Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг
Қарори
Биринчи инстанцияда ишни кўрган судья — М. Қазақов
Апелляция инстанциясида маърузачи судья — М. Бобоназаров
Кассация инстанциясида маърузачи судья — В. Сатторова
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Б. Сайфуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Р. Сагатов ва В. Сатторовадан иборат таркибда, З. Қодировнинг котиблигида, даъвогарлар А.А.Қ, унинг вакили Ш.А (2022 йил 09 июндаги нотариал тасдиқланган ишончномага асосан), Б.Анинг вакили О.А (2023 йил 21 июндаги ишончномага асосан), жавобгар «МТП» МЧЖ вакили Ж.К (ишончномага асосан), учинчи шахслар «Oʻz» АЖ вакиллари Т.А (2023 йил 22 ноябрдаги 06-03/104-1160-сонли ишончномага асосан), О.О (2023 йил 5 декабрдаги 06-03/104-1186-сонли ишончномага асосан) ҳамда «XAMTP» МЧЖ вакиллари Э.Н (2023 йил 11 мартдаги 01/4-15-сонли ишончномага асосан), Ф.Қ (2023 йил 2 декабрдаги 01/4-100-сонли ишончномага асосан)нинг иштирокида, даъвогарлар А.Қ.А, А.Бнинг жавобгар «МТП» МЧЖга нисбатан иштирокчиларининг 2022 йил 4 майдаги навбатдаги, 2018 йил 1 октябрдаги, 2023 йил 27 январдаги навбатдан ташқари умумий йиғилиш қарорларини, 2018 йил 6 июнда 484-сонли билан жамият таъсис шартномасига киритилган ўзгартиришларни ҳақиқий эмас деб топиш ва иштирокчилар А.Анинг 44,233 фоиз, О.Бнинг 10,51 фоиз қонуний улушларини тиклаш ҳамда «МТП» МЧЖнинг 71 730 800 сўм устав фондини 191 430 800 сўмга ошириш билан боғлиқ кузатув кенгашининг 2011 йил 22 апрелдаги йиғилиш баённомаси, жамиятнинг 2011 йил 18 июндаги умумий йиғилиш қарори ва 2011 йил 27 июндаги Урганч туман ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекциясида 484-сонли билан рўйхатга олинган жамият низомига ўзгартиришларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қабул қилинган Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 25 апрелдаги ҳал қилув қарори ва Хоразм вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 10 августдаги қарори ва 2023 йил 30 августдаги ажрими устидан «МТП» МЧЖ томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг биносида видеоконференцалоқа режимида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
А.Қ.А, А.Блар (бундан буён матнда — даъвогарлар деб юритилади) Урганч туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «МТП» МЧЖ (бундан буён матнда — жавобгар ёки МЧЖ деб юритилади)га нисбатан МЧЖ иштирокчиларининг 2022 йил 4 майдаги навбатдаги, 2018 йил 1 октябрдаги, 2023 йил 27 январдаги навбатдан ташқари умумий йиғилиш қарорларини, 2018 йил 6 июнда 484-сонли билан жамият таъсис шартномасига киритилган ўзгартиришларни ҳақиқий эмас деб топиш ва иштирокчилар А.Анинг 44,233 фоиз, О.Бнинг 10,51 фоиз қонуний улушларини тиклаш ҳамда Урганч туман МТП МЧЖнинг 71 730 800 сўм устав фондини 191 430 800 сўмга ошириш билан боғлиқ кузатув кенгашининг 2011 йил 22 апрелдаги йиғилиш баённомаси, жамиятнинг 2011 йил 18 июндаги умумий йиғилиш қарори ва 2011 йил 27 июндаги Урганч туман ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекциясида 484-сонли билан рўйхатга олинган жамият низомига ўзгартиришларни ҳақиқий эмас деб топиш деб топишни сўраган.
Кейинчалик, даъвогарлар даъво предметини ўзгартириб, судга қуйидаги талабларни билдирганлар:
1. МЧЖ иштирокчиларининг 2011 йил 18 июндаги умумий йиғилиш қарорининг 4-бандини ва шунга асосан 2011 йил 27 июнда Урганч туман ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекциясида 484-сон билан рўйхатга олинган жамият Низомига ўзгартиришларни ҳақиқий эмас деб топишни;
2. МЧЖ иштирокчиларининг 2018 йил 4 майдаги умумий йиғилиш қарорининг 9-масала бўйича жамият иштирокчилари сафига киритилмай қолган 74 та фуқаронинг 466 та акцияси 5184 минг сўм ва инвестор томонидан киритилган дейилган 60,0 млн сўм иссиқхона биносини жамиятга тегишли улушлар (34,05 фоиз) деб жамият уставига киритилиши маъқуллаш ва таъсисчилар таркиби 29 та субъектдан иборат янги таҳрири тасдиқлаш ҳақидаги қисмини ва шунга асосан 2018 йил 6 июнда 484-сон билан жамият таъсис шартномасига киритилган ўзгартиришларни ҳақиқий эмас деб топишни;
3. МЧЖ иштирокчиларининг 2018 йил 1 октябрдаги навбатдан ташқари умумий йиғилиш қарорининг 2-банди бўйича низом жамғармасида аввал А.А номида бўлган А.А.Қ номидаги 39 492 минг сўм 20,63 фоиз улушни жамият ҳисобига ўтказилиб, уларни музлатиш ҳақидаги қисмини ҳақиқий эмас деб топишни;
4. МЧЖ устав фондида иштирокчи А.Анинг улуши 44,233 фоиз, А.Бнинг улуши 10,510 фоиз деб белгилашни;
5. МЧЖ иштирокчиларининг 2013 йил 27 январдаги навбатдан ташқари умумий йиғилиш баённомаси қарорларини ҳақиқий эмас деб топишни сўраганлар.
Суднинг 2023 йил 27 мартдаги ажрими билан даъвогарларнинг даъвонинг предметини ўзгартириш ҳақидаги аризаси иш юритувга қабул қилинган.
Суднинг 2023 йил 7 мартдаги ажрими билан ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида «XAMTP» МЧЖ, «Oʼz» АЖ ва Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги «Электрононлайн-аукционларни ташкил этиш маркази» давлат унитар корхонаси жалб этилган.
Жавобгар ва учинчи шахс «Ўз» АЖ томонидан судга даъво муддатини қўллаш тўғрисида аризалар тақдим этилган.
Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 25 апрелдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган.
Жумладан, жавобгар ва учинчи шахс «Oʼz» АЖнинг даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги аризалари қисман қаноатлантирилган;
1. МЧЖ иштирокчиларининг 2011 йил 18 июндаги умумий йиғилиш қарорининг 4-бандини ва шунга асосан 2011 йил 27 июнда Урганч туман ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекциясида 484-сон билан рўйхатга олинган жамият Низомига ўзгартиришларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талабларини қаноатлантириш рад этилган;
2. МЧЖ иштирокчиларининг 2018 йил 4 майдаги умумий йиғилиш қарорининг 9-масала бўйича жамият иштирокчилари сафига киритилмай қолган 74 та фуқаронинг 466 та акцияси 5184 минг сўм ва инвестор томонидан киритилган дейилган 60,0 млн сўм иссиқхона биносини жамиятга тегишли улушлар (34,05 фоиз) деб жамият уставига киритилиши маъқуллаш ва таъсисчилар таркиби 29 та субъектдан иборат янги таҳрири тасдиқлаш ҳақидаги қисми ва шунга асосан 2018 йил 6 июнда 484-сон билан жамият таъсис шартномасига киритилган ўзгартиришлар ҳақиқий эмас деб топилган;
3. МЧЖ иштирокчиларининг 2018 йил 1 октябрдаги навбатдан ташқари умумий йиғилиш қарорининг 2-банди бўйича низом жамғармасида аввал А.А номида бўлган А.А.Қ номидаги 39 492 минг сўм 20,63 фоиз улушни жамият ҳисобига ўтказилиб, уларни музлатиш ҳақидаги қисми ҳақиқий эмас деб топилган;
4. МЧЖ устав фондида иштирокчи А.Анинг улуши 44,233 фоиз, А.Бнинг улуши 10,510 фоиз деб белгиланган;
5. МЧЖ иштирокчиларининг 2013 йил 27 январдаги навбатдан ташқари умумий йиғилиш қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган. Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.
Хоразм вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 10 августдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Хоразм вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 30 августдаги ажрими билан қарор юзасидан тушунтириш берилган.
Иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан жавобгар кассация шикояти билан мурожаат қилиб, суд ҳужжатларини бекор қилишни ва даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўраган. Бунга асос қилиб шикоятда биринчи инстанция суди томонидан махсус даъво муддатлари узрли сабабларсиз ўтказиб юборилганлиги инобатга олинмаганлиги, апелляция инстанция суди ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган бўлса-да, ўз қарорининг баён қисмида «Ўз» АЖнинг Низом жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 17 декабрдаги 316-сонли қарорига мувофиқ 59 700 000 сўм кредит маблағлари ҳисобига кўпайтирилганлигини амалга ошмаган деб ҳисобланиши ҳақида кўрсатиб ўтганлиги, кейинчалик қарорнинг ушбу қисмига 30 августдаги ажрим билан тушунтириш берилганлиги, жамиятнинг 59 700 000 сўм миқдоридаги давлат улуши тўлиқ шакллантирилганлиги кўрсатилган.
Суд мажлисида жавобгар вакили шикоятда келтирилган важларни такрорлаб, суд ҳужжатларини бекор қилишни ва даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўради.
Даъвогарлар вакиллари кассация шикоятига эътироз билдириб, кассация шикоятни қаноатлантиришни рад этишни сўрашди.
Учинчи шахслар «Oʼz» АЖ вакили шикоятда келтирилган важларни қувватлаб, суд ҳужжатларини бекор қилишни ва даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўради.
Учинчи шахслар «XAMTP» масъулияти чекланган жамияти вакили шикоятда келтирилган важларни қувватлаб, суд ҳужжатларини бекор қилишни ва даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўради.
Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган бўлса-да, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги «Электрононлайн-аукционларни ташкил этиш маркази» давлат унитар корхонаси суд мажлисида ўз вакили иштирокини таъминламади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди.
Ушбу ҳуқуқ нормасидан келиб чиқиб, судлов ҳайъати ишни Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги «Электрононлайн-аукционларни ташкил этиш маркази» давлат унитар корхонаси вакилининг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топди.
Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан кассация шикоятини қисман қаноатлантиришни, Хоразм вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 10 августдаги қарори ва 30 августдаги ажримини бекор қилишни, Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 25 апрелдаги ҳал қилув қарорини кучида қолдиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларига кўра, МЧЖнинг 2017 йил молиявий хўжалик фаолияти якунлари бўйича 2018 йил 4 майда ўтказилган умумий йиғилиш кун тартибининг 9-масаласи сифатида МЧЖ низом жамғармасидаги давлат улушини «Ўз» АЖга ўтказиш, низом ва таъсис ҳужжатларига ўзгартириш киритиш белгиланган.
Бироқ, ушбу йиғилишда 9-масала бўйича Давлат улуши «Ўз» АЖ ҳисобига берилганлиги, жамият иштирокчилигига киритилмай қолган 74 та фуқаронинг 466 та акцияси 5184 минг сўм ва инвестор томонидан киритилди дейилган 60,0 млн сўмлик иссиқхона биноси жамиятга тегишли улушлар (34,05 фоиз) деб жамият уставига киритилишини маъқуллаш ва таъсисчилар таркиби 29 та субъектдан иборатлиги ҳақида янги таҳрири тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилинган.
Мазкур йиғилиш баённомасига асосан жамиятнинг устави ҳамда таъсис шартномасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги матни Урганч туман давлат хизматлари маркази томонидан 2018 йил 6 июнда 484-сон реестр рақам билан рўйхатга олинган бўлиб, ушбу матннинг эски таҳририда А.Анинг устав фондидаги улуши 44,233 фоиз ва О.Бнинг улуши 10,510 фоизни ташкил этиши кўрсатилган бўлса, янги таҳририда А.Анинг улуши 20,63 фоизни, О.Бнинг улуши 0,09 фоизни, жамиятнинг улуши 34,05 фоизни ташкил этиши кўрсатилган.
Яъни, ушбу йиғилиш қарори билан А.Анинг 44,233 фоиз улушининг 23,603 фоиз қисми, О.Бнинг 10,510 фоиз улушининг 10,42 фоиз қисми (жами 34,023 фоиз улуш) жамиятга ўтказилган.
МЧЖ иштирокчиларининг 2018 йил 1 октябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари умумий йиғилишида низом жамғармасида аввал А.А номида бўлган А.А номидаги 39 492 минг сўмлик 20,63 фоиз улуш жамият ҳисобига ўтказилиб, уни музлатиш ҳақида қарор қабул қилинган.
«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан буён матнда — Қонун деб юритилади)нинг 22-моддаси кўра, жамиятдан чиқарилган ёки ундан чиқиб кетган жамият иштирокчисининг улуши жамиятга ўтади. Бунда жамият жамиятдан чиқарилган ёки чиқиб кетган иштирокчига улушининг чиқарилиш ёки чиқиб кетиш санасидан олдинги охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари бўйича аниқланадиган ҳақиқий қийматини тўлаши ёки жамиятдан чиқарилган ёки чиқиб кетган иштирокчисининг розилиги билан унга худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида бериши шарт.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг «Иқтисодий судлар томонидан корпоратив низоларни ҳал этишнинг айрим масалалари тўғрисида» 2014 йил 20 июндаги 262-сонли Қарорининг 22-бандида ҳам тушунтириш берилган.
Даъвогарлар жамиятдан чиқарилмаган ёки улар томонидан жамиятдан чиқиш ҳақида жамиятга ариза тақдим этилмаган.
Қонуннинг 3-моддасига кўра, масъулияти чекланган жамиятнинг иштирокчилари унинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайдилар ва жамият фаолияти билан боғлиқ зарарлар учун ўзлари қўшган ҳиссалар қиймати доирасида жавобгар бўладилар.
Жамият томонидан даъвогарларга нисбатан жамиятга етказилган зарар ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат этилмаган.
Натижада йиғилиш қарорлари билан даъвогарларнинг жамиятдаги улушига бўлган ҳуқуқлари бузилган.
Қонуннинг 41-моддасига кўра, жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари, жамиятнинг устави талаблари бузилган ҳолда қабул қилинган ҳамда жамият иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган қарори овоз беришда иштирок этмаган ёки баҳсли қарорга қарши овоз берган жамият иштирокчисининг аризасига кўра суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Юқоридаги ҳуқуқ нормаларига асосан биринчи инстанция суди даъвогарлар жамиятдан чиқарилмаганлиги ёки чиқиб кетмаганлиги, даъвогарлар томонидан жамиятга зарар етказилганлиги юзасидан қонуний кучга кирган суд ҳужжати мавжуд эмаслиги сабабли, даъвогарларнинг даъво талабидаги жамият иштирокчиларининг 2018 йил 4 майдаги умумий йиғилиш қарорининг 9-масала, яъни жамият иштирокчилари сафига киритилмай қолган 74 та фуқаронинг 466 та акцияси 5184 минг сўм ва инвестор томонидан киритилган дейилган 60,0 млн сўмлик иссиқхона биноси жамиятга тегишли улушлар (34,05 фоиз) деб жамият уставига киритилишини маъқуллаш ва таъсисчилар таркиби 29 та субъектдан иборат эканлиги кўрсатилган жамият устави янги таҳририни тасдиқлаш ҳақидаги қисмини ҳамда МЧЖ иштирокчиларининг 2018 йил 1 октябрдаги навбатдан ташқари умумий йиғилиш қарорининг 2-банди бўйича низом жамғармасида аввал А.А номида бўлган А.А номидаги 39 492 минг сўмлик 20,63 фоиз улушни жамият ҳисобига ўтказилиб, музлатиш ҳақидаги қисмини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда МЧЖ устав фондида иштирокчи А.Анинг улуши 44,233 фоиз, А.Бнинг улуши 10,510 фоиз деб белгилаш ҳақида тўғри хулосага келган.
Аниқланишича, МЧЖ иштирокчиларининг 2018 йил 4 майдаги 1-сонли йиғилиш баённомасига асосан жамиятнинг устави ҳамда таъсис шартномасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги матни Урганч туман давлат хизматлари маркази томонидан 2018 йил 6 июнда 484-сон реестр рақам билан рўйхатга олинган.
Таъсис шартномасига жамият иштирокчиларининг 2018 йил 4 майдаги умумий йиғилиш қарори билан ўзгартиришлар киритилганлиги, бироқ ушбу йиғилиш қарори юқорида ҳақиқий эмас деб топилганлиги сабабли, биринчи инстанция суди даъвогарларнинг 2018 йил 6 июнда 484-сон билан жамият таъсис шартномасига киритилган ўзгартиришларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талабини қаноатлантириш ҳақида асосли хулосага келган.
Аниқланишича, МЧЖ иштирокчиларининг 2023 йил 27 январь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари умумий йиғилиши кун тартибига қуйидаги 5 та масала киритилган ва киритилган масалалар бўйича қарор қабул қилинган.
Қонуннинг 33-моддаси биринчи қисмига кўра, жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишини чақирувчи орган ёки шахслар уни ўтказишдан камида ўттиз кун олдин бу ҳақда жамиятнинг ҳар бир иштирокчисини жамият иштирокчиларининг рўйхатида кўрсатилган манзил бўйича буюртма хат билан ёки жамиятнинг уставида назарда тутилган бошқа усулда хабардор қилиши шарт.
Бироқ, жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишини чақирувчи орган 2023 йил 27 январь куни ўтказиладиган умумий йиғилиш ҳақида жамият иштирокчиларини ўттиз кун олдин хабардор қилмасдан, йиғилиш кунига яқин муддатда хабардор қилган.
Кун тартибидаги масалалар бўйича «МТП» МЧЖ ўзининг 35 фоиз улуш, «Ўз» АЖ ўзининг 9.186 фоиз улуш эгаси сифатида ёқлаб овоз берган бўлса, қолган барча иштирокчилар, шундан А.Анинг вакили ҳам қарши овоз берган.
Қонуннинг 34-моддаси ўнинчи қисмига кўра, ушбу Қонун 30-моддаси иккинчи қисмининг ўн иккинчи хатбошисида кўрсатилган масала юзасидан қарорлар жамиятнинг барча иштирокчилари томонидан бир овоздан қабул қилинади. Қолган қарорлар, агар бундай қарорларни қабул қилиш учун ушбу Қонунда ёки жамиятнинг уставида кўпроқ овозлар сони зарурлиги назарда тутилган бўлмаса, жамият иштирокчилари умумий овозлар сонининг кўпчилик овозлари билан қабул қилинади.
Юқоридаги даъво талабларини қаноатлантириш натижасида жамият устав фондидаги А.Анинг 44,233 фоиз улуши, О.Бнинг 10,510 фоиз улуши тикланган.
МЧЖ иштирокчиларининг 2023 йил 27 январдаги умумий йиғилишида амалда 44,233 фоиз улушга эга бўлган А.Анинг вакили ва қолган мажлис иштирокчилари кун тартибидаги 5-масала бўйича қарши овоз берган.
Фақат амалда жами 44,186 фоизга эга бўлган «МТП» МЧЖ ва «Ўз» АЖ вакили кун тартибидаги 5-масала бўйича ёқлаб овоз берган.
Бундан кўринадики, кун тартибидаги 5-масала бўйича қарши овозлар сони ёқлаб берилган овозлар сонидан амалда кўп бўлган.
Шу сабабдан биринчи инстанция суди даъвогарларнинг МЧЖ иштирокчиларининг 2023 йил 27 январда ўтказилган навбатдан ташқари умумий йиғилиш қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талабини тўлиқ қаноатлантириш ҳақида тўғри хулосага келган.
Биринчи инстанция суди юқоридаги талаблар А.Анинг 44,233 фоиз улуши, А.Бнинг 10,510 фоиз улушини тиклаш билан боғлиқ бўлганлиги ва даъвогарлар ўзларининг улушлари камайтирилганлигини, яъни мулкий ҳуқуқлари бузилганлигини 2023 йил 27 январь куни бўлиб ўтган умумий йиғилишда билишганлигини инобатга олиб, ушбу талаблар бўйича даъво муддати ўтказиб юборилганлиги сабабини узрли деб ҳисоблаб, даъво муддати қўллаш тўғрисидаги аризаларни қаноатлантиришни рад этиш ҳақида тўғри хулосага келган.
Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси Хоразм вилоят ҳудудий бошқармасининг 2011 йил 6 майдаги 59-сонли буйруғи билан «МТП» очиқ акциядорлик жамияти негизида ташкил қилинган масъулияти чекланган жамиятининг устав фонди акциядорлик жамиятининг олдинги устав фонди 71 730 800 сўм, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 17 декабрдаги 316-сонли қарорига асосан Молия вазирлиги томонидан берилган 59 700 000 сўм маблағни давлат активи ҳисобида ва инвесторлар томонидан қўшилган 60 000 000 сўм инвестиция ҳисобига 191 430 800 сўм миқдорида белгиланган ва улушлар қуйидагича тақсимланган:
«МТПлар бирлашмаси» МЧЖ устав фондига бериладиган давлат улуши — 35,0 фоиз — 67 000,8 минг сўм;
меҳнат жамоаси ва бошқалар улуши — 55,814 фоиз — 106 845,6 минг сўм;
давлат улуши — 9,186 фоиз — 17 584,4 минг сўм.
«МТП» ОАЖ таъсисчиларининг 2011 йил 18 июнда бўлиб ўтган умумий йиғилишида жамият мулкчилик шаклини масъулияти чекланган жамиятга айлантирилиши муносабати билан жамиятнинг ўзгартиришлар киритилган янги Уставини тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилинган.
Шунингдек, ушбу умумий йиғилиш қарорининг 4-бандида «Жамият мулкчилик шаклини масъулияти чекланган жамиятига айлантирилиши муносабати билан жамиятнинг ўзгартиришлар киритилган янги устави тасдиқлансин. Жамиятнинг Низом жамғармаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 17 декабрдаги 316-сонли қарорига мувофиқ 191 430 800 сўм миқдорида белгилансин ва шу юзадан 2011 йил 22 апрелдаги ўтказилган кузатув кенгаши йиғилиши қарорлари тасдиқлансин. Шунингдек, 2011 йил 6 майда қабул қилинган Давлат мулк қўмитаси ҳудудий бошқармасининг 59-сонли буйруғи маълумот ва ижро учун қабул қилинсин. Ушбу масала жами устав фондини техникалар ҳисобига ошириш юзасидан 2009 йил октябрдан 2011 йил 18 апрелгача қабул қилинган жамият кузатув кенгаши ва таъсисчилар умумий йиғилишлари қарорлари бекор қилинсин» деб қайд қилинган.
МЧЖнинг янги таъсис шартномаси ва низоми Урганч туман ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекцияси томонидан 2011 йил 27 июнда 484-сон билан давлат рўйхатига олинган ва шу сана билан гувоҳнома берилган.
МЧЖнинг таъсис шартномаси ва низомида жамиятнинг низом жамғармаси 191 430 800 сўмни ташкил этиши, жамият устав фондида А.Анинг улуши 44,233 фоизни, О.Бнинг улуши 10,510 фоизни, давлат активлари улуши 9,186 фоизни ташкил этиши белгиланган.
Бундан кўринадики, ушбу қарор билан даъвогарлар А.А ўзининг улушини 44,233 фоиз, О.Б ўзининг улушини 10,510 фоиз эканлигини билгани баробарида давлат активлари улушини 9,186 фоизни ташкил этишини ҳам билишган ёки билиши лозим бўлган.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 153-моддасига мувофиқ, бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш талаби даъво муддатининг ўтганлигидан қатъий назар судда кўриб чиқиш учун қабул қилинади. Даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланади. Қўлланиш тўғрисида низодаги тараф баён қилган даъво муддатининг ўтиши суднинг даъвони рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун асос бўлади.
ФКнинг 150-моддасида умумий даъво муддати — уч йил деб белгиланган.
ФКнинг 151-моддасига кўра, айрим турдаги талаблар учун қонунларда умумий даъво муддатига қараганда қисқартирилган ёки узайтирилган махсус даъво муддатлари белгиланиши мумкин.
Қонуннинг 41-моддасига кўра, жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари, жамиятнинг устави талаблари бузилган ҳолда қабул қилинган ҳамда жамият иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган қарори овоз беришда иштирок этмаган ёки баҳсли қарорга қарши овоз берган жамият иштирокчисининг аризасига кўра суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Бундай ариза жамият иштирокчиси қабул қилинган қарор тўғрисида билган ёки билиши лозим бўлган кундан эътиборан икки ой ичида берилиши мумкин. Агар жамият иштирокчиси шикоятга сабаб бўлган қарорни қабул қилган жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишида иштирок этган бўлса, мазкур ариза шундай қарор қабул қилинган кундан эътиборан икки ой ичида берилиши мумкин.
Суд ишнинг барча ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда, агар ариза берган жамият иштирокчисининг овози овоз бериш натижаларига таъсир кўрсата олиши мумкин бўлмаса ва (ёки) йўл қўйилган қоидабузарлик жиддий бўлмаса ва (ёки) қарор жамиятнинг ана шу иштирокчисига зарар етказмаган бўлса, шикоятга сабаб бўлган қарорни ўз кучида қолдиришга ҳақлидир.
Қонуннинг 41-моддасида белгиланган икки ойлик муддат махсус даъво муддати ҳисобланади ва у суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суднинг ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар берган аризасига мувофиқ қўлланилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг «Иқтисодий судлар томонидан корпоратив низоларни ҳал этишнинг айрим масалалари тўғрисида» 2014 йил 20 июндаги 262-сонли Қарорининг 20.2-бандида тушунтириш берилган.
Шу сабабдан биринчи инстанция суди жавобгар ва учинчи шахсларнинг даъво муддатини қўллаш ҳақидаги аризасини қисман қаноатлантириб, МЧЖ иштирокчиларининг 2011 йил 18 июндаги умумий йиғилиши қарорининг 4-бандини қисман ва 2011 йил 27 июнда Урганч туман ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекциясида 484-сон билан рўйхатга олинган жамият Низомига ўзгартиришларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талаблари бўйича даъво муддатини қўллаб, ушбу иккала талабни қаноатлантиришни рад этиш ҳақида тўғри хулосага келган.
Даъвогарларнинг ушбу талаблари биринчи инстанция суди томонидан мазмунан муҳокама қилинмасдан, даъво муддати қўлланилган ҳолда қаноатлантириш рад этилган бўлса-да, апелляция инстанцияси суди ушбу талабларни муҳокама қилиб, қарорнинг асослантириш қисмини тўлдирган ҳолда жамиятнинг Низом жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 17 декабрдаги 316-сонли қарорига мувофиқ 59 700 000 сўм кредит маблағлари ҳисобига кўпайтирилганлигини амалга ошмаган деб ҳисоблаб, хатоликка йўл қўйган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг «Иқтисодий судлар томонидан фуқаролик қонун ҳужжатларининг даъво муддатига оид нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида» 2015 йил 19 июндаги 282-сонли Қарорининг 10-бандида даъво муддати ўтганлиги сабабли даъво рад қилинган тақдирда, суд ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида низодаги тараф даъво муддатини қўллаш ҳақида ариза берганлигини баён қилиши ва ушбу муддат ўтганлигини асослаши кераклиги ҳақида тушунтириш берилган.
Апелляция инстанцияси судининг 2023 йил 30 августдаги ажрим билан даъвогар А.А.Қнинг Хоразм вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 10 августдаги қарори бўйича тушунтириш бериш ҳақидаги аризаси қаноатлантирилиб, даъво муддати ўтганлиги сабабли рад қилинган даъво талаблари тўлдирилган қисм юзасидан тушунтириш берилган.
ИПКнинг 190-моддасига кўра, ҳал қилув қарори ноаниқ бўлган тақдирда, ушбу ҳал қилув қарорини қабул қилган суд ишда иштирок этувчи шахснинг, давлат ижрочисининг, зиммасига суднинг ҳал қилув қарорини ижро этиш юклатилган бошқа органларнинг аризасига кўра, ҳал қилув қарорини унинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда тушунтиришга ҳақлидир.
Даъво муддати ўтганлиги сабабли қаноатлантириш рад қилинган даъво талаблари бўйича биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг асослантириш ва хулоса қисмлари аниқ бўлганлиги ва апелляция инстанцияси суди томонидан рад қилинган талаблар бўйича тўлдириш киритилиши нотўғри бўлганлиги сабабли, судлов ҳайъати апелляция инстанцияси суди томонидан қарор юзасидан тушунтириш берилишини асоссиз деб ҳисоблайди.
Қайд этилганларга кўра, биринчи инстанция суди моддий ва процессуал қонун нормаларини тўғри қўллаган ҳолда асослантирилган ва қонуний қарор қабул қилган. Апелляция инстанцияси суди эса моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаган ҳолда асоссиз равишда ҳал қилув қарорининг асослантириш қисмини тўлдирган ва ушбу тўлдирилган қисм юзасидан тушунтириш берган.
ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига кўра, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
ИПК 301-моддасининг 6-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича айрим суд ҳужжатларини бекор қилиш ва иш бўйича илгари қабул қилинган суд ҳужжатларидан бирини ўз кучида қолдиришга ҳақли.
Баён этилганларга асосан, судлов ҳайъати кассация шикоятини қисман қаноатлантиришни, апелляция инстанцияси судининг қарорини ва ажримини бекор қилишни ҳамда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдиришни лозим топади.
ИПКнинг 118-моддасига асосан апелляция инстанцияси учун олдиндан тўланган суд харажатлари инобатга олиниб, даъвогарлардан Республика бюджетига 1 500 000 сўм давлат божи ва ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 82 500 сўм суд харажати ундирилади, кассация инстанция учун олдиндан тўланган 7 500 000 сўм давлат божи ва 33 000 сўм почта харажати жавобгарнинг зиммасида қолдирилади, ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ суд харажатлари жавобгар зиммасига юклатилади. Шунингдек, ИПКнинг 343-моддасига асосан апелляция инстанцияси судининг қарори бўйича ундирув бекор қилинади.
Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301 — 303 ва 343-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қарор қилди:
«МТП» масъулияти чекланган жамиятининг кассация шикояти қисман қаноатлантирилсин.
Хоразм вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 10 августдаги қарори ва 30 августдаги ажрими бекор қилинсин.
Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 25 апрелдаги ҳал қилув қарори ўз кучида қолдирилсин.
А.Қ.Адан Республика бюджетига ишни апелляция инстанциясида кўриш билан боғлиқ 750 000 сўм давлат божи ундирилсин.
А.Бдан Республика бюджетига ишни апелляция инстанциясида кўриш билан боғлиқ 750 000 сўм давлат божи ундирилсин.
А.Қ.Адан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг депозит ҳисоб рақамига ишни апелляция инстанциясида видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 41 250 сўм суд харажати ундирилсин.
А.Бдан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг депозит ҳисоб рақамига ишни апелляция инстанциясида видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 41 250 сўм суд харажати ундирилсин.
«МТП» масъулияти чекланган жамиятидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг депозит ҳисоб рақамига ишни кассация инстанциясида видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 85 000 сўм суд харажати ундирилсин.
Ижро варақалари берилсин.
Хоразм вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 10 августдаги қарори бўйича ундирув бекор қилинсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи: Б. САЙФУЛЛАЕВ
ҳайъат аъзолари: Р. САГАТОВ
В. САТТОРОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 19 декабрь,
4-2201-2303/620-сон