти чекланган жамиятининг вакили ХХХ, ХХХ, ХХХ, йиғилиш раиси ХХХ ва йиғилиш котиби ХХХлар кўрсатилган.
Кун тартибига бир қанча масалалар рўйхатига: 1) жамият молиявий хўжалик фаолиятини аудиторлик назоратидан ўтказиш, 2) Университетнинг ўқув тарбиявий жараёнларини давлат талабларига мослиги, бошқа ОТМлардан мутахассис жалб қилинган холда ўрганиш, 3) Университетнинг иш юритиш ҳужжатлари ва шартномавий муносабатларини мутахассис жалб этган холда ўрганиш, 4) Университет ректорига берилган молиявий хўжалик юритиш ваколатларини жамият таъсисчиси ХХХга ўтказиш киритилган.
Жамият кузатув кенгашининг йиғилиш қарорида, кун тартибига қўйилган барча масалалар юзасидан тегишли қарор чиқарилиб, тасдиқланган.
Амалдаги уставнинг 14.4-банди 2-қисмига мувофиқ Университетнинг бошқарув органлари қуйидагилардир:
Университет таъсисчиларининг умумий йиғилиши:
Раис томонидан бошчилик қилинадиган Университет Кузатув кенгаши
Университет кенгаши:
Ректор томонидан бошчилик қилинадиган Ректорат:
Тафтиш комиссияси.
Амалдаги уставнинг 14.7-бандида Университет кузатув кенгаши Раис томонидан бошчилик қилинадиган доимий коллегиал орган бўлиб, Университет таъсисчилари умумий йиғилишига ҳисобот беради. Университет таъсисчиларининг умумий йиғилишлари ўтказиладиган даврни ўртасида кузатув кенгаши Университет бошқарувининг юқори органи ҳисобланади. Кузатув кенгашининг таркиби таъсисчилар умумий йиғилиш қарорига асосан шакллантирилади.
Шунингдек, амалдаги уставнинг 14.7-банди 3-қисмига кўра, кузатув кенгашининг ваколатларига куйидагилар киради:
Университет фаолияти қоидалари ва тартибларини тасдиқлаш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;
Университетнинг махсус ишчи органларини тузиш ва уларнинг фаолият кўрсатиш қоидаларини низомлар, регламентлар кўринишида тасдиқлаш;
Университет фаолиятининг Ректорат ваколатига кирадиган қисми бўйича аудиторлик текшируви ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш, мазкур текшириш учун аудиторини аниқлаш, у билан шартнома тузиш;
Ректор лавозимига тайинлаш ва уни лавозимидан озод қилиш бўйича таклиф тайёрлаш, уни таъсисчиларнинг умумий йиғилишига киритиш;
Университетдаги тўловлар миқдори бўйича таклифлар тайёрлаш:
Университет Ректорати тузадиган битимлар қийматининг чегарасини белгилаш:
Қопловчи жамғарманинг миқдорини белгилаш.
«Масъулияти чекланган хамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 38-моддаси 1-қисмида жамият кузатув кенгашининг ваколатлари ушбу Қонунга мувофиқ жамиятнинг устави билан белгиланиши, 3-қисмида жамиятнинг кузатув кенгашини тузиш ва унинг фаолияти тартиби, шунингдек жамият кузатув кенгаши аъзоларининг ваколатларини ва жамият кузатув кенгаши раисининг ваколатини тутатиш тартиби жамиятнинг устави билан белгиланиши қайд этилган.
Бундан кўринадики, жамият кузатув кенгашининг 2023 йил 2 март кунги 2-сонли баённомасидаги кун тартибидаги тўртта масала бўйича қарор қабул қилиш кузатув кенгашининг ваколатларига кирмайди.
Жамият кузатув кенгашининг 2023 йил 2 март кунги 3-сонли йиғилишида тасдиқланган масалалар «Масъулияти чекланган хамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 30-моддасига кўра жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши ваколатига киради.
Демак, жамият кузатув кенгаши томонидан 2023 йил 2 март кунги 2-сонли баённома асосида кун тартибидаги масалалар бўйича қарор қабул қилиниши амалдаги жамият уставининг 14.7-банди 3-қисми ва юқоридаги «Масъулияти чекланган хамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонунининг 30, 38-моддаси талабларига тўғри келмайди.
«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 41-моддасига кўра, жамият кузатув кенгашининг, жамият яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органининг, жамият коллегиал ижро этувчи органининг ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларининг, жамият устави талаблари бузилган ҳолда қабул қилинган ҳамда жамият иштирокчисининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган қарори жамият ана шу иштирокчисининг аризасига биноан суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Шу боис, биринчи инстанция суди даъво талабини қаноатлантириб, жамият кузатув кенгашининг 2023 йил 2 мартдаги 2-сонли баённомаси якуни бўйича қабул қилган қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида қонуний ва асосли хулосага келган.
Шунингдек, судлов ҳайъати ХХХ ва унинг вакилининг ҳал қилув қарори 2023 йил 29 апрель шанба дам олиш кунида ўқиб эшиттирилганлиги, ҳал қилув қарори санаси ноқонуний равишда ўзгартирилиб 2023 йил 28 апрель ёзилганлиги тўғрисидаги важлари билан келишмайди.
Чунки, иш ҳужжатлари ва электрон маълумотлар базаси ўрганилганда мазкур иш 2023 йил 28 апрель кунига қолдирилганлиги ва мазкур санада кўриб чиқилганлиги аниқланди. ХХХ томонидан ушбу важи асосли ҳужжатлар билан исботлаб берилмаган.
Бундан ташқари, судлов ҳайъати суд мажлисида ХХХнинг вакили суднинг ҳал қилув қарорини 26 майда имзоланганлиги тўғрисидаги важлари билан ҳам келишмайди.
Боиси, мазкур иш бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорининг тўлиқ матни тарафларга юбориш учун электрон маълумотлар базасига 2023 йил 3 май куни бириктирилганлиги аниқланди.
Бундан кўринадики, биринчи инстанция суди томонидан ҳал қилув қарорининг тўлиқ матни қонунда белгиланган муддатда ёзилиб, тарафларга юбориш учун электрон маълумотлар базасига бириктирилган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 68-моддасига кўра, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.
Баён этилганларга кўра, апелляция судлов ҳайъати ХХХнинг апелляция шикоятидаги важлари билан келишмайди ҳамда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартиришга асослар мавжуд эмас деб ҳисоблайди.
Зотан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 278-моддаси мувофиқ, апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини кўриш натижалари бўйича, суднинг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга ҳақли.
Юқоридагиларга кўра, судлов ҳайъати апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни, ХХХ томонидан олдиндан тўланган 1 500 000 сўм давлат божи ва 33 000 сўм почта харажатларини унинг зиммасида қолдиришни, ортиқча тўланган 150 000 сўм давлат божини ХХХга аризасига асосан қайтаришни лозим топади.
Зеро, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118-моддаси биринчи ва тўққизинчи қисмларига биноан, суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг апелляция, кассация шикояти бериш билан боғлиқ ҳолда қилган суд харажатлари ушбу моддада баён этилган қоидаларга мувофиқ тақсимланади.
Бинобарин, судлов ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 278, 280-моддаларини қўллаб, қарор қилади:
ХХХнинг апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилсин.
Андижон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 28 апрелдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилсин.
ХХХ томонидан олдиндан тўланган 1 500 000 сўм давлат божи ва 33 000 сўм почта харажати зиммасида қолдирилсин.
Ортиқча тўланган 150 000 сўм давлат божи ХХХга аризасига асосан қайтарилсин.
Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради ва унинг устидан бир йил муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Олий суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят (протест) қилиш мумкин.
Раислик қилувчи А. МАДАМИНОВ
судьялар Д. УБАЙДУЛЛАЕВ
У. ХОЛИКОВ
Андижон в.,
2023 йил 14 декабрь,
4-1701-2303/4105-сон