Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан Франция Республикаси Европа ва ташқи ишлар вазирлиги ўртасида
Аҳдлашув Декларацияси
Дипломатик кадрлар тайёрлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан давлат реестрида 2023 йил 14 ноябрда 4532-FR-2023-H тартиб рақами билан рўйхатга олинди.]
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Франция Республикаси Европа ва ташқи ишлар вазирлиги, кейинги ўринларда «Имзоловчилар» деб аталувчилар,
1993 йил 27 октябрда Париж шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Франция Республикаси Ҳукумати ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Шартномага амал қилиб;
Икки томонлама сиёсий муносабатларни ривожлантиришга бўлган умумий истакларидан келиб чиққан ҳолда;
Ҳамкорликда дипломатик кадрларни тайёрлаш ва касбий алмашинувлар сиёсий алмашинувларнинг сифати ва икки томонлама ҳамкорликнинг самарадорлиги учун мезон эканлигига ишонч ҳосил қилган ҳолда;
Қуйидаги истакларини билдирадилар:
1. давлат хизмати ва дипломатик корпус ислоҳотлари, марказий маъмуриятни ва дипломатик тармоқни ташкил этиш, дипломатия касбларида қўлланиладиган илғор тажриба ва технологик инновациялар, дипломатик кадрлар тайёрлашни ташкил этиш юзасидан маълумот алмашинувларини ривожлантириш;
2. Имзоловчиларнинг дипломатлари ва маърузачиларини икки томонлама ёки минтақавий форматда тематик ёки лингвистик семинарларда қабул қилиш ва иштирок этишни рағбатлантириш;
3. мазкур йўналишда зарур ҳолларда малака ошириш ёки ташқи илмий тадқиқот муассасалар билан ўрнатилган ҳамкорлик алоқаларидан фойдаланган ҳолда фаолиятни амалга ошириш.
Самарқанд шаҳрида 2023 йил 2 ноябрь куни, икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек ва француз тилларида имзоланди.
(имзолар)