Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг
қарори
Биринчи инстанцияда ишни кўрган судья — Ж. Мамитов
Апелляция инстанциясида судья — Д. Убайдуллаев
Кассация инстанциясида маърузачи судья — Р. Сагатов
Апелляция инстанциясида судья — Д. Убайдуллаев
Кассация инстанциясида маърузачи судья — Р. Сагатов
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Б. Сайфуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари В. Сатторова ва Р. Сагатовдан иборат таркибда, З. Қодировнинг котиблигида, даъвогар вакили Ш.Х. (2023 йил 4 апрелдаги ишончнома асосида), Х.И. (раҳбар), У.М. (жамият раҳбари), жамият ва жамият иштирокчиси У.А. вакили Х.К. (2023 йил 20 октябрдаги ишончнома асосида)нинг иштирокида, даъвогар И.Х.И.нинг жавобгар «S» масъулияти чекланган жамиятига нисбатан жамият таъсисчиларининг 2010 йил 2 мартдаги умумий йиғилиш қарори, 2010 йил 4 мартдаги таъсис шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича Андижон вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 7 сентябрдаги қарори устидан даъвогар томонидан кассация шикояти асосида ишни Ўзбекистон Республикаси Олий суди биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади:
И.Х.И. (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) «S» масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар ёки МЧЖ деб юритилади)га нисбатан Андижон туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат этиб, жамият таъсисчиларининг 2010 йил 2 мартдаги умумий йиғилиш қарори ва 2010 йил 4 мартдаги таъсис шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Шунингдек, даъвогар судга қўшимча аризаси билан мурожаат қилиб, МЧЖнинг 2010 йил 10 мартдаги 6807-сон билан рўйхатга олинган Низомини (Уставини) ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Андижон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 29 майдаги ажрими билан МЧЖ таъсисчиларининг 2010 йил 2 мартдаги умумий йиғилиш қарори, 2010 йил 4 мартдаги таъсис шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъвоси кўрмасдан қолдирилган. Даъвонинг МЧЖнинг 2010 йил 10 мартдаги 6807-сон билан рўйхатга олинган Низомини (Уставини) ҳақиқий эмас деб топиш қисми бўйича иш юритиш тугатилган.
Андижон вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 7 сентябрдаги қарори билан ажрим бекор қилиниб, иш янгидан биринчи инстанциясида кўриш учун Андижон туманлараро иқтисодий судига юборилган.
Иш юзасидан қабул қилинган апелляция инстанцияси судининг қароридан норози бўлиб МЧЖ Олий судга кассация шикояти билан мурожаат қилган ва унда апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилиб, биринчи инстанция судининг ажримини ўз кучида қолдиришни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда апелляция шикояти даъвогар томонидан 2 ой ўтганидан кейин тақдим этилганлиги, ўтказиб юборилган муддатни тиклаш учун илтимосномада муддат ўтказиб юборилишининг сабаблари узрли топиш учун етарли асослар мавжуд эмаслиги, иш юритишни тугатиш ҳақида илтимоснома қайси асосларга кўра рад этилганлиги акс эттирилмаганлиги, апелляция шикояти учун давлат божи тўланмаганлиги, апелляция шикояти фамилияси ва исми, отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланганлиги, даъво аризасига қўшимча янги талаб бўлганлиги учун у муҳокама қилинмаслиги ва у иш юритишдан тугатилиши лозимлигини кўрсатган.
Суд мажлисида МЧЖ вакиллари кассация шикоятини қаноатлантиришни, апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилиб, биринчи инстанция судининг 2023 йил 29 майдаги ажримини ўз кучида қолдиришни сўрашди.
Суд мажлисида даъвогар вакиллари кассация шикоятига эътироз билдириб уни қаноатлантиришни рад этишни, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз қолдиришни сўрашди.
Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб ва шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади:
ИПК 262-моддасининг биринчи қисмига биноан агар қонунчиликда бошқача муддат белгиланмаган бўлса, апелляция шикояти (протести) биринчи инстанция суди томонидан шикоят қилинаётган (протест келтирилаётган) ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин.
Ушбу модданинг учинчи қисмига асосан апелляция шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддати, шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича апелляция инстанцияси суди томонидан, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан икки ойдан кечиктирмасдан берилган ва апелляция шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.
ИПК 119-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, йиллар, ойлар ёки кунлар билан ҳисобланадиган процессуал муддатнинг ўтиши календарь сананинг эртасидан ёки бошланиши аниқланган воқеа юз берган кундан бошланиши белгиланган.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, биринчи инстанция судининг ажрими 2023 йил 29 майда чиқарилган. Мазкур ажрим устидан даъвогар томонидан 2023 йил 1 августда апелляция шикояти берилган.
ИПК 120-моддасининг еттинчи қисмида агар ариза, шикоят ва бошқа ҳужжатлар почтага топширилган, электрон ҳужжат тарзида юборилган, тегишли органга ёхуд уларни қабул қилиб олиш ваколатига эга бўлган шахсга процессуал муддатнинг охирги куни соат йигирма тўртга қадар берилган бўлса, муддат ўтказиб юборилган деб ҳисобланиши белгиланган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори 2023 йил 29 майда қабул қилинган бўлса-да, жавобгарга ИПКда белгиланган тартибда юборилмаган.
Апелляция инстанцияси суди эса, жавобгарнинг апелляция шикояти унга маълум бўлган кундан бошлаб ҳисобланишига эътибор берган ҳолда, суднинг ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан бошлаб икки ой муддат ўтиб кетмаганлиги ҳақида тўғри хулосага келган.
Шунинг учун, жавобгарнинг апелляция шикояти апелляция инстанцияси суди томонидан шикоятни иш юритишга қабул қилиш ҳақида тўғри хулосага келган.
Шу боис, судлов ҳайъати Андижон вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 7 сентябрдаги қарорини бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас деб ҳисоблайди.
Жавобгарнинг апелляция шикояти фамилияси ва исми, отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланганлиги ҳақидаги важи асоссиздир. Чунки, апелляция шикоятида шикоят ким томонидан берилганлиги шикоятни юқори қисмида қайд этилган.
ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига кўра, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
Бундай ҳолатда апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асослар мавжуд эмас.
ИПК 305-моддаси учинчи қисмининг 1-бандида кассация инстанцияси суди апелляция инстанцияси судида кўрилган ажрим, қарор, апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан берилган шикоятни (протестни) кўриш натижалари бўйича биринчи инстанция судининг ажримини, қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақлилиги белгиланган.
Мазкур ҳолатда, судлов ҳайъати апелляция инстанцияси суди процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб қарор қабул қилган деб ҳисоблайди.
Баён этилганларга асосан судлов ҳайъати кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, Андижон вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 7 сентябрдаги қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. МЧЖ томонидан олдиндан тўланган суд харажатлари унинг зиммасида қолдирилади.
Юқоридагиларга асосан ва ИПКнинг 301 — 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қарор қилди:
«S» масъулияти чекланган жамиятининг кассация шикоятини қаноатлантириш рад этилсин.
Андижон вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 7 сентябрдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи: Б. САЙФУЛЛАЕВ
ҳайъат аъзолари: В. САТТОРОВА
Р. САГАТОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 16 ноябрь,
4-1701-2303/4284-сон