Фарғона вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг
Ажрими
Биринчи инстанция судида ажрим чиқарган судья Ж. Эргашев
Апелляция инстанциясида маърузачи судья М. Умаров
Фарғона вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида вилоят суди раиси ўринбосари А. Абдурахмановнинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар М. Умматова ва М. Умаровлардан иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси М. Абдусатторовнинг суд мажлиси котиблигида, даъвогар «ХХХХ» хусусий корхонасининг жавобгар «ХХХХ» масъулияти чекланган жамиятига жамият таъсисчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш мажбуриятини юклаш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича чиқарилган Қўқон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 27 октябрдаги даъво аризасини қайтариш тўғрисидаги ажримидан норози бўлиб, «ХХХХ» хусусий корхонаси томонидан берилган апелляция шикоятини Фарғона вилоят суди биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
«ХХХХ» хусусий корхонаси (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) «ХХХХ» масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)га нисбатан Қўқон туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгарга жамият раҳбарини тасдиқлаш, «Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддаси ижросини таъминлаш ва жамиятнинг молиявий аҳволини кўриб чиқиш масалаларини муҳокама қилиш учун жамият таъсисчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш мажбуриятини юклашни сўраган.
Қўқон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 27 октябрдаги ажрими билан даъвогарнинг даъво аризаси қайтарилган.
Даъвогар биринчи инстанция судининг мазкур ажримидан норози бўлиб, ажрим устидан апелляция шикояти берган ва апелляция шикоятида даъво аризаси асоссиз қайтарилганлиги ҳақидаги важларини баён қилган ҳамда Қўқон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 27 октябрдаги ажримини бекор қилишни ва даъво аризасини иш юритувга қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилишни сўраган.
Суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгардан вакил суд мажлисига келмади.
Судлов ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 128-моддаси ва 274-моддасининг тўртинчи қисмида белгиланган қоидаларга асосланиб, ишни жавобгар иштирокисиз кўриб чиқиш мумкин деб ҳисоблайди.
Апелляция шикояти берган даъвогардан вакил суд мажлисига келмади, бироқ даъвогарнинг ваколатли вакили суд мажлисига қадар судлов ҳайъатига апелляция шикоятидан воз кечиш ҳақида ёзма ариза тақдим этган ва суд мажлисини унинг иштирокисиз ўтказилишини сўраган.
Судлов ҳайъати даъвогар вакили томонидан тақдим этилган апелляция шикоятидан воз кечиш ҳақидаги аризани кўриб чиқиб, уни қабул қилишни ва қуйидаги асосларга кўра апелляция шикояти бўйича иш юритишни тугатишни лозим топди.
Даъвогар Қўқон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 27 октябрдаги даъво аризасини қайтариш тўғрисидаги ажримидан норози бўлиб, апелляция шикояти берган.
Апелляция шикояти иш юритишга қабул қилиниб, иш 2023 йил 20 декабрь кунги апелляция инстанцияси суди мажлиси муҳокамасида кўриб чиқиш учун тайинланган.
Апелляция шикояти бўйича 2023 йил 20 декабрь куни ўтказилиши белгиланган суд мажлисидан олдин даъвогарнинг ишончли вакили даъвогар апелляция шикоятидан воз кечганлигини билдириб, судлов ҳайъатига апелляция шикоятидан воз кечиш ҳақида ёзма тарзда ариза тақдим этган ва апелляция шикояти бўйича иш юритишни тугатишни сўраган.
ИПК 275-моддасининг биринчи қисмига кўра, апелляция шикояти берган шахс ишни кўриш якуни бўйича суд ҳужжати чиқарилгунига қадар ундан воз кечишга ҳақли.
ИПК 273-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига мувофиқ, апелляция шикояти иш юритишга қабул қилинганидан сўнг шикоят берган шахс томонидан шикоятдан воз кечиш тўғрисида ариза келиб тушган бўлса, апелляция инстанцияси суди апелляция шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатади.
Қайд этиб ўтилган асосларга кўра, апелляция инстанцияси суди даъвогарнинг апелляция шикоятидан воз кечишини қабул қилишни ва апелляция шикояти бўйича иш юритишни тугатишни лозим топди.
ИПК 118-моддасининг биринчи қисмига кўра, суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади. Ушбу ҳуқуқ нормаси талабидан келиб чиқиб, судлов ҳайъати суд харажатларини даъвогарнинг зиммасига юклайди.
Баён этилганларга кўра, апелляция инстанцияси суди даъвогар апелляция шикоятидан воз кечганлиги сабабли апелляция шикояти бўйича иш юритишни тугатишни, суд харажатларини даъвогарнинг зиммасига юклаб, апелляция шикояти беришда тўланган 33 000 сўм почта харажатини даъвогарнинг зиммасида қолдиришни лозим топди.
Юқоридагиларга асосан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 128, 260, 273, 274-моддаларини қўллаб, апелляция инстанцияси судлов ҳайъати ажрим қилди:
«ХХХХ» хусусий корхонасининг апелляция шикояти бўйича иш юритиш тугатилсин.
Апелляция шикояти беришда тўланган 33 000 сўм почта харажати «ХХХХ» хусусий корхонаси зиммасида қолдирилсин.
Ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилсин.
Мазкур ажрим устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Раислик қилувчи А. АБДУРАХМАНОВ
Ҳайъат аъзолари М. УММАТОВА
М. УМАРОВ
Фарғона ш.,
2023 йил 20 декабрь,
4-1502-2301/2477-сон