Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2023 йил тўққиз ойидаги фаолияти якунлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2023 йил тўққиз ойидаги фаолияти якунлари тўғрисидаги ахборот маълумот учун қабул қилинсин (илова қилинади).
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига:
қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда депутатларнинг ташаббускорлигини янада ошириш;
қонун лойиҳаларини муҳокама этиш ва қабул қилишда сиёсий партиялар фракцияларининг ўрни ва ролини, уларнинг партиявий ёндашувини кучайтириш;
жойларда сайловчилар томонидан кўтарилаётган масалаларни ҳамда ҳудудлардаги долзарб муаммоларни сиёсий партияларнинг сайловолди дастурларида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ҳал этишда парламент назорати шаклларидан самарали фойдаланиш;
халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари билан ҳамкорликни янада кучайтириш чораларини кўриш;
ташкилий-амалий тадбирларнинг (давра суҳбати, семинар, конференциялар) натижадорлигига алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари:
қонунларнинг ижро этилиш ҳолатини жойларга чиққан ҳолда назорат-таҳлил тартибида ўрганиш ҳамда ўрганиш якунларини ҳудудларнинг ўзида кенг жамоатчилик вакиллари, сайловчилар ҳамда масъуллар иштирокида муҳокама қилиш амалиётидан самарали фойдаланиш;
парламент назорати тадбирлари якунлари бўйича қабул қилинган қарорларнинг ижросини мониторинг қилиш борасидаги ишларни тизимли ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва қарорларида назарда тутилган қонун лойиҳаларининг ўз муддатида ишлаб чиқилиши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилиши устидан доимий назорат ўрнатиш;
қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишнинг барча босқичларига, шунингдек назорат-таҳлил тадбирларига экспертлар гуруҳларини фаол жалб этиш ва уларнинг имкониятларидан кенг фойдаланиш;
ўз фаолияти йўналишига оид қонун ҳужжатларини доимий равишда хатловдан ўтказиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини мунтазам равишда таҳлил қилиш ва шу асосда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда уларни такомиллаштириш борасидаги ишларни янада кучайтириш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан билдирилган таклифларни қўмита мажлисларида муҳокама қилиш амалиётини тизимли равишда ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижро этилиши устидан доимий назоратни амалга ошириш ҳамда мазкур масала юзасидан соҳа мутасаддиларининг ахборотини ўз йиғилишларида мунтазам эшитиб бориш чораларини кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девонининг Парламент ахборот маркази (М. Пармонова) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2023 йил тўққиз ойидаги фаолияти якунлари ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш чораларини кўрсин.
5. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 16 октябрь,
3593-IV-сон