25.12.2023 йилдаги 681-сон
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Давлат умумий ўрта таълим муассасалари директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга менежерлик сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022 — 2026 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида» 2022 йил 11 майдаги ПФ-134-сон, «Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 26 майдаги ПФ-79-сон фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 2024 йил 1 январдан бошлаб А. Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институтида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаси (кейинги ўринларда — мактаб) директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ҳамда махсус портал орқали уларга менежерлик сертификатини электрон шаклда бериш тизими жорий қилинсин.
2. Белгилансинки:
а) Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари томонидан менежерлик сертификатига эга бўлган номзодлар орасидан мактаб директори лавозимига номзодлар захираси шакллантирилади.
Бунда мактаб директори вакант лавозимларига номзодлар фақат сертификати мавжуд бўлган ва ушбу банднинг «а» кичик банди биринчи хатбошисида кўрсатилган номзодлар захирасига киритилган кадрлар орасидан танлаб олинади;

б) 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб менежерлик сертификатига эга бўлган қуйидаги раҳбар ходимларга ушбу сертификатнинг амал қилиш муддати давомида лавозим маошига ҳар ойлик қўшимча устамалар тўланади:

мактаб директорларига — 50 фоиз;
мактаб директори ўринбосарларига — 30 фоиз.
3. Давлат умумий ўрта таълим муассасалари директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга менежерлик сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилансинки, ушбу қарорнинг ижроси учун талаб этиладиган маблағлар 2024 йилда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади, 2025 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Х.У. Умарова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 25 декабрь,
681-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 декабрдаги 681-сон қарорига

ИЛОВА

Давлат умумий ўрта таълим муассасалари директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга менежерлик сертификатини бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасалари (кейинги ўринларда — мактаб) директори лавозимига номзодларни (кейинги ўринларда — номзодлар) менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга менежерлик сертификатини бериш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом асосида менежерлик сертификатига эга бўлган номзодларга мактаб директори лавозими учун танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилади.
Мактабларда фаолият юритаётган директорлар (кейинги ўринларда — директорлар) ҳар 5 йилда бир маротаба ушбу Низом талабларига мувофиқ менежерлик сертификатини олиши талаб этилади.
(2-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 августдаги 531-сонли қарорига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.08.2024 й., 09/24/531/0664-сон)
3. Номзодларнинг бошқарув соҳасига оид билим ва кўникмаларини баҳолаш ҳамда баҳолаш натижаси бўйича давлат намунасидаги менежерлик сертификати электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва QR-код қўйилган ҳолда электрон шаклда берилади.
4. Мазкур Низом талаблари қуйидаги давлат умумий ўрта таълим муассасалари директори лавозимларига нисбатан татбиқ этилмайди:
Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар;
жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари;
санаторий туридаги ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари;
ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва ихтисослаштирилган мактаблар;
алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар.
5. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
менежерлик ўқув курси (кейинги ўринларда — ўқув курси) — номзодларни тайёрлаш учун тасдиқланган ўқув режаси ва дастурлари асосида ишлаб чиқилган машғулотлар тизими;
менежерлик сертификати (кейинги ўринларда — сертификат) — давлат мактаби директори лавозимида ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат;
махсус портал — Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг номзодларни рўйхатдан ўтказиш, ўқув курси талаблари ва муддатлари ҳақида ҳамда ўқув курси билан боғлиқ бошқа маълумотлар жойлаштириладиган электрон дастурий тизими;
ўқув режаси — ўқув курсида ўқитиладиган ўқув модуллари, уларга ажратилган соатлар, ўқитиш муддатлари ва шакллари белгилаб берилган ҳужжат;
ўқув дастури — ҳар бир ўқув мавзусининг мазмуни, машғулот шакли, тингловчилар томонидан ўзлаштирилиши лозим бўлган билим, кўникма ва малакалар ҳажми белгилаб берилган ҳужжат;
якуний синов — ўқув курси охирида ўтказиладиган якуний назорат, амалий топшириқлар ижросини баҳолаш жараёни.
2-боб. Ўқув курсларини ташкил этиш
6. Уқув курслари ушбу Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ ташкил этилади.
7. Уқув курслари А. Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти (кейинги ўринларда — Институт) тузилмасидаги Халқ таълими ходимларининг билим даражаси ва касбий маҳоратини баҳолаш маркази (кейинги ўринларда — Марказ) томонидан ташкил этилади.
8. Ўқув курслари тўғрисидаги маълумотлар махсус порталга жойлаштирилади.
9. Номзодлар ўқув курсида ўқиш учун Давлат хизматлари марказлари, Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) ёки махсус портал орқали мурожаат қилади.
Аризалар ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин.
Бунда аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунларида тушганда, календарь бўйича навбатдаги иш куни аризаларнинг ваколатли органга тушган ва ваколатли орган томонидан қабул қилинган кун деб ҳисобланади.
Номзодлар шахсан ёки унинг номидан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП ёки махсус портал орқали мурожаат этган тақдирда эса, мустақил равишда ушбу Низомга 11-иловага мувофиқ шаклдаги аризани электрон шаклда тўлдиради.
Бунда номзодлар камида бакалавр даражасига ҳамда мактаб директорлари учун белгиланган малака талабларига мувофиқ бўлиши лозим.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 27 апрелдаги 204-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.04.2026 й., 09/26/204/0421-сон)
10. Таълимда менежмент ёки таълимда бошқарув мутахассислиги бўйича магистр даражасига эга бўлган номзодлар ўқув курсида ўқимасдан, сертификат олиш бўйича якуний синов жараёнларида иштирок этишлари мумкин. Бунда мазкур номзодлар сертификат олиш бўйича якуний синов жараёнларида иштирок этиш учун Давлат хизматлари маркази, ЯИДХП ёки махсус портал орқали мурожаат қилади.
Институт берилган аризани икки иш кунида кўриб чиқиб, номзод ҳақиқатда ўқув курсида ўқимасдан, сертификат олиш бўйича якуний синов жараёнларида иштирок этиш мумкинлигини аниқлайди ва тегишли хабарномани Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этганда) ёки номзодга ЯИДХП ёки махсус портал орқали юборади.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 27 апрелдаги 204-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.04.2026 й., 09/26/204/0421-сон)
101. Марказ келиб тушган аризаларни бир иш кунида кўриб чиқиб, номзодга Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этганда) ёки номзодга ЯИДХП ёки махсус портал орқали шартномани тасдиқлаш учун юборади.
Номзод шартномани у келиб тушган вақтдан бошлаб ўн кун муддат ичида тасдиқлаши лозим.
Мазкур банднинг иккинчи хатбошисида кўрсатилган муддатда шартнома номзод томонидан тасдиқланмаганда ариза рад қилинган ҳисобланади. Бунда номзод ўқув курсларида иштирок этиш учун умумий тартибда қайта мурожаат қилиши мумкин.
102. Таълимда менежмент ёки таълимда бошқарув ихтисослиги бўйича илмий даражага эга бўлган номзодлар сертификат олиш учун Давлат хизматлари маркази, ЯИДХП ёки махсус портал орқали мурожаат қилади.
Институт берилган аризани икки иш кунида кўриб чиқиб, номзод ҳақиқатда ўқув курсида ўқимасдан ҳамда якуний имтиҳонларни топширмасдан сертификат олиш мумкинлигини аниқлайди ва номзод тўғридан-тўғри сертификат олиш ҳуқуқига эга бўлганда сертификатни расмийлаштириб, уни Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этганда) ёки номзодга ЯИДХП ёки махсус портал орқали юборади.
(101, 102-бандлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 27 апрелдаги 204-сонли қарорига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.04.2026 й., 09/26/204/0421-сон)
11. Аризалар календарь йил давомида узлуксиз қабул қилинади.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 августдаги 531-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.08.2024 й., 09/24/531/0664-сон)
12. Ўқув курсларига жалб этилган номзодлар рўйхати уларнинг аризалари асосида Институт томонидан шакллантирилади ҳамда тасдиқланади.
13. Номзодларни ўқув курсларида ўқитиш ҳамда баҳолаш улар билан Институт ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилади.
14. Уқув курслари 20 — 30 нафар тингловчилардан иборат академик гуруҳларда ташкил этилади.
Тингловчилар контингенти етарли бўлмаган тақдирда, шу жумладан, рус тилида дарс олиб бориладиган гуруҳларда тингловчилар сони, истисно тариқасида, камида 15 нафар этиб белгиланиши мумкин.
141. Ўқув курсларида ўқиш талабини билдирган номзодлар ва директорлар хоҳиш ва истакларидан келиб чиққан ҳолда, навбатдан ташқари ўқув курслари ташкил этилиши мумкин.
Навбатдан ташқари ўқув курсида ўқитиш тўлов миқдори Институт томонидан белгиланади ва бунда ўқиш талабини билдирганлар номзод сифатида ўқув курсларида иштирок этади.
(141-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 26 августдаги 531-сонли қарорига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.08.2024 й., 09/24/531/0664-сон)
15. Директорларнинг ўқув курсларида иштирок этиши бўйича режа-тақсимоти ҳар йили 1 декабрга қадар Институт томонидан шакллантирилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.
16. Ўқув курсларининг ўқув режаси ва дастурлари Институт томонидан ишлаб чиқилади, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази томонидан экспертизадан ўтказилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.
(16-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 августдаги 531-сонли қарорига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.08.2024 й., 09/24/531/0664-сон)
17. Ўқув курсларининг давомийлиги 144 соатни ташкил қилиб, бир ой давомида ўқитилади. Курсдаги аудитория машғулотларининг энг юқори ҳажми ҳафтасига 36 соат этиб белгиланади.
18. Ўқув машғулотлари назарий, амалий ва мактаб амалиётидан иборат бўлади. Назарий ва амалий машғулотлар Институтда, мактаб амалиёти эса мактаб ҳамда таълим бошқарувини амалга оширадиган ташкилотларда ўтказилади.
19. Номзодларнинг ихтиёрий танлови асосида ўқув курслари ишлаб чиқаришдан ажралган ёки ажралмаган (масофавий, онлайн) ҳолда ташкил этилиши мумкин.
20. Номзод қуйидаги ҳолатларда ўқув курсидан четлаштирилади:
ўқув интизомини ва ички тартиб-қоидаларни бузганлиги учун;
ўқув курсидаги дарс машғулотларини узрли (касаллиги, давлат ёки жамоат вазифаларини бажарганлиги, яқин қариндошининг вафоти) сабабларсиз 18 соат ва ундан ортиқ қолдиргани учун;
саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);
номзодга нисбатан суд ҳукми асосида;
вафот этганлиги сабабли.
21. Ўқув курсларини муваффақиятли тугатган номзодлар сертификат бериш бўйича якуний синовларга қўйилади.
3-боб. Ўқув курсларини молиялаштириш
22. Ўқув курсларида бир нафар номзод учун ўқитиш харажатларининг тўлов миқдори асосланган калькуляцияга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда Институт томонидан тасдиқланади.
(22-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 августдаги 531-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.08.2024 й., 09/24/531/0664-сон)
Бунда молия йили давомида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ иш ҳақи миқдорлари ва шартлари ўзгарган ҳолларда бир нафар номзод учун тўлов миқдори қайта кўриб чиқилиши мумкин.
23. Тасдиқланган ўқитиш харажатлари учун тўлов миқдори номзодлардан ундирилади ва ушбу маблағлар Институтнинг бюджетдан ташқари жамғармасига йўналтирилади.
Ишдан ажралган ҳолда ўқув курсларда иштирок этиш учун номзодларнинг ўқиши даврида уларнинг иш ҳақи миқдорлари сақлаб қолинмайди ва сафар харажатлари қоплаб берилмайди.
24. Режа-тақсимотга киритилган директорларни ўқитиш харажатлари Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан Институтнинг харажатлар сметасида назарда тутилган ҳолда амалга оширилади.
25. Директорларнинг ўқув курсига жалб этиладиган профессор-ўқитувчиларнинг сонини белгилашда, Институт ва Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказлари учун белгиланган бир нафар ўқитувчи ҳисобига тўғри келадиган тингловчилар сони нисбатининг чекланган нормативлари қўлланилади.
26. Директорларнинг ўқиш даврида уларнинг асосий иш жойи бўйича лавозими ва амалдаги ўртача иш ҳақи миқдорлари сақлаб қолинади.
27. Ишдан ажралган ҳолда ўқув курсларда иштирок этиш учун юборилган директорлар учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда хизмат сафари билан боғлиқ харажатлар уларнинг асосий иш жойидан қопланади.
28. Директорлар биринчи марта менежерлик сертификатини олгандан сўнг, кейинги менежерлик ўқув курсларида ўқиш ва менежерлик сертификатини олишда номзод сифатида иштирок этади.
Бунда 2024 йил 1 январга қадар директор лавозимида ишлаб келаётган ходимларни ўқитиш ва сертификат олиш билан боғлиқ харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
4-боб. Номзодларга сертификат бериш учун якуний синовларни ташкил этиш ва ўтказиш
29. Номзодлар учун якуний синовларни ўтказиш жадвалларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш, синовларни ўтказиш, уларнинг натижаларини эълон қилиш Марказ томонидан амалга оширилади.
30. Якуний синовларни ўтказиш санаси синовлар ўтказиладиган кундан камида етти кун олдин эълон қилинади.
Марказ якуний синов ўтказиладиган сана ва жой тўғрисидаги маълумотни Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этганда) ёки номзодга ЯИДХП ёки махсус портал орқали юборади.
(30-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 27 апрелдаги 204-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.04.2026 й., 09/26/204/0421-сон)
31. Агар номзод турли сабабларга кўра якуний синовда иштирок эта олмайдиган бўлса, Марказга якуний синов ўтказиладиган кундан камида уч кун олдин Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб) ёки ЯИДХП ёки махсус портал орқали мурожаат этиши лозим.
(31-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 27 апрелдаги 204-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.04.2026 й., 09/26/204/0421-сон)
Узрли сабабга кўра (касаллиги ёки оила аъзоларининг вафот этганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этганда) якуний синовларда қатнаша олмаган номзод якуний синов бошланган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатларни Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб) ёки ЯИДХП ёки махсус портал орқали тақдим этиши лозим.
(31-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 27 апрелдаги 204-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.04.2026 й., 09/26/204/0421-сон)
Бунда номзоднинг навбатдаги якуний синовга киритилиши таъминланади.
32. Якуний синов топшириқлари Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган дастурлар асосида Институт томонидан етакчи олимлар ва малакали мутахассислар, шунингдек, нодавлат ташкилотлар вакилларини шартнома асосида жалб қилган ҳолда ишлаб чиқилади.
(32-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 августдаги 531-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.08.2024 й., 09/24/531/0664-сон)
33. Ишлаб чиқилган якуний синов топшириқлари асосида Марказ томонидан якуний тест ва кейс саволлари базаси шакллантирилади.
34. Якуний синовлар санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига, техника ва ёнгин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ўтказилади.
35. Номзодлар учун якуний синовлар уларнинг бевосита иштирокида махсус жиҳозланган хоналарда қоғоз ёки электрон шаклда ўтказилиши мумкин.
36. Якуний синовлар 25 та тест, кейс ҳамда амалий топшириқлардан иборат бўлади.
37. Тест синовлари учун 50 балл, кейс топшириқлари учун 10 балл ва амалий топшириқлар учун 40 балл (жами 100 балл) берилади.
70 балл ва ундан юқори натижа кўрсатган номзодлар якуний синовни муваффақиятли топширган ҳисобланади ва уларга сертификат берилади. Бунда номзодлар ҳар бир йўналиш бўйича камида 50 фоиз балл йиғиши талаб этилади.
(37-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 августдаги 531-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.08.2024 й., 09/24/531/0664-сон)
Тест синовлари ва кейс топшириқларини бажариш учун жами 80 дақиқа вақт берилади.
(37-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 августдаги 531-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.08.2024 й., 09/24/531/0664-сон)
Амалий топшириқлар номзод томонидан ижодий иш шаклида тақдим этилади ва имтиҳон комиссияси томонидан баҳоланади.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан амалий топшириқларни баҳолаш ва имтиҳон комиссиясини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби белгиланади.
38. Белгиланган баллни тўплай олмаган номзодлар бир йил ичида навбатдаги битта якуний синовда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Биринчи марта якуний синовдан ўта олмаган директорлар икки ой ичида бир марта якуний синовда иштирок этиши мумкин. Ушбу муддат ичида якуний синовда иштирок этмаган ёки иккинчи якуний синовда ҳам белгиланган баллни тўплай олмаган директорлар белгиланган тартибда лавозимидан озод этилади.
Номзодлар ва директорлар навбатдаги якуний синовда иштирок этиш учун Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб) ёки ЯИДХП ёки махсус портал орқали ариза беради.
(38-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 27 апрелдаги 204-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.04.2026 й., 09/26/204/0421-сон)
Навбатдаги якуний синовда иштирок этиш учун номзодлар ва директорлардан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида тўлов ундирилади.
Иккинчи марта ҳам якуний синовларда белгиланган баллни тўплай олмаган номзодлар қайта ўқув курсида ўқиганидан сўнг якуний синовларда иштирок этиш имкониятига эга бўлади.
(38-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 августдаги 531-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.08.2024 й., 09/24/531/0664-сон)
39. Номзодлар якуний синовларни топширишга паспорт (идентификация ID-картаси) ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат асосида қўйилади.
Паспорти (идентификация ID-картаси) ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжати бўлмаган ёхуд тест синовига кечиккан номзодлар тест синовига келмаган деб ҳисобланадилар ва навбатдаги тест синовини топширишга рухсат этилган номзодлар рўйхатига ўтказилади.
40. Номзод узрсиз сабабга кўра якуний синовда иштирок этмаган бўлса, у якуний синовдан ўтмаган ҳисобланади.
41. Якуний синовлар жараёнида холис кузатувчиларнинг иштирок этишига рухсат берилади.
Бунда холис кузатувчилар сифатида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги масъул ходимлар, нодавлат ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишлари мумкин.
42. Якуний синов бошланишидан олдин Марказнинг масъул ходими қуйидагиларни амалга ошириши лозим:
номзодларни синовларни ўтказиш тартиби ва давом этиш вақти ҳақида хабардор қилиш;
номзодлар томонидан алоқа воситаларини ўчиришлари ва топширишларини таъминлаш;
синов жараёнида фойдаланиш тақиқланган барча предметларни ўз ихтиёрлари билан топширишларини таклиф этиш;
синов ўтказилаётган тўлиқ вақт давомида белгиланган тартибларга қатъий риоя қилинишини таъминлаш;
синовни ўтказиш тартибини бузган номзодларни тегишли далолатнома тузган ҳолда синовдан четлаштириш.
43. Якуний синов вақтида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан, маълумот ва махсус адабиётдан фойдаланиш, сўзлашиш, ўзаро ахборот алмашиш, алоқа воситалардан фойдаланиш, синов материаллари ёки уларнинг мазмунига оид бўлган маълумотларни олиб чиқиш тақиқланади.
Мазкур талабларни бузган номзодлар синовни топширмаган деб ҳисобланадилар ва уларнинг кўрсатган натижалари баҳоланмайди.
44. Якуний синовни ўтказиш жараёни видеоёзувда қайд қилинади. Видеоёзув Марказда бир йил давомида сақланади.
(44-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 августдаги 531-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.08.2024 й., 09/24/531/0664-сон)
45. Номзодларнинг якуний синов натижалари синовлар ўтказилган куни махсус портал орқали эълон қилинади.
46. Сертификат 5 йил давомида амал қилади. Номзодлар сертификатнинг амал қилиш муддати давомида амал қилиш муддатини узайтириш мақсадида қайта менежерлик сертификатини олиш бўйича якуний синовларда иштирок этишлари мумкин.
47. Марказ менежерлик сертификатларининг электрон ҳисобини юритиш юзасидан жавобгар ҳисобланади.
471. Якуний тест синовлари ва кейс топшириқлари базасини шакллантириш, синовларни ташкиллаштириш ва ўтказиш Вазирлик белгилайдиган тизим ташкилоти томонидан амалга оширилиши мумкин.
Бунда якуний тест синовлари ва кейс топшириқларини ўтказиш учун Институт томонидан Вазирлик томонидан белгиланадиган тизим ташкилотига якуний синовларда иштирок этган ҳар бир номзод учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида маблағлар ўтказилади.
(471-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 26 августдаги 531-сонли қарорига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.08.2024 й., 09/24/531/0664-сон)
5-боб. Якуний синов натижалари юзасидан апелляция бериш
48. Якуний синов натижаларидан норози бўлган номзодлар натижалар эълон қилинган вақтдан бошлаб беш иш куни мобайнида апелляция комиссиясига махсус портал орқали электрон шаклда ариза (шикоят) беришлари мумкин.
(48-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 августдаги 531-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.08.2024 й., 09/24/531/0664-сон)
49. Апелляция комиссияси якуний синов бошлангандан кейин икки кун ичида Институт ректорининг буйруғи асосида 3 ёки 5 нафардан иборат таркибда тузилади.
Апелляция комиссияси аъзолигига Институтнинг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобидан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида малакали мутахассислар жалб этилади.
(49-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 февралдаги 130-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.03.2025 й., 09/25/130/0199-сон)
50. Апелляция комиссиясининг таркиби ва иш тартиби апелляция комиссиясини ташкил этиш тўғрисидаги буйруқда белгиланади.
Апелляция комиссиясининг мурожаатларни масофадан туриб онлайн тарзда кўриб чиқиш муддатлари тўғрисидаги маълумотлар махсус порталга жойлаштирилади.
51. Ариза (шикоят) рўйхатга олингандан сўнг икки ҳафта мобайнида ёзма равишда апелляция натижаси махсус портал орқали ариза (шикоят) берувчига хабардор қилинади.
(51-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 августдаги 531-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.08.2024 й., 09/24/531/0664-сон)
52. Апелляция комиссияси таркибига якуний синов жараёнларини ўтказишда иштирок этган шахслар киритилмайди.
53. Апелляция комиссияси муаммоли ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида жамоатчилик асосида малакали мутахассисларни жалб этиши мумкин.
54. Апелляция комиссияси йиғилишида комиссия аъзоларининг учдан икки қисми иштирок этса, унинг қабул қилган қарори қонуний кучга эга бўлади.
55. Апелляция комиссияси томонидан номзоднинг мурожаати кўриб чиқилгандан сўнг хулосалаш жараёнида бевосита ёки масофадан туриб онлайн тарзда иштирок этиши мумкин.
56. Апелляцияни кўриб чиқиш натижаси бўйича апелляция комиссияси қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
тўпланган балларни ўзгаришсиз қолдириш;
тўпланган балларни ўзгартириш;
якуний синовни қайта ўтказиш.
57. Апелляция комиссияси қарори нусхаси ариза (шикоят) берувчига апелляция комиссияси қарори чиққан кундан эътиборан уч кун муддатда махсус портал орқали тақдим этилади.
(57-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 августдаги 531-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.08.2024 й., 09/24/531/0664-сон)
58. Такрорий апелляцияга йўл қўйилмайди.
Номзодлар апелляция комиссиясининг қарори юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.
6-боб. Сертификатни бериш тартиби
59. Якуний синовда ижобий натижага эришган номзодга якуний синов натижалари эълон қилинган кундан бошлаб бир ҳафта мобайнида Институт ректорининг буйруғи асосида мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда сертификат берилади.
Номзодга сертификат Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этганда) ёки ЯИДХП ёки махсус портал орқали юборилади.
(59-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 27 апрелдаги 204-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.04.2026 й., 09/26/204/0421-сон)
60. Сертификатлар реестри Марказ томонидан махсус портал орқали юритилади.
(60-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 августдаги 531-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.08.2024 й., 09/24/531/0664-сон)
Сертификатлар реестрида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми;
Институтнинг сертификат бериш тўғрисидаги буйруғининг санаси ва тартиб рақами;
ҳисобга олиш серияси ва тартиб рақами;
берилган санаси;
амал қилиш муддати.
61. Сертификатнинг ҳақиқийлиги тўғрисидаги маълумотларни махсус портал орқали текшириш имконияти яратилади.
7-боб. Якунловчи қоидалар
62. Институт томонидан ариза берувчилар тўғрисидаги шахсий маълумотлар махфийлиги таъминланади. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли давлат органлари томонидан расмий мурожаат бўлган тақдирда, ариза берувчилар тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилади.
63. Мазкур Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
64. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
Давлат умумий ўрта таълим муассасалари директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга менежерлик сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА

Ўқув курсларини ташкил этиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

1. Номзодлар

1. Менежерлик ўқув курсларида ўқиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилади ёки ЯИДХП ёки махсус портал орқали орқали рўйхатдан ўтади.

Доимий

2. А. Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти тузилмасидаги Халқ таълими ходимларининг билим даражаси ва касбий маҳоратини баҳолаш маркази

2. Менежерлик ўқув курсларида ўқиш учун рўйхатдан ўтган номзодлар билан шартномалар тузади.

Доимий

2-босқич

А. Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти тузилмасидаги Халқ таълими ходимларининг билим даражаси ва касбий маҳоратини баҳолаш маркази

1. Шакллантирилган рўйхат асосида номзодлар учун менежерлик ўқув курсларини ўтказиш жадвалини тасдиқлайди ва эълон қилади.

Ҳар ўқув курси бошида

2. Номзодлар учун менежерлик ўқув курсларини ташкил этади.

Ҳар ой давомида

3. Номзодларни тасдиқланган дастурлар асосида ўқитади.

Ҳар ўқув курси давомида

4. Менежерлик ўқув курслари учун якуний синовни ўтказиш жадвалларини тасдиқлайди ва муваффақиятли иштирок этган номзодларни якуний синовларга йўналтиради.

Ўқув жараёни якунида

3-босқич

А. Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти тузилмасидаги Халқ таълими ходимларининг билим даражаси ва касбий маҳоратини баҳолаш маркази

1. Курс якуни бўйича якуний синовни ўтказади.

Ҳар ўқув курси якунида

2. Якуний синов натижалари юзасидан номзодларнинг апелляция шикоятларини кўриб чиқади.

3. Синов натижаларига кўра менежерлик ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга электрон рақамли имзо билан тасдиқланган QR-код қўйилган менежерлик сертиификати Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этганда) ёки ЯИДХП ёки махсус портал орқали юборилади.

(1-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 27 апрелдаги 204-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.04.2026 й., 09/26/204/0421-сон)
Давлат умумий ўрта таълим муассасалари директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга менежерлик сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомга
11-ИЛОВА
Давлат умумий ўрта таълим муассасалари директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш бўйича
АРИЗА

Ариза берувчи тўғрисида маълумот:

1. Фамилияси:

2. Исми:

3. Отасининг исми:

4. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР):

5. Телефон рақами:

6. Электрон почта манзили (мавжуд бўлса):

7. Яшаш манзили:

8. Таълимда менежмент ёки таълимда бошқарув ихтисослиги бўйича илмий даражага эгалиги:

9. Ўқув курсларида иштирок этиш шакли (ишлаб чиқаришдан ажралган ёки ажралмаган):

10. Ариза тўлдириш сабаби:

Ўқув курсида иштирок этиш учун

Навбатдаги якуний синовда иштирок этиш учун

(11-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 27 апрелдаги 204-сонли қарорига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.04.2026 й., 09/26/204/0421-сон)

Давлат умумий ўрта таълим муассасалари директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга менежерлик сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомга

2-ИЛОВА

Umumiy oʻrta taʼlim muassasalari direktori lavozimiga nomzodlar uchun menejerlik sertifikatining davlat namunasi

Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbining tasviri

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI UMUMIY OʻRTA TAʼLIM MUASSASASI DIREKTORI LAVOZIMIGA NOMZODLAR UCHUN

SERTIFIKAT

sertifikat raqami

Familiyasi, Ismi, Otasining ismi

__________________________________________________________________________________________________________

____ yil __________ dan ____ yil __________ gacha

A. Avloniy nomidagi pedagoglarni kasbiy rivojlantirish va yangi metodikalarga oʻrgatish milliy-tadqiqot institutida

jami _____ soat

«UMUMIY OʻRTATAʼLIM MUASSASASI DIREKTORI LAVOZIMIGA NOMZODLARNI MENEJERLIKKA TAYYORLASH»

kursini muvaffaqiyatli yakunladi

Rektor

umumiy ball

Berilgan sana

Amal qilish muddati

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2023 й., 09/23/681/0964-сон; 28.08.2024 й., 09/24/531/0664-сон; 01.03.2025 й., 09/25/130/0199-сон; 28.04.2026 й., 09/26/204/0421-сон)
Постановление
Кабинета Министров Республики Узбекистан
Об утверждении Положения о порядке обучения кандидатов на должность директора государственных средних общеобразовательных учреждений и выдачи им сертификата менеджера
Премьер-министр Республики Узбекистан А. АРИПОВ
г. Ташкент,
25 декабря 2023 г.,
№ 681